У икки бор Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан, Италия, Испания, Англия, Пуртугалия чемпиони. Stadion.uz Португалия футболида ўзидан из қолдирган Жозе Моуриньонинг 20 йиллик фаолиятига қисқача назар ташлаб ўтади.
2000/01-“Бенфика”
Соврин: йўқ
2000-йилнинг сентябрь ойида Жозе ўзининг биринчи жамоасини қабул қилиб олади. Эндигина катта футболга кириб келган мураббий “Бенфика”да ЮппҲайнкесни алмаштиргани эътиборга молик. У ўзининг илк иш кунидаёқбир нечта мураббийларни бўшатиб юборади. Жозени машҳур қилган: “Эшакни 30 йил боқсанг ҳам у отга айланмайди” иқтибоси “Бенфика” жамоаси мураббийлар штабига қарата айтилганидан кўпчилик бехабар бўлса, ажаб эмас. Жозе “Бенфика” билан бирин-кетин ғалабалар қозониши билан жамоадан узоқ муддатга мўлжалланган шартнома талаб қилади. Рад жавобини олиши билан декабрьойида жамоани тарк этади. Энг қизиғи шундаки, у сентябрь ойида постни қабул қилиб олган эди. Жозенинг илк “қўшиғи” атиги 2 ой янграган холос.
2001/02- “Ливейра”/”Порту”
Соврин: йўқ
Янги мавсумни қаҳрамонимиз камтарин “Ливейра”да бошлаган бўлса-да, мавсум ўртасида клубни чемпионатда 3-ўрингача олиб чиқади. Унинг ютуқларидан илҳомланган “Порту” мураббийга таклиф билан чиқади. Қарабсизки, Жозе мавсумнинг иккинчи қисмини “аждарлар” сафида ўтказмоқда. Ўша мавсумда Жозе “Порту” билан чемпионатнинг кумуш медалларига эга чиқади, бироқ мухлисларга келаси мавсумда чемпионликни ваъда беради.
2002-03-“Порту”
Соврин: УEФА кубоги, Португалия чемпиони, Португалия кубоги, УEФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи соврини эгаси
Ёш мутахассис “Порту”ни Деко, Карвальо, Маниша, Дерлей, Виктор Байя сингари тажрибали футболчилар атрофида қуради. Чемпионлик йўлида “Бенфика”ни 11 очко ортда қолдирган Жозе мамлакат кубоги финалида “Ливейра”ни мағлуб этади.
2003/04-“Порту”
Соврин: ЕЧЛ, Португалия чемпиони, Португалия суперкубоги, УEФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи соврини эгаси
Ўша мавсум бутунлай идеал якунланишига “Бенфика” Кубок финалида тўсқинлик қилиб қолади. Овертаймларда Симао киритган гол “Порту”ни треблдан маҳрум қилган бўлса-да, жамоа халқаро майдонда катта ўсишни амалга оширади. Айниқса, Жозе ЕЧЛдаги ғалабадан сўнг, жуда машҳур бўлиб кетади. Унинг “урушқоқ” “Порту”си Чемпионлар лигаси чорак финалида Алекс Фергюсоннинг “қизил иблислар”ини мусобақадан чиқариб юборгач, барча замонавий футболга кучли мутахассис кириб келганини англаб етган эди.
2004/05-“Челси”
Соврин: АПЛ чемпиони, Англия кубоги
Португалиядаги ғалабалардан сўнг, Жозега гранд клублардан бўлган талаб кескин кўтарилиб кетди. Узоқ танловлардан сўнг, “беназир” ўша даврнинг энг молиявий қудратли жамоаси – “Челси”ни танлайди. Лондонга кўчиб келиши билан ўзини “Беназир” деб аташларини талаб қилган Моуриньо биринчи урунишдаёқ АПЛ чемпионлигини қўлга киритади. Киритганда ҳам 95 очко ва атиги 15 та гол ўтказиб! Ўша даврдаги “Арсенал” ва “Манчестер Юнайтед”нинг қудратидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, у ҳақиқатдан ҳам “беназир” бўлган! Яна билмадим?!
2005/06-“Челси”
Соврин: Англия кубоги, Англия лига кубоги
Жамоага Абрамович Андрей Шевченкони олиб келди ва мураббий билан ўртадаги муносабат кескинлашди. Жозе Дрогбани кўпроқ майдонга ташлаш орқали Абрамович билан низони кескинлаштирди. Тўғри, Жозе чемпионлик пойгасида “Манчестер Юнайтед”дан қолиб кетди, бироқ ички биринчиликдаги барча кубокларни ўзиники қилиб олди.
2007/08-“Челси”
Соврин: йўқ
Абрамович ва Жозе бир командада қолишни истамай қолишди. Оқибатда, 20-сентябрь санасида Жозе сенсацион тарзда “Челси”нитарк этди. Жозедан сўнг, Авраам Гранд жамоа тепасига келади ва клубни илк бор ЕЧЛ финалига қадар етаклайди. Ундан каттароқ натижага Гранднинг даражаси етмаслигини барча англаб тургани боис, у ҳам Лондонда узоқ ушланиб қолмайди.
2008/09-“Интер”
Соврин: Италия чемпиони, Италия суперкубоги.
Бироз танаффусдан сўнг, яна катта футболга қайтган Жозе “Интер”ни катта мақсадлар сари етаклашни бошлайди. Италиядаги ўзининг илк матбуот анжуманида итальянча эркин сўзлашга ўтган Жозе А сериянинг барчамураббийларини ўққа тутишни бошлайди ва улар ички биринчиликдаги бирорта мусобақада ғолиб чиқа олмасликларини айтиб ҳаммани ишонтиради.
2009/10-“Интер”
Соврин: ЕЧЛ, Италия кубоги, Италия чемпиони, УEФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи соврини
Таниқли жамоа ва фантастик мураббий. Таркиб ҳам барчага яхши таниш: Снайдер, Это’О, Милито, Лусио, Майкон, Киву ва Жозенинг ораторлик қобилияти. ЕЧЛ плей-оффларида “Челси”, “Барселона” сингари жамоалари мусобақадан чиқариб юборилди. Финал учрашувида эса, “Интер” “Бавария”ни “шунчаки” енгиб қўя қолди. Ички биринчиликда ҳам “кўк-қора”ларга тенг келадигани топилмади. Мавсумнинг сўнгги учрашувини “Сантьяго Бернабеу”да ўтказган Жозе ўша стадионда “қолиб кетди”.
2010/11-“Реал Мадрид”
Соврин: Испания кубоги
Ўзини мақташни ўрнига қўювчи қаҳрамонимиз ўзи сингари “ўзгача” Гвардиолага тўқнаш келади. Ачинарлиси шундаки, Пеп илк эл-класикодаёқ Жозенинг юзига тарсаки (5:0) тортди ва барчага Жозе енгилмас мураббий эмаслигини кўрсатиб беради. Боз устига, Жозе “Реал Мадрид”ни узоқ кутилган ЕЧЛ ярим финалига қадар бошлаб борганини ҳам “Барселона” “хушламайди” ва уларни Мадридга жўнатиб юборади. Яхшиям-ки, Испания кубоги бор экан. Акс холда, “беназир”нинг Мадриддаги илк мавсуми тўлиқлигича бой берилган сифатида тарихда қолиши мумкин эди.
2011/12-“Реал Мадрид”
Соврин: Испания чемпиони
“Реал” Испания чемпионлигини 100 очко ва 121 та гол билан қўлга киритди, бироқ яна ЕЧЛ ярим финалида тўхтатилди. Бу сафар “Бавария” Мадрид жамоасини қаттиқ “хафа қилди”.
2012/13-“Реал Мадрид”
Соврин: Испания Суперкубоги
Мадриддаги 3-мавсум Жозе учун сўнггиси бўлиб қолди. Август ойида қўлга киритилган соврин Жозе учун ягоналигича қолди. Қўшимчасига, Жозе ва “Реал Мадрид” етакчилари ўртасида низолар келиб чиқишни бошлади. “Барселона”га қарши учрашувлар 3-жаҳон урушига айланиб кетишни бошлади. Футболчилар худди сўнгги бор майдонга чиққандек ҳаракатланишар, якунда барибир “Барса” ғалаба қозонаверар эди. Энг ачинарлиси, унинг жамоаси бусафар ҳам Чемпионлар лигаси ярим финалидан ортга қайтди. Левандовскининг “покери”барча масалага ойдинлик киритди-қўйди. Испания кубоги финалида “Атлетико Мадрид”дан қабул қилинган мағлубият сўнгги ва қалин нуқтани қўйди.
2013/14-“Челси”
Соврин:йўқ
Жозенинг АПЛга қайтиши журналистлар учун чинакам байрамга айланиб кетди. Унинг ҳар бир сўзи газзета ва журналларнинг биринчи саҳифаси учун сарлавҳага айланиб кетгач, Жозе секин-аста ўз имиджини ўнглаб олди. Тўғри, унинг жамоаси соврин ютмади, бироқ “Ливерпуль”нинг оёғидан тортиб қолиши билан барчанинг ёдида қолди.
2014/15-“Челси”
Соврин: Англия чемпиони, Англия кубоги
Лондон клуби Диего Коста ва Сеск Фабрегасни жамоага олиб келгач, Жозенинг тактикаси иш беришни бошлади. Жозе ҳам рақиблари манзилига ўз услубида “тош отишни” канда қилмагани эътиборга молик. “Вест Ҳэм”ни 19 аср футболини ўйнашини “юзига солган” Жозе “Челси”ни яна тахтга қайтарди. Молиявий қудратли “Манчестер Сити”ни ҳам 8 очкога ортда қолдирган Жозе яна ўзига ўхшашни бошлади. У ижросидаги матбуот анжуманлари қизғинроқ кўриниш ола бошлади, бироқ…
2015/16-“Челси”
Соврин: йўқ
“3-мавсум синдроми” яна катта саҳнага чиқди. Аввалига Жозе жамоа шифокори Ева Карнейро билан жанжаллашиб олди. Кейин навбат футболчиларга келди. Унинг нишонида барча-барча бор эди. Оқибатда, декабрьойи бошида ўтган мавсумдаги чемпион хавфли зонадаги клублардан атиги 1 очко кўпроқ тўплайди ва Жозе иккинчи бора “Челси”дан “ўз хоҳиши билан” кетади.
2016/17-“Манчестер Юнайтед”
Соврин: Европа лигаси ғолиби, Англия суперкубоги, Англия лига кубоги
Жозе устози – Луи Ван Галнинг ўрнини эгаллади ва тезда ишга киришиб кетди. Келиши билан жамоа тарихидаги энг катта трансферга (Пол Погба 105 миллион евро) қўл уради. Жамоа яхши формада бўлмаса-да, Жозе турли совринлар билан мавсумни мувоффақиятли якунлайди. АПЛдаги 6-ўрин ҳам совринлар сабабли “эйфория”га берилган мухлислар кўзига кўринмай кетди.
2017/18-“Манчестер Юнайтед”
Соврин: йўқ
“Манчестер Юнайтед” бор эътиборини АПЛга қаратади, бироқ сира “Манчестер Сити”ни қувиб етишнинг иложи бўлмайди. Ўша мавсумда 100 очко жамғарган Пеп бусафар ҳам португалиялик ҳамкамбини ортда қолдиради. Мавсум давомида Жозе 3 бор АПЛда ғолиб чиққанини барчага “пеш” қилишдан чарчамаган бўлсада, бирорта совринга эга чиқмайди.
2018/19-“Манчестер Юнайтед”
Соврин: йўқ
Яна ўша “3-мавсум синдроми” катта саҳнага чиқиб келгани ёдингизда бўлса, ажаб эмас. У шунчалик футболчиларнингжонига теккан эдики, барча унга қарши “қўзғолон” кўтариш арафасида эди. Боз устига, АПЛда унга янги рақиб – Антонио Конте кўриниш беради. Ўзидан бадтар эмоционал мураббийга танбеҳ берган Жозе икки қўлини “чўнтакка” солганча Манчестер шаҳрини тарк этади.
2019/20-“Тоттенҳем”
Соврин:йўқ
Почеттино Чемпионлар лигаси финалини бой бергач, шу қадар тушкунликка тушиб қолдики, оқибатда жамоани келаси мавсумга яхши тайёрлай олмади. Кўп ўмай истеъфога чиққан аргентиналик мураббийнинг ўрнини 20 йиллик қадрдонимиз – Жозежон Моуриньо эгаллади. Лондонга кўчиб ўтган мутахассибарчасини бошидан ўйлаб кўрганини кўп таъкидлаган бўлса-да, ўзини ғалати (аслида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган) тутишда давом этмоқда. Тўғри, натижалар кишини қувонтирмайди, бироқ жароҳатлар қуршовида қолган Жозе тажрибасини ишга солмоқда. Унда ҳали-ҳамон Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имкони мавуд. Боз устига, корона-танаффус унга қўл келиши аниқ. Сабаби, жамоанинг юраги Кейн ва Сон Хёнг Мин лазаретдан чиқиб “жанг”гакиришади.
Муаллифдан:
Нима бўлган тақдирда ҳам Жозе футболнинг оммалашиши учун 21-асрда энг катта ҳисса қўшган медиашахс бўлиб қолаверади. Унинг мағлубиятдан сўнг айбни бошқаларга ағдариши, футболчилар ҳақидаги ҳазиллари, матбуот анжуманидаги қизғин суҳбатларини ҳали соғиниб қолишимиз аниқ. Вақт бор экан, унинг футбол оламидаги ҳар бир ҳаракатидан ва ҳар бир “қилиғи”дан завқланишга ҳаракат қилайлик. Унинг сўнгги йиллардаги натижалари яхши бўлмаслиги мумкин, бироқ у Жозе Моуриньо ва “БEНАЗИР” сифатида ёдимизда абадий қолади!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев