«Барселона» президенти Жозеп Бартомеунинг шахсан ўзи «ПСЖ» ҳужумчиси Неймарнинг трансфери бўйича музокараларда иштирок этмоқда.
«Барса» директори Эрик Абидаль парижликлар спорт директори Леонардо билан бразилиялик футьболчининг трансфери борасида гаплашди. Томонлар баъзи масалаларда бир тўхтамга келишди, аммо Неймарнинг нархи каталонияликлар учун ҳамон юқори бўлиб қолмоқда.
Бартомеу бундан кейин музокараларда ўзи иштирок этишга қарор қилди. "Кўк-анорранглилар" раҳбариятининг фикрича, трансфер масаласини ҳал қилиш учун кўп вақт қолмади. Шу боис, уни тезроқ ҳал қилишни исташмоқда. «Барселона» «Реал»га нисбатан тезроқ ҳаракат қилиб қолмоқчи.
"Пари Сен-Жермен" Неймарни дастлаб фақат пул эвазига сотишни мақсад қилаётган эди. Аммо улар трансферга Усмон Дембеленинг қўшилишига рози бўлишмоқда.
Неймар ва унинг агентлари вазият билан тўла хабардор бўлиб туришибди. Каталонияликлар футболчига трансферни амалга ошириш учун қўлдан келган барча ишни қилишини айтиб ўтишди. Лекин Неймар ҳам ўзи томонидан "ПСЖ" раҳбариятига босим ўтказиши лозим. Футболчи агентларининг айтишича, «Реал» вакиллари ҳам тез-тез алоқага чиқиб турибди.
"Қироллик клуби" президенти Флорентино Перес 27 ёшли футболчининг агентлари билан гаплашиб, дастлабки келишувни имзолаш таклифини билдирди. Аммо Неймар бу ҳужжатларга имзо чекишни истамади. Шу билан бирга футболчи фақат «Барса»да ўйнамоқчи эканини таъкидламади.
Неймар ушбу ҳафтада «ПСЖ»ни тарк этмоқчи. Боиси, у Парижда бошқа яшашни истамаяпти.