Бокс бўйича супероғир вазн тоифасида WBC камари соҳиби Тайсон Фьюри ва собиқ чемпион Деонтей Уайлдер иштирокидаги учинчи жанг 2020 йилнинг ёзида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда машҳур промоутер Боб Арум хабар берди.
«Реваншни 18 июнь санасида ўтказиш ESPN учун ҳам, FOX учун ҳам қулай бўлади. Бу вақт — Америка спортидаги ўлик палла, бу эса чипталар сотувига ижобий таъсир қилиши мумкин. NBA’да плей-офф ўйинлари якунланган, бейсболда эса мавсумнинг ярми кетаётган бўлади. Идеал вақт», — дейди Арум.
Эслатиб ўтамиз, Тайсон Фьюри 23 февраль куни Уайлдерни муддатидан аввал мағлубиятга учратиб, ундан WBC камарини тортиб олди.
Ушбу боксчилар ўртасидаги 2018 йилда бўлиб ўтган илк қарама-қаршиликда эса дуранг қайд этилганди.