Кириш Регистрация

Альберто Заккерони: «3-4-3 схемасини кўпчилик нотўғри тушунади»

Баҳо:
+ | -

Бу мутахассис 3-4-3 тактик схемасини ишлаб чиқиш орқали довруқ қозонган. Айнан шундай - уч ҳимоячи тактикасида ўйнаган «Милан» Заккерони бошқарувида 1999 йили Скудеттони қўлга киритганди. Италиялик мураббий ушбу тактиканинг эътиборга молик жиҳатларига SO FOOT.com сайтига берган интервьюсида атрофлича тўхталди. «СЭ» эса мазкур суҳбатнинг энг диққатга сазовор қисмини мухлислар ҳукмига ҳавола этди.

 

- 3-4-3 тизими бирданига сизнинг ташриф қоғозингизга айланмаганди...

- Мураббийликни бошлаган кезларим кўпчилик сингари эски услубларга таяндим, яъни менга нимани ўргатган бўлишса, шогирдларимга ҳам ўшани ўргатишга интилдим. Аммо қайсидир маънода менинг омадим келди - дастлаб турли ёшдаги болаларни шуғуллантирдим, ҳеч ким натижа талаб қилмади, турфа ғояларни қўллаш имконига эга бўлдим. Биринчидан, менинг жамоамдаги ҳимоячилар алоҳида футболчиларни қўриқлашга мослаштирилган, ярим ҳимоя ҳудудий методни қўлларди. Босқичма-босқич ўзимга ишончим ортди, ҳисобда олдинда бораётган пайтимизда ҳам тажрибаларни ишга солдим. Ваҳоланки, аксарият мураббийлар бундай паллада ўзгаришларга қўл уришмайди, ижобий ҳолатдан ижобийлик қидиришмайди.

- Маълумотларга кўра, 3-4-3 схемасини илк бор 1997 йилги мавсум охирида, сизнинг бошқарувингиздаги «Удинезе» Туринда «Ювентус»га қарши баҳс юритганда қўллаган экансиз...

- Аслида ҳаммаси мазкур ўйиндан бир ярим йил муқаддам бошланганди. Менга аввалига соф уч ҳужумчи билан ўйнаш тактикаси ёққанди. Земаннинг «Фоджа»си ҳамда Кройфнинг «Барселона»си худди шундай ўйнарди - айнан улардан намуна олгандим. Менинг режамга кўра, ушбу учовлонни тўрт ярим ҳимоячи тўп билан таъминлаб туриши керак эди, ўндан еттини айирамиз - мудофаа чизиғида фақат уч киши қолади. Тўғри, футболчилар турли янгиликларни хушламайдилар. Лекин айрим учрашувларда, ютқазаётган пайтимизда мос равишда захира ўзгаришлари эвазига схемани 3-4-3га ўзгартирардим ва биз нисбатан қувноқроқ ўйин кўрсатардик. Бироқ футболчилар мазкур ҳолатда схеманинг таъсир кўрсатмагани, шунчаки, рақиб ҳисобда олдинда боргани учун бироз бўшашганини таъкидлашарди.

- Аммо «Ювентус» - «Удинезе» баҳсидаги сценарий мутлақо бошқача бўлганди...

- Учинчи дақиқадаёқ бир ҳимоячимиз майдондан четлатилди - шунга қарамай, биз янги схемани синовдан ўтказиш имконига эга бўлдик. Ўша кезлари «Ювентус» барча рақибларини мағлубиятга учратаётганди, шогирдларим ўйинни ўзгача кайфиятда бошлашди, буни сездим. Локателлини майдонга туширдим, Гаргони орқароққа сурдим, шунда схема 3-4-2га ўзгарди. Агар ўйлаганларим иш бермаганида, дарвозамиздан ўнтага яқин тўп олиб чиқардик, лекин ҳаммаси аксинча кўриниш олди - биз 3:0 ҳисобида ғалаба қозондик, ҳужумчиларимиз Бирхофф ва Аморозо гол уришди. Мазкур ғалабадан сўнг чемпионатда интрига пайдо бўлди, чунки «Парма» («Ювентус»нинг ўша мавсумдаги ягона рақобатчиси) ўша турда зафар қучганди. Аммо икки ҳафадан кейин Пармага сафар уюштириб, мезбонларни 2:0 ҳисобида енгдик - бу сафар ҳам 3-4-3 тактикасини танлагандик. Натижада чемпионатдаги интрига яна йўқолди. Бизнинг йигитлар эса, ниҳоят, янги тактикага ишонишди. Аммо такрорлайман, бундай схемани биз аввал ҳам қўллагандик, шунчаки, чап қанотдаги учинчи ҳужумчи вазифасини асли позицияси ярим ҳимоячи бўлган Стропп бажаргани сабабли ҳам журналистлар буни пайқамай қолишган.

- Ўз вақтида, жамоангиз танлаган тактикани қуйидагича изоҳлагандингиз: ҳаммаси оддий - ҳар бир чизиқда уч нафардан футболчи бор, яна бир киши ярим ҳимоя ва ҳужум ўртасида ҳаракатланади...

- Принцип мана бундай: ҳимояда ҳамиша рақибга нисбатан ортиқча бир футболчи бўлиши шарт. Бунинг учун, айтайлик, мудофаа чизиғига қанот ярим ҳимоячиларидан бири қайтади. Ёки рақиб бир ҳужумчи билан ўйнаётган бўлса, уни зарарсизлантириш учун бизга икки ҳимоячи кифоя қилади - бундай пайтда ярим ҳимоячи ўз позициясида қолади.

- Сизнинг ҳимоячиларингиз олдинга боришмаганми?

- Худди шундай, улар ўз ҳудудларини ёпишган, қанотларда эса етарли кўникмага эга вингерлар ўйнашган. Аксарият мураббийлар бизнинг схемадан кўчирма олишга уринишган, аммо уддалай олишмаган - чунки уч нафар марказий ҳимоячи хизматидан фойдаланишган. Марказий ҳимоячиларнинг ўзига хос хусусиятлари бор, улар қанотларда ўзларини ноқулай сезишади. Шу боис уларга қанотдаги ярим ҳимоячилар ёрдам бериши лозим. Бундай пайтда 3-4-3 схемаси 5-2-3 ёки 5-4-1га алмашади - яққол номутаносиблик.

- Марказга икки таянч ярим ҳимоячисининг қўйилиши ҳимояланиш режасининг алоҳида қисмими?

- Ундай эмас! Ахир «Удинезе»да ярим ҳимоя марказида Жанникедда ва Йохан Ваалем, «Милан»да эса Альбертини ва Амброзини тўп суришган - улар олдинга дадил интилишган. Биздан кўчирма олганларда эса, такрорлайман, икки ярим ҳимоячи мудофаа вакилига айланишган.

- Ҳужумчиларингиз ҳам ҳимояга ёрдам беришармиди?

- Бунинг нима кераги бор? Вазиятга қараб ўрта чизиққа қайтишлари мумкин. Ўша Аморозо ва Бирхофф ҳар доим олдинда ўйнашган. Худди Леонардо ва Веа сингари - булар ёши ўтиб қолган футболчилар эди, уларга ҳам ҳужум, ҳам ҳимояда ўйнаш учун куч етишмаган.

- Ҳужумдаги учликда асосий ролни қанотдагилар бажаришганми?

- Улар ҳужум кенглигини сақлашган, вақти-вақти билан марказга ўтишган. Қанотдагиларнинг қайсидир бири вазиятга қараб, «ўнлик» позициясига кўчиб ўтган. Рақиб олдида ҳамиша жумбоқ пайдо бўлган - ким олдинга ўтади-ю, ким Бирхоффнинг ортидаги инсайд бўлади?

- Бирхофф фаолияти давомида асосан сиз бошқарган жамоаларда кўп гол урган (1995-2001 йиллар мобайнида «Удинезе» ва «Милан» сафида жами 177та ўйин ўтказиб, 95та тўп киритган).

- Чунки уни қанотлардан қўллаб-қувватлашган. Одатда, ёндан амалга ошириладиган узатмалар Леонардо ва Веа сингари қанот ҳужумчилари эмас, балки хавбеклар ҳисобига ёзилган. Шу тариқа, қанотларда рақибга қараганда ҳамиша бир нафар кўпроқ футболчига эга бўлганмиз.

- 1998 йили «Удинезе»дан «Милан»га сиз билан бирга Хельвег ва Бирхофф ҳам ўтишган. «Россонери»да улар ёрдамида 3-4-3 схемасини қўллаш нисбатан осонроқ бўлганми?

- Худди шундай, ахир уларнинг барча майда деталлардан хабарлари бўлган. Қолаверса, жамоага ишонч бағишлаш, уни қайта шакллантириш керак эди. «Милан»да ўша кезлари ажойиб учлик тўп сурарди - Альбертини, Мальдини ҳамда Костакурта. Тўғри, Сакки ва Капелло бошқарувидаги икки йил «Милан» учун муваффақиятсиз якунланган - жамоа ички чемпионатда дастлаб 10, кейин 11-ўринларни эгаллаган, ваҳоланки, бунга қадар одатий тарзда тўрт ҳимоячи билан ўйнаб, барча рақибларни тор-мор этишганди. Мазкур ҳолатда шу уч етакчидан «Удинезе»нинг собиқ мураббийи сўзларига қулоқ тутиш талаб этиларди. Аммо улар билан ушбу масалада суҳбатлашганимизда, ортиқча иккиланишсиз гапимга кўндилар: «Сиз шундай деб ўйласангиз, унда олға!». Натижада бу учовлон жамоадаги янги ғоя тарғиботчиси бўлишган. Олдимизда мавсумолди тайёргарлик учун олти ҳафта қолганди. Ростини айтсам, чемпионатда ғолиб чиқишни ўйламагандик, бироқ рақобатчилар кутилмаганда «қоқилишди» - иштаҳа эса тамадди пайти келади...

- Мавсум сўнгида схеманинг кўриниши бироз ўзгарди - 3-4-1-2 бўлди: Бобан асосий таркибда ўйнаганида, икки ҳужумчи ортида жойлашарди.

- Худди шундай, муҳими - биз уч ҳимоячи билан ўйнадик. «Лацио»га қарши кечган аҳамиятли баҳсни (27-тур, 0:0, «Лацио» етакчи эди) одатдагидек уч ҳужумчи билан бошладик, лекин Леонардонинг жароҳати бор эди (уни танаффусда алмаштиришган, чемпионат охиригача захирадан ўйинга қўшилган), Бобан эса кучга тўла эди, узоқ вақт захирада ўтирганди, ҳар доим чап қанот ярим ҳимоясида ўйнаганди. Шу боис дастлаб ён томонда ўйнаб, аста-секин марказга кўчарди. «Лацио»нинг «Юве»га ютқазиши чемпионатда бурилиш нуқтаси бўлди. Бизда имконият туғилди. Мазкур натижадан эртаси куни ўйин ўтказиш учун Удинега борганда («Милан» мезбонларни 5:1 ҳисобида енгганди) хабар топдик. Футболчиларимизга қараб, улар барчани мағлубиятга учратишга тайёр эканлигини сезганман. Аввалроқ кимлардир «Лацио»га етиб олишимизга шубҳа қилган бўлса, энди бутун жамоа фақат чемпионлик ҳақида ўйлай бошлади. Бунинг учун кейинги бир ой бўшашмаслик талаб этиларди, биз шундай ҳам қилдик («Милан» сўнгги етти ўйинда ғалаба қозониб, «Лацио»дан бир очко ўзиб кетган ҳолда Италия чемпионлигини қўлга киритган).

- Лекин барибир, ўша мавсум қайсидир мураббий сизнинг тактикангизни ўзлаштира олдими?

- Ҳамма гап шунда - ўзлаштира олишмади! Барчалари бизни беш ҳимоячи билан ўйнаяпти, деб ўйлашган. Танлаган схемамиз шу қадар жўшқин эдики, ундан кўчирма олиш осон эмасди.

- Лекин ундан кейинчалик фойдаланмай қўйдингиз...

- Гап шундаки, «Милан»дан кейин ҳеч қайси жамоани бутун мавсум давомида тўлиқ бошқармадим. Тўғри, Япония термасида ишладим (2010-2014), аммо бу мутлақо бошқача вазият - футболчилар билан икки ойда бир марта кўришардик. Шунга қарамай, жамоамиз 3-4-3 схемасини танлаган пайтлар ҳам бўлган.

- Бугунги кунда Италияда Гасперини («Аталанта») сизнинг схемангиздан фойдаланмоқда.

- Дастлаб шунга ўхшади, аммо кейинчалик бироз ўзгаришлар киритди, зеро вариантлар жуда кўп. Бу мураббийнинг ишига бефарқ эмасман. Ахир 3-4-3 тактикасини танлаш таваккалчиликка тенг. Кўпчилик буни ҳимоявий услуб деб ҳисоблашгани учун ундан тўғри фойдалана олишмаган.

- Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си ҳам 3-4-3 схемасидан фойдаланади...

- Ўзига хос услубда, албатта. Мен максимал даражада вертикал футбол тарафдори эдим, Пепнинг жамоалари эса тўп назоратига эътибор қаратади. Конте ҳам «Челси»да уч ҳимоячи тактикасини қўллашга уринди - қайсидир маънода уринишлар самара берди. Бинобарин, унинг жамоасидаги қанот ҳужумчилари у қадар кенг ўйнашмаганини инобатга олсак, схема 3-4-2-1 ҳолатида бўлган. 3-4-3 тактикасининг барча нюансларини футболчиларга етказиш маълум вақтни талаб этади. Имкони бўлса, ёзда қайсидир жамоа бошқарувини қўлга оламан ва айнан шу схемани қўллашга уриниб кўраман.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 01:05, 24.04.2019.
Ўқилди: 1893 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.