Ёзги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар «Барселона» марказий ҳужумчи позициясини кучайтиришни режалаштирмоқда. Каталонияликлар Хулиан Альваресни ўз сафига қўшиб олиш умидини узмаган, аммо «Атлетико»нинг қатъий позицияси фонида «кўк-анорранглилар» бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Нуфузли инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқларда хабар беришича, «Барселона» Луис Суарес номзодини кўриб чиқмоқда. Албатта, гап 2014–2020 йилларда каталонияликлар шарафини ҳимоя қилган уругвайлик ҳужумчи ҳақида кетмаяпти. Гап «Спортинг»нинг Луис Суареси ҳақида бормоқда.
Романонинг таъкидлашича, Суарес трансферини амалга ошириш «Барселона» учун осон бўлмайди, чунки 28 ёшли колумбиялик футболчи «Спортинг»нинг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланади.
Агар Хулиан Альварес билан боғлиқ битимни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, «Барселона» кейинги ҳафтадан бошлаб Луис Суарес номзодини атрофлича кўриб чиқишни бошлайди.













