25 январь, шанба куни 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Токио-2020 йўлланмасининг учинчи эгаси номи маълум бўлади. Бу йўлланма учун Австралия ва Ўзбекистон олимпия терма жамоалари майдонга чиқишади.
Австралия матбуот ушбу ўйин олдидан таҳлилий мақола эълон қилар экан, ўйин тақдирини жамоаларнинг менталитети ҳал қилишини алоҳида таъкидлади.
"Иқтидорли футболчиларга эга бўлган Ўзбекистон доимо йирик мусобақалар — Жаҳон чемпионати ва олимпиадага чиқишга жуда яқин келади. СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон илк уринишдаёқ Осиё Ўйинларида ғолибликни қўлга киритди. Шундан сўнг Европача ўйин услубига эга бўлган жамоа тез орада қитъани забт этиши кутилган эди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Ўзбекистон ЖЧ-2006, ЖЧ-2014, ЖЧ-2018 саралаш босқичида йўлланмани қўлга киритишга жуда яқин турганди, аммо сўнгги ўйинларда ижобий натижа қайд эта олмади.
Пайшанба куни эса Ўзбекистон Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш учун Саудия Арабистонини мағлуб этиши шарт эди. Аммо мусобақанинг амалдаги ғолиби ярим финалда ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида саудияликлар ғалабани илиб кетишди.
Ҳужумчи Бобур Абдухолиқов имкониятлардан фойдалана олмаган бўлса-да у Австралияга қарши ўйинни асосий таркибда бошласа керак.
Ҳожиакбар Алижонов эса мусобақанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлди. У ўнг қанот бўйлаб кўплаб ҳужумларни бошлаб бермоқда.
Азизжон Ғаниев майдон марказида ўйин темпини белгилаб бераётган бўлса, Абдулла Абдуллаев таянч ҳудудида ишончли ҳаракат қилмоқда.
Мураббий Любинко Друлович "Порту" ва "Бенфика"да ишлаш тажрибасига эга, аммо у Ўзбекистонга тезкор футболни ўргатиш учун етарли вақтга эга бўлмаган бўлиши мумкин. Аммо у жамоага жанговар руҳиятни сингдиришга ҳаракат қилмоқда.
Менталитет — футболда энг кўп ишлатиладиган сўзларидан бири, лекин шанба куни бу нарса ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин".