Испания чемпионатининг 3-тури доирасида «Вильярреал» ўз уйида «Реал»ни қабул қилди.
Учрашув Зидан шогирдлари учун омадсиз бошланди. Рамоснинг хатосидан кейин мезбонлар қарши ҳужумга ўтиб кетишди ва Жерар Морено Куртуа қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди. Ҳакам видеоёрдамчи ҳакам билан маслаҳатлашиб, голни инобатга олди — офсайд йўқ.
Мадридликлар шундан сўнг тўпни ўз назоратларига олиб, вақти-вақти билан ҳужум ташкил қилишди, аммо уларнинг уринишлари у қадам омадли чиқмади. Фақатгина биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда "Қироллик клуби" футболчилари чиройли комбинация ташкил қилишди ва Бэйл бир метрдан бўш қолган дарвозага тўпни буриб қўйди.
"Реал" иккинчи бўлимни фаолроқ бошлаб, ғалаба тўпини киритиш пайида бўлди. Баҳснинг 60-дақиқасида Бензема яқин масофадан дарвозани ишғол қилди. 2 дақиқа давом этган VAR билан маслаҳатлашув натижасида гол бекор қилинди. Сабаб — Бензема бироз офсайдда қолган эди.
Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида "Вильярреал" кутилмаганда гол уриб қўйди. Мойсес Гомес дарвозанинг бўш қолган қисмига тўпни жойлади.
Ўйиннинг асосий вақти тугашига 4 дақиқа қолганида Гарет Бэйл индивидуал маҳорати эвазига рақиб дарвозасининг яқин бурчагини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Бэйл иккита сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди. У кейинги турда майдонга туша олмайди.
Мавсумни ғалаба билан бошлаган "Реал", кетма-кет иккита ўйинда дуранг қайд этди. Жамоа 5 очко билан жадвалда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Испания Ла лигаси, 3-тур
Вильярреал – Реал Мадрид 2:2 (1:1)
Голлар: 1:0 – 12 Жерар Морено, 1:1 – 45 Бэйл, 2:1 – 74 Мойсес Гомес, 2:2 – 86 Бэйл.
Вильярреал – Фернандес, Марио Гаспар, Альбиоль, Кинтилья, Пау Торрес, Чуквуэзе (Онтиверос, 55), Мойсес Гомес, Иборра, Касорла (Бакка, 73), Жерар Морено, Токо-Экамби (Замбо-Ангисса, 62).
Реал Мадрид – Куртуа, Карвахаль, Рамос, Менди, Варан, Васкес (Винисиус Жуниор, 74), Каземиро, Кроос (Вальверде, 82), Бэйл, Бензема, Йович (Модрич, 68).
Огоҳлантиришлар: Кинтилья (52), Менди (77), Каземиро (90), Бэйл (90+2).
Четлатиш: Бэйл (90+4).