Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.
2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирилмоқда. Жорий йилдан эътиборан Tribuna.uz нашри ой лауреатларини аниқлашда ахборот ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Artel савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этиб келяпти.
Энг яхшиларни аниқлаш шартлари қуйидагича: Coca Cola Суперлигасининг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади. Шунингдек, Tribuna.uz нашри футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказди. Бунда мухлислар овози катта аҳамиятга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, мос равишда кейингилар 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.
Ортда қолган ноябрь ойида Coca-Cola Суперлигасида 3 та тур учрашувлари ўтказилди. Мазкур учрашувлар давомида бир қатор жамоалар мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди.
Ойнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, “Локомотив” жамоаси посбони Игнатий Нестеров (3 ўйин, 3 қуруқ ўйин, 6 сейв) энг кўп очко жамғаришга муваффақ бўлди ва ноябрь ойининг энг яхши дарвозабони дея эътироф этилди.
Қайд этиш жоиз, узоқ муддатли танаффусдан сўнг катта футболга қайтган Нестеров кузнинг сўнгги ойида "темирйўлчилар" сафида ажойиб ҳаракатларни амалга оширди. Тажрибали голкипер ноябрь ойида ўтган 3 та баҳсда жамоаси дарвозасини қўриқлаб, барчасини "қуруқ" ўтказди. Шу билан биргаликда 6 та сейвни ҳам амалга оширишга эришди.