Мавсум бошида «Ювентус» бошқарувини ўз қўлига олган Маурисио Сарри ҳозирча яхши ишлаяпти. У Турин клубига бир нечта жабҳада фойда келтиришга ҳам улгурди.
ҲУЖУМКОР ТАКТИКА
Маурисио Сарри Массимилиано Аллегридан фарқли ўлароқ биз ҳужумкор тактикага асосланиб иш кўради. Турнир жадвалида «Ювентус»нинг пешқадам эмаслиги унинг кучсизлангани эмас, аксинча, «Интер»нинг кучайгани туфайлидир. Аслида, «Ювентус»нинг старти бошқа мавсумларникидан кам эмас, шунчаки бу мавсумда Конте «Интер»ни анча кучайтирди. Айтмоқчимизки, Маурисио Сарри ҳозирча «Ювентус»га салбий натижалар келтиргани йўқ.
ТАРКИБ
Мени қувонтирган жиҳат, Пауло Дибаланинг «Ювентус»да қолгани бўлди. Аргентиналик футболчининг иқтидорига шубҳа йўқ, аммо унинг характери Массимилиано Аллегрининг характерига тўғри келмагани боис италиялик мутахассис Дибалани захирага михлаганди. Бу эса Дибаланинг «Ювентус»даги келажагини сўроқ остида қолдирган, ҳатто Паулонинг бошқа клубга ўтиши башорат ҳам қилинаётганди.
Маурисио Сарри — агар футболчининг иқтидори бўлса, характерига кўз юмиб кета оладиган ёки ўша характерга мослашадиган мутахассис. У айни шу жиҳатини Дибалага нисбатан ҳам қўллади. Пауло Дибалага таркибдан жой берд ива оқибатда аргентиналик футболчи яна нималарга қодир эканлигини кўрсатмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, «Ювентус» Дибала билан шартномани 2024 йилгача узайтирмоқчи. Бу катта муддат ва шуни англатадики, Сарри Дибалага ишонч билдиряпти.
Дибала «Ювентус»га чиндан ҳам керакми, деган савол туғилади. Ҳа, албатта. Паулода универсал жиҳатлар бор. Рақибларни алдаб кета олади, тезлиги ҳам яхши. Жарима зарбаларини ҳам қойиллатиб бажаради. Ҳимоя ва дарвоза чизиғидан бошқа исталган позицияда ўйнаб кета олади. Хоҳ, марказ бўлсин, хоҳ қанот, клубига фойда келтира олади.
Дибаланинг ажойиб тўп узатиш одати ҳам бор. Эсингизда бўлса, Сингапурга қарши ўйинда Икром Алибоев Элдор Шомуродовни заргарона пасс билан таъминлаганди, Дибалада ҳам шундай қобилият бор. Яъни Дибалани «Ювентус»нинг Алибоеви» деса ҳам бўлади.
Саррининг яна бир бироз кутилмаган қарори Гонсало Игуаин борасида бўлди. Ижара шартномаси тугагач, Туринга мажбуран қайтган Игуаинни кўпчилик захирага михланса керак, деб ўйлаганди. Боиси янги мавсумдан олдин Сарри интерьвюларида марказий ҳужумда Роналдуни ўйнатмоқчи эканлигини айтган, бу борада футболчи билан келишиб олганини ва бу билан Криштиану янада кўпроқ гол уриб, жамоага фойда келтиришини таъкидлаганди. Шундан келиб чиқиб, кўпчилик Игуаин захирага қайтди, деганди. Лекин Сарри бошқача йўл тутди. Игуаинга имконият беришга қарор қилди. Аргентиналик ҳужумчи эса ҳали қариб қолмаганини, голлар ура олишини исботлади. Оқибатда «Ювентус» марказий ҳужуми Игуаинга топширилди. Тўғри, баъзан Игуаин захирада қоляпти, аммо, барибир, Сарри Роналдуга марказий ҳужумни тўлиқ топширмади ва Игуаиннинг аҳамиятини сақлаб қолди.
Шу ўринда Сарри яна бир ақлли ишга қўл урди. Агар Роналдуни марказга қўйганида, Игауиндан умуман фойдалана олмасди, чунки Гонсало қанотда ўйнай олмайди. Роналду эса ҳам қанотда, ҳам марказда бемалол тўп тепаверади. Роналдуни марказга қўйиб, Игуаинни захирада ушлаб тургандан кўра иккаласидан ҳам фойдаланишни маъқул кўрди Сарри. Игуаин эса ҳали ҳам яхши формада эканлигини исботлаяпти. Шунинг учун ҳам «Ювентус» Игуаинни 2022 йилгача жамоада олиб қолишга қарор қилди.