Хабарингиз бор, Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага Туркия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади.
Бугун мазкур баҳс олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида бош жамоамиз устозига Темурхўжа Абдухолиқов ҳамрохлик қилди.
- Терма жамоа сафига янги жалб этилган футболчилар менда яхши таассурот қолдирмоқда. Улар машғулотларда яхши ҳаракат қилишмоқда. Терма жамоа ва клубдаги шарт-шароит, ҳолат ва талаблар ўзгача бўлади. Ишонаманки, янги футболчиларимиз миллий терма жамоага тез киришиб кетишади ва уларнинг барчаси бизга фойда келтиришади.
Тез орада Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари старт олади. Бу орада янги футболчиларни чақириш, уларга имконият беришга ҳаракат қиляпмиз. Айни дамда бошқа чизиқлар билан бир қаторда ҳимояда ҳам янгилар бор – Акромжон Комилов ҳамда Ҳожиакбар Алижонов.
Биз мунтазам миллий чемпионат учрашувларини кузатиб борамиз ва ўйинчилар ҳаракатларини, бошқа номзод футболчилар ўйинларини ҳам кўриб, кузатиб, таққослаб борамиз. Биз учун энг муҳими – соф рақобат. Миллий терма жамоада ўйнашга ким лойиқ бўлса, ўша футболчи майдонга чиқади. Ким талабларга жавоб берса, яхши формада бўлса, ўша майдонга тушади. Агар спорт формаси жойида бўлмаса, унинг ўрнига бошқа бир ўйинчи чақирилади.
Эртанги баҳсдаги рақиб – Туркия терма жамоаси ҳақида илиқ фиркларни билдира оламан. Уларнинг охирги ўйинларини кузатдим ва бу терма жамоа менда жуда яхши таассурот қолдирди.
Ўртоқлик учрашувида энг муҳими ғалаба қозониш эмас. Барча чизиқларни кўриб олиш – асосий мақсад. Лекин барибир ишқибозлар ўз севимли жамоасидан чиройли ўйин ва голлар кутади.
Эртанги рақиб жиддий. Ғалаба қозониш осон бўлмаслиги табиий. Лекин биз майдонга ғалаба учун чиқиб, бор маҳоратимизни ишга солишга уринамиз. Агар тартибли ўйин намойиш этсак ва бутун диққат-эътиборни бир мақсадга жамлаган ҳолда тўп сурсак – ғалаба қозонишимиз мумкин, албатта.
Ҳужум чизиғида рақобат ҳозир олдингиндан ортди, ҳозир бизда олдингидан яхши ҳужумчилар бор, илгари таркибимизда у қадар яхши савиядаги ҳужумчилар йўқ эди, деб ўйламайман. Шунчаки, баъзи ўйинчилар олдин яхши спорт формасида эди, ҳозир бошқалари шундай вазиятда. Биз учун муҳими – номзод футболчилар ҳамиша яхши формада бўлишсин ва майдонда ўз маҳоратини намойиш этишсин, - деди мутахассис.
Темурхўжа Абдухолиқов:
- Эртага бизни Туркия терма жамоасига қарши жуда қизиқарли учрашув кутиб турибди. Шахсан, мен учун бундай терма жамоага қарши ўйнаш жуда ҳам қизиқ.
Терма жамоамизда соғлом рақобат мавжуд. Айниқса, ҳужум чизиғида ҳам мана охирги пайтларда номзод футболчилар сони ортиб, рақобат пайдо бўлди. Бу футболчилар учун ҳам, терма жамоамиз учун ҳам фойдали, деб ўйлайман.
Эртага қизиқ ўйин бўлади. Биз ҳам учрашувга яхши ҳозирлик кўрдик. Эртага бутун Ўзбекистон халқини хушнуд этишга ҳаракат қиламиз, - деди футболчи.