Мамалакатимизда футбол инфратузилмасини янада такомиллаштириш, болалар футболига эътиборни кучайтириш, барча қулайликларга эга стадионлар қуриш, мавжудларини жаҳон талабларига жавоб берадиган даражада мукаммал таъмирлаш, шунингдек, футболни янада оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг “Футболни ривожлантириш департаменти” директори Джалимов Онгарбай ҳамда департамент бош мутахассиси Отабек Кенжаевлар Нидерландия футбол федерациясининг тажрибаси, Соғлиқни сақлаш ва спорт вазирлиги фаолияти, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган футболга оид норматив-меъёрий ҳужжатларни ўрганиш мақсадида Нидерландия Қироллигида хизмат сафарида бўлиб туришибди.
Мазкур ташриф 2019 йил 21 апрель санасига қадар давом этиб, ташриф кун тартибида жуда кўплаб масалаларга ойдинлик киритилиши режалаштирилган. Хусусан, Нидерландия Соғлиқни сақлаш ва спорт вазирлигининг бош маслаҳатчиси
Яланда Баренд, “Хиллегом” футбол клуби бошқарувчиси Ян Ван Ден Хоф, маҳаллий ҳокимият вакиллари, WVHEDW хусусий футбол мактаби директори Ромео Ленса, Нидерландия футбол федерациясининг вакили Йохан Ван Гейжн, “Greenfields” компаниясининг (футбол майдонлари қурувчи ташкилот) бошқарувчиси Марк ГанзеБум, “Aякс” футбол клуби академиясининг бош мураббийлари ва соҳа мутахассилари билан учрашув белгиланган.
Режага асосан даставвал, Нидерландия Соғлиқни сақлаш ва спорт вазирлигининг бош маслаҳатчиси Яланда Баренд, маҳаллий ҳокимият вакили Геррит Клейхиг ҳамда WVHEDW хусусий футбол мактаби директори Ромео Ленса билан музокаралар ўтказилиб, мамлакат футболига қаратилаётган эътиборда вазирлик ва ҳокимиятнинг тутган ўрни, шунингдек, мамлакат томонидан футболга доир ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар, йиллик ажратилаётган маблағлар, даромад ва харажатлар, соҳага оид ҳужжатлар тўғрисида музокаралар ўтказилди.
Бундан ташқари, ташкилотчилар WVHEDW хусусий футбол мактаби фаолияти, инфраструктураси, футболчиларни босқичма босқич тайёрлаш дастури, мураббийлар малакаси юзасидан маълумот бериб ўтишди. Семинар якунида хусусий футбол мактаби фаолиятига маҳаллий ҳокимият, Соғлиқни сақлаш ва спорт вазирлиги ҳамда футбол федерацияси томонидан қаратилаётган эътибор тўғрисида ҳам ойдинлик киритилди. Маълумот тариқасида WVHEDW хусусий футбол мактабида 1700 нафар ёш футболчилар машғулот олиб боришларини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Изланишлар жараёни бир мунча қизиқарлик ва ҳайратга солувчи маълумотлар бой тарзда ўтмоқда. Семинарнинг биринчи кунида ташриф буюрган мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан эсдалик совғалари топширилди.
18 апрель санасида вакилларимиз Нидерландия футбол федерациясига ташриф буюришлари режалаштирилган бўлиб, унда федерацияси мутахассислари ва “Greenfields” компанияси вакиллари билан учрашув белгиланган.