Бугун Европа Лигаси доирасидаги иккита ўйинда кўрдикки, футболга VAR керак. Жудаям керак.
“Партизан” ўз уйида “Манчестер Юнайтед”ни қабул қилди. Ўйин шиддатли кечди. Майдонда тенг кучли жамоалар тўп суришди. Ҳайрон бўлманг, бугун майдонда “Манчестер Юнайтед” сафида ҳам ёшлар ҳаракат қилишди. Бугун “Манчестер Юнайтед”нинг рақибдан устун номи фақат номи бўлди, холос. Қолган жиҳатларда серб клуби йигитлари ҳатто устун ҳам келишди.
“Партизан” иккала таймда ҳам ажойиб ўйин ўтказди. Тинимсиз югурди, зарбалар берди, айниқса, иккита африкалик футболчи рақибга сира тинчлик бергани йўқ. Айрим вақтларда “Манчестер Юнайтед” ҳимоячилари, кўпинча Магуайр рақибнинг зарбаларини қайтарган бўлса, айрим ҳолларда “Партизан” ҳужумчиларининг зарбаларига аниқлик етишмади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мезбонларга бироз совуққонлик ҳам етишмади. Зарба бериш керак бўлган пайтда узатишлар, узатиш керак бўлган пайтда эса зарба...
Афсуски, ушбу ўйинда бош ҳакам — Хавьер Эстрада асосий рол ўйнади. Биринчидан, хато қарорларни кўп қабул қилди. Айниқса, “Манчестер Юнайтед” футболчиси ўз жарима майдонида тўпни қўл билан ўйнаганида пенальти бермади. Қолаверса, ўйинни муддатидан 10 сония олдин тугатди. Футболда эса ана шу 10 сония ҳам баъзан гол уриш учун етарли бўлади. Очиғи, расмий учрашувларда ўйинни муддатидан олдин тугатган ҳакамни ҳали кўрмагандим. Бу эса ўйиннинг нохуш ҳолат билан якунланишига сабаб бўлди.
“Партизан” мен учун янги кашфиёт жамоа бўлди. Очиғи, ушбу жамоанинг ўйинини биринчи бор томоша қилдим ва билдимки, тезкор, иқтидорли, кучли зарбалар бера оладиган, рақибга қўрқмай ташланадиган футболчилардан тузилган жамоа экан. Мураббий ҳам чаккимас. Одатда, бундай жамоалар кучли рақибларга қарши ўйинда бироз чўчиброқ ҳаракат қилишади, довдирашади, рақибнинг салобати босади. “Партизан” футболчилари эса майдонга худди Сербиянинг бошқа бир жамоасига қарши ўйнайдигандек тушишди ва ўйин давомида ҳам шундай ҳаракат қилишди. Улар камида 90 дақиқа рақибнинг номдор номи, тажрибали футболчиларга эга эканлиги ва ҳозирча “МЮ”нинг ўзига ҳам фойда бермаётган машҳурлигини унутишди. Натижа эса ёмон бўлгани йўқ, гарчи мағлубиятга учраган бўлишса-да, ўйин борасида “қизил иблислар”дан қолишгани йўқ.
Иккинчи ўйин — “Рома” ҳамда Мёнхенгладбахнинг “Боруссия”си ўртасидаги учрашувда ҳам ҳакам катта саҳнага чиқди. Тўп Крис Смоллингнинг юзига теккан вазиятда бош ҳакам “Рома” дарвозасига пенальти белгилади. Агар бу вазиятда “қўполлик учун пенальти белгиланди”, дейдиган бўлсак ҳам Смоллингнинг ҳаракати бундай ўйинларда 11 метрлик жарима зарбасига тортмасди. Эҳтимол, видеотакрорлар тизими бўлганида, пенальти белгиланмасмиди...
Очиғи, VAR футболдаги ҳиссиётларни бўғади, жозибадорликни йўқотади, дея видеотакрорларга қарши эдим. Аммо бугунги ўйинлардан кейин билдимки, VAR футболга керак. У адолатни ўрнатади. Бугун “Партизан” камида дурангга лойиқ эди, дуранг адолатли бўларди ва агар видеотакрорлар тизими бўлганида бу адолат таъминланарди.
Айни шу паллада англашиладики, видеотакрорлар тизими ишламаган пайтда ўйинни тажрибалироқ ҳакамлар бошқариши лозим. Ана шунда жабрдийдалар камроқ бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, “МЮ” ғалабага лойиқ эди, юқоридаги фикрлардан “қизил иблислар” уч очкога муносиб эмас экан-да, дея хулоса чиқармаслик керак. Шунчаки “Партизан” жамоасига ачиндим, холос. Чунки бугун улар чиндан ҳам партизанларга хос тарзда ҳаракат қилишди, охиригача курашишди. Бу ўйинни мен қайсидир маънода “Аякс” ва “Челси” ўйинига ўхшатдим. Ўша шиддат, ўша темп, ўша жонкуярлик...
Кейинги ўйинларда ҳар иккала жамоага ҳам омад тилайман. Бугун мен мухлислик қиладиган жамоалар сони биттага кўпайди. Олға, партизанлар...