"Локомотив" футбол клуби бош мураббийи Самвел Бабаян ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди. Бунга сабаб Бабаянга Хитой биринчи лигаси вакили "Чанчун Ятай" клубидан тушган қизиқарли таклиф бўлди.
Eндиликда Самвел Вячеславович мураббийлик фаолиятини Хитойда давом эттиради. Бабаян клубни тарк этишидан олдин қуйидаги фикрларни билдирди: "Менга "Локомотив"дек клубни бошқариш имконини бергани учун клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайманки, биз бир оила бўлиб ишлай олдик. Клуб билан тузилган шартномага кўра, агар хориждан таклиф тушса ҳар икки томоннинг розилиги билан шартномани бекор қилиш банди бор бўлиб, Хитойдан вариант юзага келиши биланоқ бу ҳақда клуб раҳбариятига маълум қилдим".
"Ўз навбатида "Локомотив" ПФК бу илтимосимни қондириб мени тўғри тушунди. Албатта, ҳар бир футболчи сингари ҳар бир мураббий ҳам ўзини четда синаб кўришни хоҳлайди. Охирги йилларда Хитой футболи анча ривожланяпти, "Чанчун Ятай" мендан бошқа мураббийлар билан ҳам музокара олиб борди, бу жамоа менга 2016-2017 йилги мавсумларда ҳам таклиф билан чиққанди".
"Локомотив"даги салкам бир йиллик фаолият менга катта дарс берди. Яна футбол ичида ишлаганимдан хурсандман. Суперлигани иккинчи ўринда тугатдик, қолаверса "Локомотив" футбол мактаби ривожига озми-кўпми фойдам теккан бўлса ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. "Локомотив" доим қалбимда қолади, гарчи энди хорижда фаолият олиб борсам-да, бу жамоанинг натижаларини мунтазам кузатиб бораман ва клубнинг кейинги ишларига омад тилайман".
"Локомотив" ПФК ҳам ҳамкорлик учун Самвел Бабаянга миннатдорчилик билдиради. Самвел Вячеславович йил бошида "Локомотив" ПФК Президенти маслаҳатчиси сифатида иш бошлаганди. Унинг асосий иши футбол мактаби даражасини кўтаришдан иборат бўлди. Кейинчалик Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилгач, асосий таркибни қабул қилиб олди. "Локомотив" Самвел Бабаян қўл остида Суперлигада 14та, Лига Кубогида 2та ва Ўзбекистон Кубогида битта - жами 17та расмий учрашув ўтказди. Мана шу ўйинларда "темирйўлчилар" 6 марта зафар қучиб, 7 бор дуранг ўйнашди ва 4 марта мағлуб бўлишди.
Жамоамиз янги мавсумга янги мураббий қўл остида ҳозирлик кўради. Мақсад ва вазифалар доимгидек ўзгармайди. "Локомотив" ўз номига мос равишда фақат олға қадам босишда давом этади.
"Локомотив" ПФК матбуот хизмати.