Футболга бефарқ бўлмаган кўпчилик Альфредо ди Стефано номини эшитган. Қуйидаги мақола эса 50 йиллар афсонасининг «Реал»га қандай келиб қолгани ҳақида ҳикоя қилади.
Бу трансферда шахсан генерал Франконинг қўли бўлганми?
Альфредо ди Стефанонинг Жанубий Америкадан Испанияга келиб қолиши замонавий трансфер бозоридаги ҳар қандай воқеликни ортда қолдиради. Бундай чалкаш трансфер футбол тарихида на ундан аввал ва на ундан кейин бўлди.
Футболчининг трансферига тўртта мамлакатнинг бешта клуби нима сабабдан аралашгани, ярим йил ичида 10 килограмм вазн йиғган ди Стефано, уни деб «Барселона» президенти ишдан кетгани ва аргентиналик футболчининг илк «Эль-Класико»си қандай кечгани ҳақида ҳозир сиз билан суҳбатлашамиз.
Ди Стефано Жанубий Америкада: Аргентинадаги исён ва Колумбияга қочиш
Ҳужумчи фаолиятини 1944 йилда «Ривер Плейт»да бошлайди. У тезда етакчи футболчи, тўпурарга айланди ва бутун минтақада донг таратди. Дебютидан беш йил ўтиб ди Стефано профессионал футболчилар қўзғолонига қўшилди. Улар маошлари оширилиши ва шартнома якунида исталган клубга йўл олиш ҳуқуқини талаб қиларди. Узоқ тортишувлардан сўнг клублар талабларнинг бир қисмини бажаришга рози бўлди, бироқ футболчилар ҳали ҳам трансферларга таъсир ўтказа олмасди.
Ўша йили «Ривер Плейт» авиаҳалокатга учраган «Торино» футболчилари хотирасига бағишлаб ўтказилган учрашувда қатнашиш учун Италияга йўл олди. Сафар вақтида ди Стефано клуб президенти уни футболчиларидан айрилган клубга трансфер қилмоқчи бўлаётганини сезиб қолди. Туринликлар футболчини сотиб олишни уддасидан чиқа олмади ва музокаралар барбод бўлди. Аргентинага қайтгач Альфредо «Ривер Плейт» раҳбарияти билан қаттиқ тортишиб қолди ва Колумбияга қочиб кетди. У вақтлари Колумбияда футболни тарғиб қилиш сиёсат даражасига кўтарилган, футболчиларнинг маоши баланд ва улар исталган клубда тўп суриш имкониятига эга эди.
Мамлакат футбол ассоциацияси ФИФАдан четлатилган, аммо профессионал лига алоҳида ташкилот сингари ҳаракат қилар эди. Шу сабаб Колумбияга чет эллик футболчилар оқими тўхтамас эди, футболчилар амалдаги шартномалари тугамасидан ва ўз юртида узоқ йилларга дисквалификация қилинишини билса-да бу ерга ташриф буюришдан тўхтамасди. Ди Стефано «Милионариос» билан шартнома имзолади ва бу жамоа билан кетма-кет уч йил чемпионликни қўлга киритди. Альфредо икки марта чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланди. Ўша вақтда мазкур жамоа дунёнинг энг кучли клубларидан бирига айланганди.
Футболчининг Европа гранд клублари эътиборига тушиши
Колумбия клубларига халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди ва бундан «миллионерлар» жон деб фойдаланди. 1953 йилда ди Стефанонинг жамоаси кичик Жаҳон Кубогида ғолиб чиқди. Венесуэлада ўтган мусобақада иккита Европа ва иккита Жанубий Америка клуби иштирок этганди. Ҳужумчи Венанинг «Рапид», «Эспаньол» ва ҳуқуқий томондан ҳақиқий клуби ҳисобланган «Ривер Плейт»га гол урган ҳолда мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди.
Бундан бироз аввал «Милионариос» «Реал»нинг 50 йиллигига атаб ташкил этилган мусобақада қатнашиш учун Испанияда бўлганди. У ерда ди Стефано «Реал»га қарши финал баҳсида дублга эришди. Унинг жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва Альфредо мусобақанинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ўйиндан сўнг «Реал»нинг ўша вақтдаги президенти Сантьяго Бернабеу офисга қайтган, биллур кулдонни полга улоқтирган ва клуб ғазначиси Раймунд Намиасга бақира кетганди: «Бу йигит меники бўлади!».
Бироқ уни «Барселона» президенти Энрик Марти ортда қолдирди.
Музокараларнинг бошланиши ва каталонларнинг хатоси
Ди Стефано бу орада «Атлетико» мураббийи Эленио Эррера ва «Барселона» клуби скаутлар бошқармаси раҳбари Хосеп Самитердан таклиф олишга улгурди. Кичик Жаҳон Кубогидан сўнг футболчи «Милионариос»га қайтишдан бош тортди ва Аргентинада қолди. У исталган вақтда оиласи билан Европага равона бўлишга тайёр эди.
«Барселона» футболчининг трансфер ҳуқуқи билан юзага келган чалкашликларни тўғирлаш учун музокараларга машҳур каталон адвокати Рамон Триас Фаргасни юборди. «Миллионерлар» билан шартномаси бўлишига қарамай, ди Стефано ҳали ҳам «Ривер Плейт» футболчиси эди. Шундай экан, трансферни амалга ошириш учун ҳар икки клубга пул тўлаш лозим эди. Фаргас аргентиналиклар билан тезда келишувга эришди ва «Милионариос»даги масалани ҳал қилиш учун Колумбияда яшовчи каталониялик Жоан Бускетс билан боғланди.
Бу эса катта хато эди, сабаби Бускетс «Милионариос»нинг азалий рақиби «Independentэ Санта-Фе» клубининг директорлар кенгаши аъзоси эди. Унинг музокаралар столида пайдо бўлиши «миллионерлар» раҳбариятига уларнинг устидан кулишдек туйилди. Бунинг устига, футболчи учун «Ривер»га 87 минг доллар (ҳозирги вақтда, тахминан, 900 минг доллар) тўлашга келишиб қўйган каталонлар «Милионариос»га шунчалик кам маблағ таклиф қилдики, бунинг натижасида колумбияликлар раҳбарияти музокаларни дарҳол тўхтатди.
«Барселона» вакиллари «Ривер Плейт» билан келишувга эришилгани трансфер учун етарли деб ҳисоблади ва Колумбия клубининг рад жавобини эътиборсиз қолдирган ҳолда пулни тайёрлашни бошлади. Илк пул ўтказмалари 10 августга қадар аргентиналиклар ҳисобига келиб тушиши керак эди.
Испанияга кўчиш, Боготадан келган телеграмма ва иккита шартнома
1953 йилнинг 23 майида Альфредо ди Стефано оиласи билан бирга Аргентинани тарк этди ва Барселонага йўл олди. Ҳужумчи томонидан имзоланган шартномада қуйидаги чалкаш банд ҳам бор эди: «26 июль куни футболчи Колумбиядаги фаолияти туфайли юзага келадиган муаммолардан қатъи назар клуб тасарруфига етиб келиши шарт».
Ди Стефано Испанияга кетганидан бир кун ўтибоқ Сантьяго Бернабеу Раймунд Намиасни «Милионариос» билан кечажак музокараларда «Реал»нинг расмий вакили эканини билдирувчи ҳужжатни имзолади.
Уч кун ўтиб, «Ривер Плейт» Колумбиядан телеграмма олди. Унда «Милионариос» 1954 йилнинг октябрига қадар ди Стефанони «Реал» трансфер қилиш борасида келишувга эришгани ёзилганди. Битимни ўша заҳоти футболчининг ўзига жўнатишди. Telegramма кетидан Намиас ҳам Аргентинага етиб келди. «Реал»нинг расмий вакили «Ривер» билан келишувга эришди. Унга кўра, каталон клуби 11 августга қадар биринчи пул ўтказмасини амалга оширмаса, «Ривер» футболчини «Реал»га сотишга мажбур бўларди. «Барселона» пулларни дедлайнга тўрт кун қолганида ўтказди.
Ди Стефано «Ювентус»да, Испания футбол федерациясининг ғалати қарори ва истеъфога чиқарилган президент
Бу вақтда аргентиналик футболчи Испаниядаги ҳаётга мослашаётган, Ласло Кубала билан кўк-анорранг либосда биргаликда суратга тушган ва ҳатто каталонлар сафида ўртоқлик ўйинида қатнашишга ҳам улгурганди. Бироқ «Барселона» президенти Мартига футболчи атрофида юзага келган муаммоли вазиятлар хуш келмади ва ўша ёздаёқ ди Стефанодан қутулиш қарорига келди. Иқтидорли футболчини принципиал рақибига беришни истамаган Марти «Ювентус» билан музокаралар ўтказиш учун Италияга йўл олди. Бундан хабар топган Альфредо президент билан қаттиқ тортишиб қолди. Бу орада вазиятни тушуниб етган туринликлар футболчининг мақоми борасида ФИФАнинг расмий хатини талаб қилган ҳолда музокарлар ўтказишдан бош тортди.
ФИФА бу масалага аралашди ва Испания футбол федерациясидан вазиятга ойдинлик киритишни талаб қилди. 1953 йилнинг сентябрь ойида федерация ғалати қарор чиқарди. Унга кўра, ди Стефано 1953/54 ва 1955/56 йилги мавсумни «Реал»да ўтказиши керак, кейин эса 1954/55 ва 1956/57 йилги мавсумда «Барселона»да ҳаракат қилиши лозим эди. Қарор музокараларни диққат билан кузатиб борган Испания ҳукумати вакили ва ҳар икки клуб раҳбарияти томонидан маъқулланди. Сантьяго Бернабеу «Реал»да ўтган биринчи йилдан кейин футболчи Каталонияга кетиш орзусида ёнмаслигини жуда яхши биларди, Энрик Марти эса федерация ва ҳукуматнинг босими остида бунга рози бўлишга мажбур бўлди. Бу қадам ишқибозлар ва «Барса» фан клуб етакчиларини ғазаб отига миндирди. Якунда президент ўша ойнинг ўзида ишдан ҳайдалди.
«Барселона» ўша заҳоти 87 минг доллар эвазига футболчининг трансфер ҳуқуқини «Реал»га сотиб юборди, ди Стефано турмуш ўртоғи ва икки қизи билан тунги поезд билан Мадридга йўл олди. Футболчи 7 ой расмий ўйинларда майдонга тушмаган ва ўн килограмм ортиқча вазн йиғганди. Бироқ Мадридга келганидан бир кун ўтиб ташкил этилган ўртоқлик учрашувида «Нанси» дарвозасини ишғол қилди.
«Барселона»нинг нўноқлигими ёки фитна? Самитернинг иккиёқлама ўйини ва диктаторнинг аралашуви
Ди Стефанонинг трансфер тарихи жуда кўп саволлар уйғотади. Нима учун «Барселона» Жанубий Америкада бу қадар нўноқ музокара олиб борди? Ди Стефанони биринчи каталонлар сотиб олишга уринганди, бироқ нима учун испан футболи корчалонлари уни аввалига «Реал»да ўйнайнашини белгилади? Ва нима сабабдан «Барселона» иқтидорли футболчини азалий рақибига осонгина топшириб қўйди?
Узоқ йиллар мобайнида буни фитна деб атаган томоннинг фикрича, Испания диктатори Франко тизимли равишда каталон футболини синдиришга уринган ва «Реал»ни қўллаб-қувватлаган. Бундай тахмин 1953 йилга қадар жуда кулгили кўринарди: Франко Испанияни бошқарган 17 йил мобайнида каталонлар беш бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритган, мадридликлар эса бирор марта ҳам бу бахтга сазовор бўлмаган. Бундан ташқари, «Реал» президенти Сантьяго Бернабеу билан суҳбат қуриб турадиган Франко узоқ йиллар давомида «Барселона»нинг афсоналаридан бири Хосеп Самитер билан қалин дўст бўлган. Ўша вақтда Самитер «Барселона»нинг скаутлар бўлими раҳбари эди. Самитер ҳатто Франко кўкларга кўтарилган фильмда ҳам рол ижро этганди.
Ди Стефанонинг Испанияга келишидан уч йил олдин «Барселона» скаутлари раҳбари яна бир тортишувли трансферда иштирок этган, бироқ ўшанда воқеалар ривожи бунинг айни акси бўлганди. Ласло Кубала «Реал» билан келишувга эришган, бошланғич шартнома имзо чеккан ва битимнинг сўнгги бандларини муҳокама қилиш учун Мадридга йўл олганди. Бироқ Самитер уни вокзалда тутиб олади, маст бўлгунига қадар ичиради ва «Барселона»га ўтишга кўндиради.
Бироқ баъзи маълумотларга кўра, Хосеп Самитер ди Стефано трансферида иккиёқлама жосусдек ҳаракат қилади. Айнан у Фаргасни Колумбиядаги музокараларга Бускетсни жалб қилишга кўндиради, сўнгра футболчини «Реал»га бериб юборишга рози бўлганлар орасида бўлади. Бу Самитернинг «Кубала иши» учун Франкога қайтарган қарзими? Бунинг асл сабабини била олмасак керак.
Янги юлдуз
Нима бўлган тақдирда ҳам аргентиналик футболчининг «Реал»га ўтиши футбол тарихини ўзгартириб юборди. Йигирма йил Ла Лигада ғолиб чиқа олмаган клуб ди Стефано келиши билан кетма-кет саккиз марта Испания чемпиони ва кетма-кет беш бор Европа Чемпионлар Кубоги соҳибига айланди. Ди Стефано бешта финалда ҳам гол уришга эришди ва футбол тарихида бир марта топширилган «Супер Олтин тўп»га лойиқ кўрилди. France Football ўшанда Кройфф, ди Стефано ва Платини триосидан энг кучлисини танлаб, бир марта ва умрбодга мазкур совринни топширганди.
«Реал»даги дебютидан бир ой ўтиб Альфредо ди Стефано илк «Эль-Класико»да қатнашди. Мадридликлар унда 5:0 ҳисобида ғалабага эришди, аргентиналик футболчи эса дублга эришди.
Шу тариқа буюк «Реал»нинг 50 йиллардаги афсонаси бошланганди.
Нодирхон Ҳамидхонов таржимаси