9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Турнирда 8 вазн тоифасида медаллар учун кураш кечди ва якунда Ўзбекистон бокс терма жамоаси 3та олтин, 1та кумуш ва 1та бронза медал олган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон бокс терма жамоасига умумий ҳисобда устунлик келтирган учинчи олтин медални энг оғир вазн тоифасида (+91 кг) қозоғистонлик Қамшибек Қонқабаевни мағлуб этган Баҳодир Жалолов қўлга киритди.
Ушбу боксчи турнир ташкилотчилари томонидан жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси деб топилди.
Баҳодир Жалолов турнирдаги иштирокини нимчорак финалда бошлаган ва дастлабки жангда украиналик Цонте Рогавани мағлуб этганди. У чорак финалда америкалик Ричард Торресни нокаутга учратди, ярим финалда россиялик Максим Бабанинга имконият қолдирмасдан финалга чиққанди.