Ҳа, класико бўлмайди, ҳамма тарқалсин! Мадрид жамоалари финалда ўйнайди!
"Атлетико" "Барселона"ни ЕЧЛ мусобақасида икки марта турнирдан чиқариб юборган ва ҳамма бу сафар ўша воқеа содир бўлмайди, деганди. Сабаби, бу битта ўйиндан иборат босқич.
Йўқ, Симеоне икки бўлимни икки ўйин қилиб оларкан ва танаффусдан сўнг жамоасини жавоб ўйинига тайёрлагандек тушираркан.
Аслида "Барса" етмиш беш дақиқа устун ўйнаганди. Ҳисобни Коке очганига қарамай, Месси тенглаштирган, сал ўтиб собиқ атлетикочи Гризманн ҳисобни Каталония томонига олиб ўтганди. Кейин яна икки гол, VAR бекор қилган голлар. Бирида Мессининг қўли, иккинчисида Видалнинг елкаси нотўғри ҳаракатда эди.
2:1 билан ўйин тугайдигандек эдию, аргентиналик мутахассис Витолони ўйинга туширди. Испаниялик ярим ҳимоячи ҳаммасини ўзгартириб юборди. У пенальти ишлаб Моратага гол улашди. Сўнг Альваронинг ўзи Корреани посбон билан бирга бир вазиятга чиқарди. Ҳисоб "Атлетико" томонига оғганда, ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганди — 3:2.
Вальверде "Рома" ва "Ливерпуль"дан сўнг "Атлетико"дан ҳам қақшатқич зарба қабул қиляптики, яқин орада унинг истеъфосини-да эшитиб қолсак ажабмас.
12 январь куни 23:00да Жиддадаги финалда Испания чемпионлигини ҳам, кубогини ҳам енгмаган икки Мадрид клуби суперкубок тақдирини ҳал қилади. Мана шунақа, кутилмаган формат хирмонда пайдо бўлган финалчиларнинг байрамига сабаб бўлмоқда.
Хайрулла ҲАМИДОВ.