«Барселона» ҳужумчиси Усмон Дембеле кўп жароҳат олаётганига қарамай, клуб уни сотмоқчи эмас.
"Diario Sport" тарқатган хабарга кўра, «Барселона» ёзда франциялик футболчини трансферга қўймоқчи эмас. Клубнинг фикрича, биринчидан, бу оғир жароҳатдан эндигина соғайган ўйинчига нисбатан ноҳақлик бўлади.
Иккинчидан, «Барса» ҳам, бош мураббий Кике Сетьен ҳам Дембеледа жамоага фойда келтириши мумкин бўлган катта салоҳият борлигига ишонишмоқда, Усмон клубнинг муҳим ўйинчисига айланишига умид қилишмоқда.
"Кўк-анорранглилар" тиббиёт штаби Дембеленинг жароҳатларини чуқур ўрганиб, иккита хулосага келишди. Биринчидан, Дембеленинг суяк ва мушаклари у жамоага келганидан бери мустаҳкамланган. У "Барса"га келган пайтда унинг танаси ҳали тўлиқ шаклланмаган эди.
Иккинчидан, Дембелега индивидуал машғулот дастури керак. Боиси, спринтерлик хусусиятига эга бўлган футболчи ўз мушакларини янада кучайтириш устида ишлаши керак.
Усмон "Барселона" сафидаги энг сўнгги учрашувни 27 ноябрь куни ўтказган эди. Ушбу мавсумда у Ла лига доирасида 5та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди.