Республика олимпия захиралари мактаб-интернатида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.
Мазкур мусобақа давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусини рўёбга чиқариш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом, бақувват ва баркамол қилиб тарбиялаш, спортчи ёшларни миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда белбоғли кураш спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ва депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вакиллари, ушбу беллашувнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда спортни ривожлантириш, ёшларни жисмонан ва маънан соғлом қилиб тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро мусобақалар, олимпиадаларда спортчиларимиз ютуқларга эришиб, Ватанимиз шарафини улуғлаб келмоқда.
— Кейинги икки йил давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасига доир қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорларда аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланди, — дейди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида мамлакатимизда спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият бериш, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш кераклиги алоҳида таъкидланган.
Партиямиз бир неча йилдан буён Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Адолат” кубоги мусобақаларининг ўтказилиши эса ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқди, деб ўйлаймиз.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мазкур спорт тури билан кўплаб ёшларимиз мунтазам шуғулланмоқда. Азал-азалдан турли сайилларда, тўй ва бошқа тадбирларда бир-биридан қизиқарли беллашувлар ўтказилган. Бу беллашувларда кураги ерга тегмаган полвонларимиз юртимиз довруғини дунёга танитганлар. Узоқ тарихга эга бўлган белбоғли кураш ўзбек полвонларининг маҳорати, матонатини намоён этиб келади.
Белбоғли кураш спорт турини кенг тарғиб қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларда мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтиришда партия депутатлари Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда жойларда сайловчилар ҳамда ёшлар билан ўтказаётган учрашувлар, мусобақалар амалий аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз келажагини соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида жорий йилнинг март-апрель ойларида белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақасининг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичлари очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди.
136 та туман, шаҳарларда ўтказилган саралаш ҳамда ҳудудий босқичлардаги беллашувларда 7 500 нафардан ортиқ ёш полвонлар иштирок этишди.
Мусобақанинг республика босқичида ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри қатнашчилари — 2000, 2001 ҳамда 2002 йилда туғилган ўғил болалар 6 вазн тоифасида (55, 60, 65, 71, 77, 83 кг. вазн тоифасида) 80 дан ошиқ энг сара полвонлар ўзаро куч синашди.
Халқимиз ўртасида ҳалоллик, мардлик, жасорат намунаси ҳисобланиб, ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлган мазкур спорт тури бўйича беллашувлар бошланишидан аввал Президентимизнинг 5 ташаббусига ҳамоҳанг равишда санъат усталарининг бадиий чиқишлари мусобақа иштирокчилари ва томошабинларни хушнуд этди. Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида бадиий ҳамда ҳуқуқий адабиётлар ярмаркаси ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда бошланган мусобақа қизиқарли ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Бир-биридан маҳоратли полвонлар баҳсида кучлилар орасидан энг кучлилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Якуний натижаларга кўра, энг кўп совринли ўринларни эгаллаган Андижон вилояти жамоаси умумжамоа ҳисобида “Адолат” кубоги республика мусобақаси ғолиби бўлди. Мусобақада Тошкент шаҳридан Ҳасан Азимов (55 кг.), Андижон вилоятидан Ойбек Султонов (60 кг.), Нусратбек Султонбоев (65 кг.) ва Рўзиохун Рўзиохунов (71 кг.), Фарғона вилоятидан Раҳматилла Анваржонов (77 кг.), Тошкент шаҳридан Нодир Аҳаджонов (83 кг.) 1-ўринга сазовор бўлишди. Мазкур вазн тоифаларида Камронбек Ортиқов (Андижон), Жаҳонгир Ҳаитов (Наманган), Холмирза Ҳасанбоев, Шаҳзод Мирзаёров (Тошкент шаҳри), Мангуберди Имянов, Сардор Тўлаев (Тошкент вилояти) иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, ҳар бир вазн тоифасида икки нафардан иштирокчи 3-ўринга лойиқ топилиб, ғолиблар сафидан жой олишди.
— Узоқ йиллик тарихга эга белбоғли кураш спорт тури бугун нафақат мамлакатимизда, балки жаҳонда ҳам ўз мухлисларига эга бўлиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. — Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси Бирлашган кураш оламининг (UWW) ҳақиқий аъзоси ҳисобланади. Мазкур ташкилотнинг дастур-режасига мувофиқ жаҳон чемпионатлари ва кубок мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкиллаштирилаётган мазкур мусобақа юқори савияда ўтказилгани билан аҳамиятлидир. Чунки ушбу беллашув жорий йилнинг 18-21 июнь куни Олмалиқ шаҳри мезбонлик қиладиган, ёшлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан терма жамоа аъзоларига номзодларни яна бир бор саралаб олиш имкониятини берди.
Ғолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлган Андижон вилояти жамоасига “Адолат” кубоги топширилди.