АПЛ бошланишидан олдин 12-турдан кейин 5-ўринда қайси жамоа бўлади, деган саволга қандай жавоб бергансиз? “Эвертон”, дегандирсиз, ёки “Лестер” дегандирсиз, ёки “МЮ”, “Арсенал”. Аммо “Шеффильд Юнайтед” демаганлигингиз аниқ.
Аммо айни дамда сиз-у бизни ҳайрон қолдирганча “Шеффильд Юнайтед” 5-ўринда турибди. Энг мақтовга сазовор томони, бу жамоа 12-турда “Тоттенхэм” билан дуранг ўйнади. Ғалаба қозонишига ҳам бир баҳя қолди ҳатто. Бошқа ўйинларда ҳам “Шеффильд” футболчилари ажойиб ҳаракат қилишяпти.
Ушбу жамоа охирги марта 2006-2007 йиллардаги мавсумда АПЛда ўйнаган. Аммо ўша мавсумда 18-ўринни эгаллаб, Чемпионшипга тушиб кетган. Кейин эса ҳатто Лига 1 да ҳам қатнашишга мажбур бўлган.
2013 йилда Саудия шаҳзодаси Абдулла бин Мосаад бин Абдулазиз Аль-Сауд клубнинг 50 фоиз акциясини сотиб олади. Бу вақтга “Шеффильд Юнайтед” Чемпионшипга чиқиш учун курашаётганди. Клубнинг янги раҳбари жамоа олдига тезроқ АПЛга чиқиш вазифасини қўяди. Ниҳоят, 2018/2019 йиллардаги мавсумда жамоа Чемпионшипда чемпион бўлиб, АПЛга қайтди.
Саудиялик амалдор клубга яхшигина сармоя ажратмоқда. Бу эса футболчиларда умид уйғотди. “Шеффильд Юнайтед” устози Крис Уайлдернинг айтишича, айнан шу ишонч шогирдларини яна олға интилишга ундаяпти.
“Шеффильд Юнайтед” устози жамоага барқарор тактикани сингдира олди. Қолаверса, руҳий жиҳатдан футболчилар билан яхши иш олиб бориляпти. Жамоа 12 та ўйиннинг ҳеч бирида чўчиб ёки ҳаяжонланиб ҳаракат қилгани йўқ. Ҳатто мағлубиятга учраганида ҳам “Шеффильд”нинг ўйинида тактика, мазмун бор.
Шу ўринда статистикага эътибор қаратсак. “Шеффильд” ортда қолган 12 та ўйиннинг 4 тасида зафар қучган. Жамоа мағлуб этган клублар орасида “Арсенал” ҳам борлиги эътиборга молик. Учта ўйинда эса “Шеффильд” мағлуб бўлган. “Лестер”га, “Саутгемптон”га ва “Ливерпул”га ютқазган. “Лестер”нинг ҳозирги ҳолати қанчалик яхши эканлигини биласиз, “Ливерпул”ни-ку гапирмаса ҳам бўлади. “Шеффильд” 5 та ўйинда дуранг қайд этган. Жамоа “Челси” ва “Тоттенхэм” билан дуранг ўйнашга эришган. Жамоанинг яна бир мақтовга арзигулик натижаси “Эвертон”ни ишончли ҳисобда (2:0) мағлуб этганидир. Бу ўйинларда “Шеффильд” 12 та гол уриб, 9 та гол ўтказган. Қуйи лигадан чиқиб келган жамоа учун ёмон натижа эмас.
“Шпорлар”га қарши баҳсда, айниқса, “Шеффильд”нинг нималарга қодирлиги кўринди. Агар мавсум сўнггигача ана шу темпни сақлаб қола олса, кейинги мавсумни халқаро турнирларда иштирок этиши ҳам ҳеч гап эмас.
АПЛ — ҳар доим ҳар қандай сюрприз содир бўлиши мумкин бўлган турнир. Шу боис “Шеффильд”дан ҳам чемпион бўлишини кутишга ҳақимиз бор. Шахсан мен бу мавсумда ҳам кутилмаган, сенсацион натижа қайд этилишини истардим. Бизда айни дамда “Шеффильд Юнайтед”нинг мухлислари жуда кам, аммо умид қиламанки, мавсум сўнггида ушбу жамоанинг мухлислари ҳам кўпайиб қолади.