Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Бобо Усмон Батуров: «Ҳамманинг ўз фикри бор. Аммо Шаҳрам билан жангда мен ютдим»

Баҳо:
+ | -1

Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Олимпиада йўлланмаси ўйналадиган Осиё ва Океания саралаш босқичида қатнашиш учун Хитойга жўнаб кетди.

Ундан олдин эса, таркибдаги рақобатни ҳисобга олган ҳолда, мураббийлар аксарият вазн тоифаси вакиллари ўртасида спарринг жанглар ўтказишди.

Шаҳрам Ғиёсов VS Бобо Усмон Батуров

Хусусан, 69 кг. вазн тоифасидаги даъвогарни аниқлаб олиш учун номзодлар – Рио-2016 кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов ва ЖЧ-2019 бронза медали соҳиби Бобо Усмон Батуров ўртасида уч раундлик жанг ўтказилди.

Ёпиқ эшиклар остида, фақат боксчи ва мураббийлар иштирокида ўтган жанг якунида қайсидир боксчининг қўли баланд кўтарилмаган бўлса-да, мураббийлар штаби Бобо Усмоннинг Шаҳрамни мағлуб этгани ва ғолиб сифатида Хитойга у боришини ўзлари учун белгилаб олишган.

Шаҳрам Ғиёсов: «Уч раундда ҳам мен ғалаба қозондим»

Аммо кўп ўтмай, Шаҳрам Ғиёсов sports.uz сайтида берган интервьюсида аслида у ғалаба қозонганини, аммо лицензион турнирга Бобо Усмон Батуров йўл олаётганини таъкидлаган.

«Жангда ҳар уч раундда ҳам ғалабага эришдим. Буни (бош мураббий) Марат ака ҳам айтди. Лекин раҳбар чақириб, ёшларга йўл беришимиз кераклигини, профессионал боксга анча мослашиб кетганлигимни айтди. «Яхшиси ушбу йўналишда ўзингни кўрсатиб, байроғимизни юксакларга кўтаргин, келганинг учун раҳмат, ёшларга имкон берайлик, хафа бўлмайсан», – деди.

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга доим тайёрман. Насиб қилса, профессионал боксда улкан зафарлар қучиб, барчани хурсанд қиламан, деган умиддаман» – деган Шаҳрам Ғиёсов.

Бобо Усмон Батуров: «Ҳамманинг ўз фикри бор. Аммо жангда мен ютдим»

Шаҳрам Ғиёсовнинг фикридан кейин Kun.uz иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш мақсадида Бобо Усмон Батуров билан боғланиб, унинг фикрларига қулоқ тутди.

«Ҳамманинг ўз фикри бор. Унинг фикрларига қизиққаним йўқ. Олдимда муҳим мусобақа турибди, бор хаёлим турнирда. Ўша жангимизда мен ютдим. Истасангиз, буни ўша ринг атрофида жангни томоша қилган миллий жамоа спортчиларидан, мураббийларидан сўраб билишингиз мумкин» – дея жавоб берди Бобо Усмон Батуров.

Мураббий нима дейди?

Ҳар икки боксчиларимизнинг қарама-қарши фикрларидан кейин биз бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийи Тўлқин Қиличев билан суҳбатлашиб, шу ва бошқа саволлар билан мурожаат этдик.

– Энг нуфузли мусобақа Олимпиадага йўлланма берувчи турнирга тайёргарлик ишларини худди Рио-2016 Олимпиадасига қандай тайёргарлик олиб борган бўлсак, деярли шу режа асосида олиб бордик. Мураббийлар штаби ва раҳбариятимиз билан маслаҳатлашиб, мусобақага жиддий тайёргарлик билан икки ҳафта олдин Хитойга йўл оляпмиз. Бундан энг асосий мақсад – боксчиларимизнинг турнир ўтадиган шаҳар муҳитига ўрганиб олишлари назарда тутилган. Қолаверса, мезбон шаҳарда юқори тайёргарлик кўриш учун ҳар бир вазндаги боксчиларимизга иккитадан спарринг рақиб олиб боряпмиз. Бу боксчиларимиз ҳам турнирда Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб борувчи 7 нафар чармқўлқоп усталаримизга ёрдам беришади.

Таркиб тайёр, фақат 75 кг.лик вазнда Бектемир Мелиқўзиев Хитойда эмас, Париждаги жаҳон саралаш босқичида иштирок этиши режалаштирган.

– Хитойдаги турнирда ўзбекистонлик боксчилар учун асосий рақиб сифатида қайси мамлакат боксчиларини кўряпсиз?

– Биз рақибларни ҳам имкон қадар ўргандик. Фикримча, Қозоғистон ва Ҳиндистон боксчилари бизга энг асосий рақиблар бўлишади. Енгил вазнларда эса Хитой ва Муғулистон миллий жамоаси аъзолари ҳам анча кучли саналади. Улардан ҳам ҳар қандай хавф кутса бўлади.

– Таркибда йўқотиш йўқми?

– Йўқ, жанговар таркиб билан боряпмиз. Машғулотларда, жангларда ўзини энг кучли жиҳатларини намоён қилган йигитлар боришмоқда.

– 69 кг. вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов ва Бобо Усмон Батуров ўртасида ўтказилган спарринг жанги якунда мунозараларга сабаб бўлди. Бу масала борасида қандай қарорга келинди?

– Ҳа, ўша жангда Бобо Усмон ғалаба қозонди. У энди Хитойда Олимпиада йўлланмаси учун рингда курашади.

– Шаҳрам Ғиёсов кенгайтирилган таркибда қоладими?

– Йўқ, Шаҳрам Хитойга бормаяпти. Олимпиада йўлланмаси учун 69 кг вазнда Бобо Усмон курашади. Шаҳрам кўпроқ профессионал боксда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни кўтариб, кўпроқ фойдаси тегади. Сабаби Ғиёсов ҳам Исроил Мадримовга ўхшаб, профи боксда ўз ўрнига эга бўлиб улгурди.

Хулоса

Боксчилар ва мураббийнинг фикрини билгач, Kun.uz жангни томоша қилган манбалари орқали аниқладики, чиндан ҳам Бобо Усмон Батуров ўзаро жангда Шаҳрамдан устунлик қилган ва мураббийлар штаби қарорига кўра, ҳақли тарзда Хитойдаги турнирга олиб борилган.

Албатта, ёшлар ва катталар ўртасида жаҳон чемпиони, Олимпиада кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсовнинг ўзбек боксидаги ютуқлари эътирофга лойиқ. У проф-рингдаги 9та жангидан барчасида ғалаба қозонгани, 7тасида рақибларини муддатидан олдин таслим этганидан келиб чиқиб, профессионал боксда ҳам Ўзбекистонни дунёга танитишда давом этади, деб ишониб қоламиз.

Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва ЖЧ бронза медали эгаси Бобо Усмон Батуровга эса олдиндаги масъулиятли мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, Олимпиадага йўлланма олиши ва Токиодан медаль билан қайтишини тилаб қоламиз. Хулоса ўрнида эса, ўзбек боксида шундай рақобатнинг борлиги ижобий ҳолат эканини таъкидламоқчимиз.

Усмон Ибодов

Манба: kun.uz
Киритилди: 22:41, 19.01.2020.
Ўқилди: 15551 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.