Бразилиялик афсонавий ҳужумчи Роналдо томонидан мақтовга эътироф этилиш барча футболчиларга ҳам насиб этавермайди. Бугун ўз ўйинлари билан «сўйлоқ»ни ҳайратда қолдирган футболчилар ва улар ҳақида Роналдо томонидан билдирилган фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ушбу интервьюлар ҳар хил вақтда турли нашрлар учун берилган бўлиб, уларни сайтимиз ўқувчилари учун бир жойга жамладик.
Муҳаммад Салоҳ
Менга унинг ўйинларини томоша қилиш завқ бағишлайди. У тезкор ва жуда фойдали футболчи бўлибгина қолмай, ажойиб инсон ҳамдир. Ўйлашимча у ўз ўйин услуби билан Мессига жуда ўхшаб кетади. Яқинда унинг интервьюсида мен ҳақимда айтилган илқ сўзларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим.
Эден Азар
«Реал Мадрид» жамоасининг ўйинларини кузатиб бораман ва айнан шу жамоага мухлислик қиламан. Очиғи, Эден Азарнинг трансферидан ушбу клуб мухлислари қувонишгани рост. Дарҳақиқат, ҳозирда «Реал» учун янги етакчи сув ва ҳаводек зарур эди ва клуб энг тўғри йўлни танлади. Тўғри, унинг ўйинлари бирданига жамоага наф келтирмасиги мумкин, бироқ Азар топ футболчи ва у ҳали барчага ўз имкониятларини кўрсатиб қўйишига ишонаман. «Реал Мадрид» жуда улкан клуб. Унга бир зумда мослашиб олишнинг иложи йўқ. Ўйлашимча, Эденга бироз вақт бериш лозим. Ана шундагина у ўзининг энг яхши футболини намойиш этади.
Ўртоқлик учрашувида «Атлетико Мадрид»дан учралган йирик мағлубиятдан сўнг берилган интервью
Неймар
Биз бразилияликлар учун у аллақачон афсонавий футболчига айланиб бўлган. Мен унинг қачонлардир «Реал Мадрид»га ўтишини жуда истайман. Ҳадемай ўз поёнига етадиган Месси ва Роналду давридан сўнг, айнан Неймар дунёнинг биринчи рақамли футболчисига айланишига Шубҳам йўқ. У жуда иқтидорли ва мен кўрган энг кучли теҳника эгаси. Бизнинг терма жамоада унинг тутган ўрни беқиёс. Тўғри, у «Копа Америка»да иштирок этмади, бироқ унинг футболчилар билан бирга эканлиги йигитларга қўшимча куч бағишлаб турди.
«Копа Америка» мусобақаси финалидан сўнг берилган интервьюдан
Роналду ва Месси
Албатта, Месси биринчи рақамли футболчи ва буни тан олиш лозим. Шундай бўлсада, Роналдуни бир четга суриб ташлаш ҳам ноўрин. Масалан, менга Леонинг тўп билан муносабатда бўлиши жуда ёқади. Унга ўхшаш футболчининг ўйинларини кўриш учун яна камида 30 йил кутиш талаб этилади. У тўп билан истаганини қилади. Месси исталган дақиқада гол киритиши ёки жамоадошига тўп узатиши мумкин. Уни олдидан сезишнинг иложи йўқ. Роналду борасида ҳам фақат илқ фикрлар билдиришим мумкин. Менимча, уларни тинмай солиштиравериш жуда ноўрин. Бу йигитлар барчанинг ҳурматига лойиқ кариера ўтказишмоқда. Шундай бўлса-да, уларга бўлган ҳурматни сақлаган холда шуни айтишим мумкинки, менинг давримда футболчилар ўртасидаги рақобат ҳозиргидан анча кучлироқ эди.
Бу йигитлар деярли 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида дунёнинг энг кучли футболчиси номини ҳеч кимга бермаяпти. Менинг давримда Зидан, Ривалдо, Фигу, Роналдиньо, Тотти, Жеррард, Анри сингари мега юлдузлар мавжуд эди ва улар билан «олтин тўп» учун рақобат қилиш ҳозирги даврга нисбатан анча мушкулроқ вазифа эканлигини сезиш мушкул эмас. Бундай футболчилар ичида узоқ вақт мобайнида алоҳида ажралиб туришнинг иложи йўқ эди десам, адашмаган бўламан.