Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе - Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик - Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Чўкиб бораётган ўзбек футболи!

Баҳо:
+3 | -

Энг ачинарлиси шундаки, биз жуда секин чўкиб боряпмиз.

Шунчалар секин-ки, буни хатто ўзимиз ҳам сезмаяпмиз.
                                                                                      

O. Генри
 

Мақоланинг сарлавҳаси бироз ғалати туюлсада, рамзий маънода олиб қаралганда  айни ҳақиқат! Сабаби, футболимизнинг эртасини қўлга ола биладиган  бирорта кўзи ёниб турган ёш футболчимиз йўқ! Келинг, гапни чўзмасдан мақсадга кўчайлик: бугун болалар футболи тўғрисида очиқчасига суҳбат қурамиз…

Шу кунларда бўлган воқеа!

Футбол қизиқ нарсада! Унга бўлган меҳр ҳаммага ҳам юқавермайди. Аммо мен бир йигитчани биламан! Футбол деса «ўзини томдан ташлайдиган» лардан. Жияним. Тўғриси, ўзим ҳам бир неча йил Тошкент клубларида тўп сурган бўлсамда, футболчи бўла олмадим.  Балки шу сабабли, балки яқин қариндошим бўлгани учунми, жиянимни  жуда яхши кўраман. Мақтанишга йўймангу, унинг майдондаги чаққон ҳаракатлари ва совуққонлиги мени ҳайратда қолдиради. Очиғи унинг тўп билан муомалада бўлишини кўрсам, завқланиб кетаман… Жияним Аюб қарийб 5 йилдан бери пойтахтимизнинг нуфузли клубларидан бирининг академиясида тўп сурар эди. Бир кам дунё деганларидек, бечоранинг на акаси, на дадаси футболга сира қизиқмайди. Унинг  суҳбатдоши кўпинча мен бўламан. Терма жамоанинг ўйинларига ўзим билан олиб бораман. Унинг стадионга кўзлари ёнганча тикилишини кўрганингизда эди…
Шу йилнинг бошида Аюб аллақайси клуб билан ўйнаймиз, илтимос, томоша қилгани келинг, уйдагиларни вақти йўқ экан деб қолди. Раъйини қайтаргим келмади. Иккаламиз автобусда йўлга тушдик. Аюбнинг «боши осмонда», нуқул кулиб гапиради…
 …Ёш болаларга мўлжалланган сунъий чимли майдонга кириб келдик. Ҳеч ким йўқ. Савол назари билан қарасам, «атайин эрта келдик, мен обдон қизишиб олмоқчиман»,-  дея катталардек салмоқланиб гапирган эди, кулиб юбордим.
 Секин-аста қолган болалар ҳам кела бошлади. Деярли барча болаларни ота-оналари ўз машиналарида олиб келди(аксариятиники хорижий русумдаги машиналар). Улар билан келганлар болаларни олиб келган бўлишди-ю, дарров телефонларини қўлларига олиб ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетишди. Мен қизиқувчанлик билан уларни кузатиб ўтирибман. Энг қизиғи ўзи ўзбек бўлсада, нуқул болаларига русча гапиришади. Бир боланинг эркалиги ҳаммасидан ўтиб тушди. У онасидан телефонини беришини талаб қилди. Учрашув бошланишига 20 дақиқа қолган бир пайтда бояги болакай онасининг телфонида катта иштиёқ билан ўйин ўйнаш билан машғул эди. Жияним эса чигал ёзди машқлари билан банд. Телефон ўйнаётган болага кўзи тушган болаларнинг баъзилари уни ёнига келиб ўтириб ҳам олишди. Қизиқишим ортиб уларни кузата бошладим. Наҳотки, шу болалар эртага футболимиз  келажаги бўлса?! «Йўғ-э»,- деганча соатимга қарадим. Бу орада рақиб жамоа футболчилари катта қорин қўйган бир амаки билан кириб келди. Улардан сўнг Аюбнинг устози ҳам пайдо бўлди. 30 ёшлардаги қотмадан келган йигитнинг кўзлари жуда қаттиқ эди… ёки менга шундай туюлдимикан?!
Учрашув бошланди. Аюб заҳирада қолдирилди. Тўғриси, бу болаларнинг тўп тепиши футболга сира ўхшамас, нуқул тўп атрофида бир нечта бола ўралашиб қоларди. Бошида у қадар эътибор қаратмадим. Бироз аввал онасининг катта телефонини ўртоқларининг олдида фахр билан ўйнаб ўтирган бола нуқул тўпни олдирарди. Ўзиям дўмбоққина бола экан, ҳеч кимга ета олмай ҳансираб ҳам қолди. Жияним эса, тик оёқда, кўзлари майдонда, эскириб, униқиб кетган бутсасини нуқул чимга ишқалаб, майдонга отилиб тушиб кетай деб турибди. Шу тобда у футбол оламига шўнғиб кетган, ҳеч нарсани ўйламас, ҳозир унинг учун бутун бир дунё «борса келмасларга» кетгандек эди, гўё…

…Ўйин биринчи бўлимнинг ўрталарига келиб, жамоалар бир нечта ўйинчини ўзгартиришга ҳам улгурди. Кутаман, кутаман, негадир Аюб майдонга тушмаяпти. Тайм якунланди ва иккинчи бўлимга бутунлай бошқа таркиб туширилди, бироқ яна жияним таркибдан четда қолиб кетди. Учрашувда 0 : 2 ҳисобида ортда боряпмиз. Аввалига бирор нима дейишга ҳижолат бўлиб турган эдим, чидаб тура олмадим. Мураббийнинг олдига  бориб нега жияним майдонга тушмаётгани билан қизиқдим. У совуққина «ҳозир тушади»,- дея гапни қисқа қилди. Бу пайтга келиб ўйиннинг 4 дан 3 қисми ўтиб бўлган эди… Аюб майдонга тушишини эшитиб сакраб юбораёзди. Уни кўриб ғалати бўлиб кетдим. У дўмбоққина боланинг ўрнига майдонга тушди. Тушди-ю, ўйин тубдан ўзгариб кетди. У нуқул жамоадошларига қўли билан ишора қилиб узоқроқ ўйнашни буюрар, тўпни эгаллаб олиши билан  ҳимоядан ҳужумга ўқдек учиб кетарди. Унинг ҳаракатлари бежиз кетмади. Майдон марказида тўпни олиб қўйди, бир ўзи 3 та болани шундай осонлик билан алдаб ўтиб кучли зарба билан тўпни дарвозага михлаб қўйдида, тўпни тўрдан олиб майдон марказига югуриб кетди. Тўғриси, голни кўриб бақириб юбордим.

Яширмайман, Одил Аҳмедов Қатар дарвозасини узоқ масофадан туриб  кучли зарба билан ишғол қилганида ҳам бунчалар хурсанд бўлмаган эдим! Жияним туфайли ғурур ҳисини туйиб атрофимдаги ота-оналарга қараган эдим, ишонасизми, бирортасининг футбол билан иши йўқ. Кимдир телефонда гаплашиб ўтирибди, қолганлари эса аллақачон машинасига чиқиб кетган эди. Аюб  ўйин сўнгигача яна гол урушга уриндию, бошқа гол ура олмади. Вақт камлик қилди шекилли..!


Учрашув тугаши билан мураббийнинг олдига отилдим. У бўлса, ҳар бир болани кўриб олиши кераклигини ва яна алла нималарни айтиб ўзини оқлади. Тўғриси, у билан ортиқча гаплашгим келмади, балки у ҳақдир деб ўйладим. Аюбни қидирдим. Қолган болалар кийинишга тушиб кетган бўлса, у майдонда бир ўзи тўп тепиб юрарди. «Ўйинга бўлган чанқоғИ қонмаган шекилли»,- деб уни кутиб турдим. Ўйиндан сўнг бирга уйга қайтдик. У урган голи ҳақида тўлқинланиб гапирар, осмонларда учиб кетаётгандек эди…
Мен «Устозинг кейинги сафар сени  асосий таркибда туширар экан»,- десам, у кулиб қўл силтадида,  «доим шундай дейдилар, бироқ туширмайдилар. Бугун сиз бўлганингиз учун тушурди-ёв, ўтган сафар бир дақиқа ҳам ўйнамаган эдим»,-  деди. Мен қизиқиб нега десам, у синиқ оҳангда «Биз ҳар учрашув олдидан устозимизга 50 минг сўмдан йиғиб берамиз. Ким бермаса, деярли майдонга тушмайди. Бу пулларни бизнинг харажатларимиз учун ишлатишларини айтадилар.  Ака, ҳеч ким кимга айтманг, мен дадам маршрутка учун йўлкирага берадиган пулларни автобусда юриб йиғиб боряпман. Яна 20 минг йиғсам (пойтахтнинг яна бир клуб номини айтди) фалончи клуб билан учрашувда майдонга тушаман», деди. Тўғриси, қотиб қолдим. Жаҳл устида ортга қайтмоқчи эдим, Аюбни ўйлаб ўзимни босдим. Кайфиятим бирданига тушиб кетди. Йўқ-йўқ, жияним асосий таркибга пул сабабли туша олмагани учун эмас, ўзбек футболининг пойдевори шу қадар нимжонлиги учун! Жияним тезроқ 50 минг жамғариши мақсадида яна автобусда кетдик…
Ўша ишдан кўп ўтмай унинг футболни ташлаганини эшитдим. Ўша куниёқ амаким билан шу мавзуда гаплашдим. Улар «шуғулланаётгани учун тўлайдиган ойлик пули бироз кўтарилди, боз устига йўл ҳақи ҳам ошиб кетди»,- дея елкаларини қисдилар. Ишонасизми, ичимда нимадир узулиб кетгандек бўлди…

Оғриқли муаммо

Хўш, менинг амаким қўли калталиги ва ортиқча харажат сабабли футбол деса ўзини «томдан ташлайдиган» боласини  футболдан ажратиб олмоқда. Жиянимдан минг чандаон иқтидорли футболчиларнинг ҳам тақдири шундай бўлмайди деб ким айта олади? Ривожланаяпмиз дея бонг ураётган футболимиз амалдорлари орасида айнан шу саволга жавоб бера оладиган инсон борми? Ўзбекистон дунё давлатлари орасида футболни ривожлантириш учун давлат бюджетидан каттагина пул ажратадиган кам сонли давлатлардан бири бўлсада, нега ҳали – ҳамон ижтимоий муаммолар бизни деворга сиқиб бормоқда? Майли, менинг жиянимдан 2- Қосимов чиқмас, бироқ қарийб 35 миллион аҳолиси бор юртда Қосимов ёки Аҳмедов даражасидаги иқтирдорли футболчилар йўқ дейдиган мард борми? Нега улкан давлатимиз бўйлаб селекция ишлари олиб борилмаяпти? Иқтидорли футболчиларимиз кашф этилган тақдирда ҳам нега профессионал даражага чиқа олмай «синиб» кетмоқда? Болалар футболи тобора пастга қараб кетмоқда. Яқинда Тожикистонга  0 : 4 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Ёшларимиз ЖЧларда анчадан бери иштирок эта олишмаяпти. Бу фактлар бизнинг секинлик билан чўкиб бораётганимизнинг исботлаб бермоқда. Тўғриси, мен бу мақолани жияним учун ёзмадим. Биламан, вилоятларда ундан минг чандон иқтидорли болалар  кўча чангитиб ямоқ солинган эски тўпларни завқу-шавқ билан тепиб юрибди. Менга айнан шуниси шуниси алам қилмоқда. . .

Бу муаммоларни ҳал қилмасдан туриб терма жамоадан натижа талаб қилманг! Сабаби, футболимизнинг пойдевори саналадиган болалар футболидаги муаммолар ҳал қилинмагунича биз мустаҳкам жанговор жамоа туза олмаймиз.

 Қатар футболининг ривожи тагида нима ётганини кўпчилик яхши билса, ажаб эмас. Улар аввалига хорижлик мураббийларни терма жамоада қўлқопдек алмаштириб фойда кўрмагач, ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилишди ва болалар футболини мустаҳкамлаш орқали бирин кетин катта ғалабаларга эриша бошлашди. Бу кетишда тез орада Виетнам, БАА ва Хитой ҳам бизни қувиб ўтади (балки улар биздан ўтиб ҳам кетишгандир, биз эса сезмай қолгандирмиз) ва биз Осиёнинг кучли 10 та терма жамоаси сирасига ҳам кирмай қоламиз… Бошида бир нималар қиламиз: ички биринчилигимзнинг номини ва форматини ўзгартирамиз, клубларга қандайдир шартлар қўямиз, ала нималарни ўйлаб топамиз  ва охири 10-ўринга ҳам кўникамиз…

 

Футболи ривожланган давлатарнинг 99,9 фоизи болалар футболига бўлган эътибори туфайли ҳозирги мавқейига чиқиб олгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбек футболининг янги даражага олиб чиқиш учун биринчи навбатда болалар футболининг савиясини кўтариш ва янги лойиҳаларни ўйлаб топпиш сув ва ҳаводек зарур! Футболимиз  жонкуярлари бу мавзу устида бироз бош қотиришлари шарт! Зеро пойдевори мустаҳкам бўлмаган иморатнинг деворлари бугун ёки эртага албатта дарз кетди…

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: stadion.uz
Киритилди: 18:44, 03.07.2019.
Ўқилди: 9504 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.