“Металлург” футбол клуби мураббийи Мурод Исмоиловнинг шогирдлари, барча футболчиларга маслаҳатли мулоҳазалари.
Укаларимизга, фарзандларимизга, ватандош футболчиларимизга яна бир бор эслатма:
Йохан Кройфф нима деган? Футбол битта тўп билан ўйналади. Бас шундай экан, тўпни биз назорат қилишимиз керак!
Хосеп Гвардиола нима деган? Пас (тўп ошириш) бўлса, кейин назорат бўлади!
Хави нима деяпти?! Иложи бўлса мени жамоам 99% тўпга эгалик қилишини хоҳлайман, чунки тўп бизда бўлса, кейин биз футбол ўйнаймиз!
Борис Арвадьев нима деган? “Пас (тўп ошириш) – буюк ҳаракатлантирувчи куч, футболда шу кучга деярли ҳамма нарса боғлиқ”.
Мен буюк мутахассисларни фикрларидан иқтибос келтирдим. Фаолият олиб бораётган мутахассис сифатида тавсия қиламан, илтимос қиламан, укаларим, фарзандларим, юртдошларим – тўп оширишга (пасга) беэътибор бўлманглар. Машғулотларда жуда кўп гувоҳи бўламан, футболчиларимиз мана шу жиҳатга ўта беэътиборлик қилишади.
“Тайминг” деган сўз бор, нима ўзи у? Футболчига тўп узатилганда, керакли тезликда, керакли йўналишда ва керакли нуқтага боради ва қабул қилувчи билан учрашади. Энди мана шу тайминг ўйин давомида кўпроқ бўлса, руҳий томондан ҳам жуда ишонч ортади ва кучга куч қўшилиб, одам тетиклашади.
Энди Моуриньо нима деяпти? Менинг жамоам таймингга амал қилса, натижа яхши бўлади, натижа яхши бўлса, ўйинни ўзида биз кейинги ўйинга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Шундай экан, менинг жамоам бир мавсумда 80 тагача ўйин ўтказа олади.
Яна бир бор буюк устоз Борис Аркадьевни эслаймиз. У киши айтган: пас (тўп ошириш) – буюк ҳаракатлантирувчи куч, мана шу кучга футболда деярли ҳамма нарса боғлиқ!!!
Фойдали десангиз Аллоҳдан, камчилиги бўлса каминадан...