Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Ўзбекистон-С.Арабистони ўйини таҳлили: «Месье Ренар, маъзур тутасиз, фикрингизга қўшилмайман!»

Баҳо:
+1 | -

Дейл Карнеги ўгитларига кўра, кескин ва критик вазиятларга, бироз вақт ўтиб, кейин совуқ мияда реакция билдириш кўзда тутилган! Эҳтиросларда билдирилган фикр ва совуқ мияда билдирилган фикрлар орасида, озгина бўлса ҳам, объективлик нуқтаи назаридан қараганда, фарқ бўлади.

Орадан деярли 2 кун ўтиб, мен Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги жанг (асло тўқнашув эмас) ва бу жангда мағлуб бўлган томон, Ўзбекистон МТЖ қайси омиллар туфайли, шу жангда ҳисобда орқада қолганини 3 аспектда кўрсатиб ўтмоқчиман!

Демак, Ялла!

1. Омад Саудияликларни хуш кўрди!

Бу ўйинда “Фортуна хоним”, кўп жабҳаларда саудияликларга бир неча маротаба самимий кулиб боқди!

Омад кучлиларга кулиб боқишини яхши биламан, лекин 1 та ўйинда кўп кулиши ҳам яхши эмас, омадни енгилтак деб ўйлаб қолиниш хавфи бор.

Балким, саудияликлар маҳоратлироқдир, балким уларни мураббий Месье Ренар зўрдир, балким улар муллонинг зўридан дуо олиб келишгандир, билмадим, лекин омад уларни ўйин пайти бир неча маротаба қўллаб қувватлаганини эслатиб ўтаман:

А) Биз томон белгиланган пенальти 50/50 эди! Саудиялик ҳужумчи, қўлини Ашурматовни қўлтиғига тиқиб, тўп билан олдинга интиляпти. Рустам ҳам уни табиий рефлектив ҳолда бир қўли билан ушлаб, якунда кординацияни йўқотиб, йиқилаётган жойида танаси билан шу ҳужумчига урилиб ерга йиқиляпти.

Лекин, ҳужумчи ҳам бир қўли билан Ашурматовни ушлаб олиб, уни эркин ҳаракат қилишига тўсқинлик қилганини инобатга олсак, фол бу ерда ҳар 2 томонда кузатилди.

Бироқ, жабрланувчи ҳужумдаги томон, фол ҳимоя қилаётган томонга ёзилди! Хўп, футбол қоидасида шундай ёзилган бўлса, зоримиз йўқ!

Б) Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда, Элдор Шомуродов тўп билан 3 ўйинчини ортда қолдириб, рақиб жарима майдони ичиги кириши биланоқ, рақиб ҳимоячиси Ал-Хаброний (5-рақам) томонидан “блок” билан тўхтатилгани 100% пенальти эмасмиди?!

Рефери Сато бу вазиятдан бироз узоқроқ бўлгани ва вазият тез бўлиб ўтгани учун, саудияликларга омад кулди! Лекин, ён чизиқдаги ҳакамлар-чи?!

Сатони бизга берган пенальтиси, бу бундан олдин Элдорни йиқитгани учун берилмаган пенальти учун қарз деган фикрдан йироқман!

Сабаби Сайфиев томонидан тепилган кучли тўп, рақиб футболчиси Аш-Шаҳроний (13-рақам)ни рефлектив ҳолатда ўзини тўпдан ҳимоя қилиш учун тирсаги билан ҳавода аниқ қайтарилганди! Бу пенальти эди жаноблар!

В) Иккинчи голда саудияликлар сардори ва шу ўйин талқини бўйича мен учун энг зўр футболчи, “эл-капитано” Салмон ал-Фаражнинг 20 метрлардан чап оёқда тепган тўпи, йўлда Алибоевга тегиб, траекториясини ўзгартириб, Суюнов турган яқин бурчакга тушиши, Саудия МТЖсини ҳар ўйинида учраб ва ўхшаб турадиган голлар сирасига кирадими?!

Тасанно Ал-Фараж, бу кутилмаган зарбангиз омадли чиқди! Кейинги ўйинларда ҳам, 15, 20 метрлардан сиздан голлар кутиб қоламиз!

2. Кеч ўйинчи алмаштиришлар!

85-дақиқагача 2:1 ҳисобда биз олдинда эдик! Бунгача Абрамов ҳисобни сақлаб қолиб, ҳимояга кўпроқ эътибор беришини назарда тутиб, чап қанотдан саудияликларни ўққа тутиб турган Жалолиддин Машарипов ўрнига майдонга Одил Ҳамробековни туширди.

Ўз ўрнида месье Ренар, бунгача ярим ҳимояда 3 та ўзгариш қилиб бўлганди! Саудияликлар ярим ҳимояда янги кучлар кўплиги туфайли, марказни эгаллаб, кескин ҳужумлар сонини ортирди! Абрамов эса яна захирада қолган 2та алмаштиришни вақтдан ютиш учун ёки бўлмасам, бироз чарчаган Шомуродов ўрнига ҳимояни кучайтирадиган ўйинчига асраб қолувди!

Лекин, кутилмаган 2-гол, унинг режаларини ўзгартириб юборди ва майдонга ҳужумни кучайтириб, ғалабани таъминлаш учун Игорь Сергеев туширилди. Аммо, ярим ҳимоячиларимизни аксарияти, бутун ўйин давомида юқори темп ва кучли прессинглар туфайли, анча чарчаб қолишганди.

Шу сабаб ҳам, саудияликларни янгиланган ярим ҳимоячилари тезлик билан тўпни олиб қўйиб, кескин ҳужумларга зўр беришди ва якунда 2-голдан қолишмайдиган “Квальярелла” услубидаги 3-гол 90-дақиқада дарвозамизга киритилди!

Месье Эрве Ренар саудияликларни қабул қилиб олганига 3 ой бўлди, Абрамов жаноблари МТЖни қабул қилиб олганига 1.5 ой ҳам бўлгани йўқ! Шу ерда, вақт жамоани шаклланиши учун, жуда муҳим мезон эканини эслатиб ўтмоқчиман!

Одил Аҳмедовни ҳимояда ўйнагани, Ашурматовни МТЖ даражасига мос эмаслиги мағлубиятни бош омили эмас, аксинча Абрамов арсеналида марказий ҳимоя позициясида сифатли, бўйдор, тажрибали ҳимоячиларни танқислигида эди! Фикримга қўшилмаслигингиз мумкин, тан оламан!

Сизга савол: иккинчи ва учинчи голлар марказий ҳимоядан урилдими?! Чарчаб қолган ярим ҳимоя ва кеч ўйинчи алмаштириш бунга сабаб бўлди!

3. Дарвозабон – ярим жамоа!

Афсус ва яна афсус, шу ўйинда Суюнов нафақат бу фикрни оқлай олмади, балким ўйин давомида дарвоза томон йўналтирилган 3та энг хавфли зарбаларнинг 2тасини ўтказиб юборди! Энг хавфли деб мен голга тортадиган зарбаларни назарда тутдим, саудияликларни узоқдан тепган секин тезликдаги зарбаларини эмас!

Шомуродовнинг 3 ўйинчини ёриб ўтиб, катта тезликда дарвозабонни оёқлари остига йўналтирган зарбаси ва шу зарбани қайтарган Ал-Овайсни сэйви, “хатира” зарба таснифига киради!

Фикримни очиқчасига айтаман, мен Суюновни ўйин бошидан нигоҳларида, хатти-ҳаракатларида, қандайдир ўзига бўлган ишончсизликни пайқадим. Дарвозамиз томон қўйилган пенальтини тепилишидан олдин, ҳакам Сатони Суюновга бераётган кўрсатмалари пайти, уни нигоҳида ишончсизлик аломатлари ёки биринчи тайм охирида Ашурматовни қарамасдан Суюновга тўпни хато ошириши ва тўпга бироз олдин чиққан Суюновни, ёнидан дарвозага қараб думалаб кетаётган тўпни жон жаҳди билан тўхтатиш ўрнига, инерция бўйича довдираб югуриб кетавериши... Хайрият Алижонов бу шармандаликдан ҳар икки жамоадошларини ўз ақтида етиб келиб қутқариб қолди.

Суюнов ердаги зарбаларни яхшироқ қайтаради, лекин уни рекцияси МТЖ даражаси учун паст! Пенальтини бартараф қилишга бўлган уни ҳаракати бунга мисол! Тўп йўналиши топилди, бироқ тезлик етмади! Ҳа, пенальти Ал-Фараж томонидан кучли тезликда тепилди, лекин зарба йўналиши топилди, бироқ реакция...

Иккинчи голда сакради қўллари етмади, кеч реакция! Ҳолбуки, тўп Суюновга яқин бурчакга қараб кириб кетганди!

Учинчи гол, сакради, лекин секин тезликда тепилган тўпда ҳам реакция панд берди!

Суюновда оёқлар бўш ва шу сабаб тез ва бўйига хос равишда узоқ масофага сакрай олмайди! Ўзимизни тилда айтадиган бўлсам, чайир эмас!

Мисол, Хорхе Кампос, Габелия, Очоаларни бўйлари ҳам узун бўлмаган, лекин реакция ва “прыжок” перфекто даражасида бўлган.

Хуллас, Денис Иванков ва жаноб Абрамов шу позицияни "ремонт" қилиши шарт! Мен Фаластиндан ўтказиб юборилган голларни эсламадим ҳам!

Месье Ренар, ғалабага саудияликларни ғалабага бўлган иштиёқлари ва индивидуал маҳоратлари натижасига эришилганини таъкидлаб ўтди! Йўқ, месье Ренар, мени маъзур тутинг, мен бошқа фикрдаман!

Умрида профессионал мақомида на тўп тепган, на мураббийлик қилган камина, мағлубиятимизни омилларини шу юқоридаги 3 аспектда кўрдим!

Лекин, мен учун шу ўйинда, жамоамизни менга манзур бўлган ижобий 3 аспектини ҳам кўрдим ва ичимдан қувондим!

Булар:

1. Прессинг! 90 дақиқа прессинг!

Ўйин бошидан ҳар икки жамоада, индивидуал ва жамоавий актив прессинг, яққол кўзга ташланди. Ҳар икки томон ўйин дебютиданоқ, тўпга эгалик қилиш учун, ҳар бир қарич жой учун аёвсиз курашларини кўриб, бугун жарима тўплари ва сариқ карточкаларга бой ўйин бўлади, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Ярим ҳимоямизнинг орқа планида Отабек Шукуров рақиб ҳужумларини “бетон”лаб турган бўлса, рақиб ўйинчиларга нисбатан бўйлари пастроқ бўлган “ўзбекча Лукас Торрейра” Санжар Қодирқулов ва меҳнаткаш Икром Алибоев, саудиялик новча, чайир рақиб ҳимоячиларга қарши, қўрқмасдан қирғийдек тўп учун тармашишди ва бу ҳолатлар нафақат ироник табассумга, балким биринчи голни киритилишига сабабчи бўлди.

Айнан Икром Алибоев томонидан уюштирилган прессинг, техник томонлама тезкор бўлган 13-рақамли рақиб футболчиси Аш-Шаҳронийни адашишига сабаб бўлди ва тўп кутилмаганда рикошет орқали марказий ҳужумда турган Элдор Шомуродовга идеал тарзда келиб тушди. Элдор тўпни эгаллаши ҳамоноқ, дарҳол зарба бериб, дарвазабоннинг яқин бурчагига моҳирона ишғол қилди ва... ГОЛ!!!

Рақиб дарвозабони зарбани мантиқан узоқ бурчакга йўллашини кутгани учун, кутилмаган кучли зарба траекториясидан, тўпни деярли қўлларини орасидан ўтказиб юборди!

Умуман жамоамиз, ўйин давомида, прессинг темпини туширмасдан, тўпни назорат қилиш учун, кучлари етгунча ҳаракат қилишди! Индивидуал техникаси кучли футболчиларга эга жамоага қарши ўйинларда, бу усул эффект беради!

Кеча бизга рақиб бўлган Саудия терма жамоаси эса, нафақат техника ёки маҳорат бобида, балким ўйинчиларни Трансфермаркет талқинидаги нархда ҳам, ҳозирча биздан тепароқда турибди!

2.Ҳужум фақат ҳужум!

“Оқ бўрилар” бу ўйинда “Саҳро бургутларига” қарши ҳисобда олдинга боришига қарамасдан, фақат ҳужум тактикасида ўйнашди.

Тўпни йўқотмасликка ҳаракат қилиб, қанотлардан узун паслар орқали Элдорни пас билан таъминлашга ҳаракат қилиб туришди. Шу паслар марказдаги узун бўйли “саудиялик Йерри Мина” Ас-Саҳафий (№4) ва Ал-Хаброний (№5) томонидан ҳавони ўзида бартараф қилиниб турилди. Аксинча, ердан берилган кесма ўткир паслар, Элдорни гавдаси орқали ҳимоячиларни суриб, катта тезликда олдинга яшиндай ўтиб, ҳужумларни хавфли зарба билан тугашига сабаб бўлди.

Абрамовга ҳурматим, айнан доимо эффект бермаса ҳам, ҳужум тактисидан чекинмаслигидадир!

“Соя қайдан бўлади, гужум бўлмаса
“Гол қайдан бўлади ҳужум бўлмаса!”

3. Иштиёқ! Азарт!!!

Билмадим кимга қандай, лекин йигитларимизни ўзини аямай, оёғини рақибидан олиб қочмай, йиқилиб бўлса ҳам, охиригача курашганлари, шахсан мен учун шу ўйиндаги мағлубиятни ювиб юборди.

Кўпчиликда, футболчиларимизда “Ватанпарварлик йўқ!”, “Уларни қорни тўйган, ютса ҳам ютқазса ҳам пулини зўр олаверишади” каби фикрлари ҳар хил платформаларда кўзга ташланиб туради. Асосан, клубидан катта ойлик ва бонус оладиган футболчи, МТЖ ўйинларида рақиб билан тўп учун курашда, ўз оёғини жароҳат олишидан олиб қочмай, ҳатто айнан МТЖ ўйинларида оёғи синишгача бораётган бўлса (Отабек Шукуров), мен учун шу аспектни ўзи, уларни ҳақиқий Ватанпарвар мақомига чиқаради!

Ва шуни унутмайликки, саудияликларни майдонга тушган аксар футболчилари, 1 йил олдин мундиалда ўйнаб, катта босим нима эканлигини танасида ҳис қилган ва Салоҳдек топ ўйинчига эга Миср термасини мағлуб этган, айримлари эса, яқинда Осиё Чемпионлар Лигаси финалигача борган, индивидуал техникаси яхши футболчилардан ташкил топган жамоа ва аксинча, кўпчилик ўйлашганидек, биздан маҳорат бобида кучсиз жамоа эмас эди!

Саудияликларни Фаластин ва Яман билан 2 марта дуранг ўйнаганини, бу жамоани бироз реконструкция қилиниш жараёнига тўғри келганлиги ёки жамоада мураббий алмашганлигига эмас, балким ўзига хос сиёсий мақомидан келиб чиққан “араб дербиси”га боғлаган бўлардим. Иккинчи давра ўйинлари энди бошланади ва мен ушбу минтақавий “араб дерби”ларида, сюрпризлар яна учраб қолса, ажабланмайман.

Кеча йигитларимиз бор будини бериб жанг қилишди! Мен уларни жанговор руҳини кўриб, ютқазганимизни жиддий қабул қилмадим! Биласизми нимага?

Шу йили БААдаги Осиё Кубоги-2019да гуруҳдаги Уммонга қарши 1-ўйинни кўриб, жамоамиз Элдор Шомуродов ва Игнатий Нестеровни саъй-ҳаракатлари туфайли ғалабага эришган пайтимизда ҳам, жамоанинг ўйини, иштиёқини кўриб, шу турнирдаги ижобий якун борасида катта шубҳага боргандим.

Сабаби, Уммон ўша куни биздан анча тез, мобил ҳужумлар уюштириб, Игнатни маҳорати эвазига камида дурангдан қуруқ қолганди.

Миллий терма жамоамизга эса айтар сўзим:

Йигитлар шу иштиёқни йўқотманглар, насиб қилса, ҳаммаси изига тушиб кетади! Биз мухлислар бироз инжиқ, тез ўзгарувчан кучмиз! Ютсангизлар, сизларга сўзларимизда, фикрларимизда “Мундиалга шу марта аниқ чиқадиган ва ўйнашга арзийдиган олтин жамоа!” деган эпитетларини қўямиз, мабодо ютқазсангизлар, шу олтин эпитетларни тош ойналарга қўшиб, ер билан битта қилиб яксон қиламиз!

Лекин, нима бўлишидан қаттий назар, кечаги ўйин учун сизларда ғалабага бўлган иштиёқ йўқ деган фикрдан энг узоқ масофада тураман!

Аксинча, ҳисоб бизни фойдамизга 2:1 бўлиб турганда, сизлар учинчи тўпни уриш учун олдинга интилдинглар ва саудияликларни захирадан тушган “свежий” ярим ҳимоячиларига тўпни олдириб қўйиб 2 та тўп ўтказиб юбординглар!

“Ўйин унутилади, ҳисоб қолади” деганди футбол мэтри В.Лобановский ва футболга прагматик қарайдиган футбол мухлислари шу фикрни қўллаб-қувватлашмоқда. Жанг майдонидаги эпицентрини, ўз ярим ҳимоясида атайлаб ушлаб турадиган, рақиб жамоага фақат қарши ҳужумда гол уриб, ҳисобни ушлаб қоладиган Парагвай, Италия, Аргентина катеначчосидан кўра, ютқазсак ҳам ҳужумлар қилиб ютқазадиган Уругвай, Хорватия, Голландия, Бразилия футбол усули менга афзалроқ! Насиб қилса биз шу циклдан албатта ўтамиз! Қайси ўрин билан ўтишимиз бошқа савол, лекин ўтамиз!

“Бу жамоа бу циклдан бир амаллаб ўтиши билан, мундиал йўлланмасини ҳал қилувчи кейинги циклда охирги ўринларда қолиб кетади, сабаби, маҳорати паст ёки Абрамовни кучи фақат шу циклга етади” деган фикрда бўлсангиз, мени жавобим, агар йигитлар кечагидай ўйнашса “Ўтади!” деб жавоб бераман! Ниманинг ҳисобига дейсизми?!

Абрамовга озгина вақт керак, жамоани марказий ҳимоя ва дарвоза чизиғини, кўнглидагидай реконструкция қилиб олиш учун! Шу икки позиция тартибга келтирилса, ҳаммаси яхши бўлади! Сабаби йигитларимизни ботинида ҳам, зоҳирида ҳам иштиёқ бор!

Иштиёқ ва тартиб эса, маҳоратдан устун!

Олға “Оқ Бўрилар”!!


Фурқат Қурбонов.

p.s.
Мени юқоридаги бирорта фикримга қўшилмаслигингиз мумкин, бу нормал ҳолат! Лекин бир нарсани аниқ биламан, ҳатто қасам ичган бўлсангиз ҳам, ер юзини қайси нуқтасида бўлмасангиз ҳам, шу жамоани ўйинларига бефарқ эмассиз! Буни сабабини эса, билмайман!!

Омон бўлинглар!

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:03, 16.11.2019.
Ўқилди: 9956 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.