23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичи 3-турига старт берилди. Бугун "А" гуруҳи вакиллари сўнгги тур ўйинларини ўтказишди ва чорак финалга чиққан икки жамоанинг номи аниқ бўлди.
Дастлабки икки ўйинда 4 очко жамғарган Австралия бугун Баҳрайн билан тўқнаш келиб, дуранг (1:1) натижа қайд этди. Натижада "соккеруз" бу гуруҳдан 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди.
Иккинчи йўлланма эса Таиланд ва Ироқ олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳал бўлди. Мезбонлар баҳснинг 6-дақиқасидаёқ пенальти ишлашди ва ҳисобни очишди. Ироқликлар иккинчи бўлим бошида мувозанатни тиклашди. Қолган дақиқаларда Ироқ рақиб дарвозаси томон босим уюштирди, гол уришга яқин келди, аммо вазиятлардан фойдалана олмади.
Шу тариқа, Ироқ учта ўйинда 3та дуранг натижа қайд этиб, 3 очко билан гуруҳда 3-ўринни эгаллади. Таиланд эса 4 очко тўплаган ҳолда 2-ўринни банд этди.
AFC U23. "А" гуруҳи, 3-тур
Австралия - Баҳрайн - 1:1
Голлар: Рэми Нажжарайн (34) — Моҳанад Жассим Марҳун (45+3)
Таиланд - Ироқ - 1:1
Голлар: Жароенсак Вонггорн (6-пенальти) — Муҳаммад Қосим (49)
№ | Жамоа | Ў | Ғ | Д | Мағ-т | Т - Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Австралия | 3 | 1 | 2 | 0 | 4-3 | 5 |
2 | Таиланд | 3 | 1 | 1 | 1 | 7-3 | 4 |
3 | Ироқ | 3 | 0 | 3 | 0 | 4-4 | 3 |
4 | Баҳрайн | 3 | 0 | 2 | 1 | 3-8 | 2 |