Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ботир Кишкинбаев: «Федерацияда «Сурхон»ни кўра олмайдиган 1-2 одамлар жамоамизни Олий лигадан ноҳақ олиб ташлаган эди»

Баҳо:
+ | -

Сурхондарё футболининг яна бир афсоналаридан бири футболчилик ва мураббийлик фаолияти билан барчага таниш, тажрибали мутахассис, «Сурхон» жамоасини бир неча йиллар давомида бош мураббий сифатида бошқарган Ботир Кишкинбаев билан суҳбат уюштирдик.

— Сизни кўпчилик мураббий сифатида яхши билади. Лекин сиз ўз вақтида футболчи бўлиб ҳам яхши танилгансиз. Умуман, футболчилик фаолиятингиз ҳақида бошласак. Футболга қандай кириб келдингиз?
— Футболга мактабда ўқиб юрган вақтим СССР пайтида мактаблар ўртасида мусобақалар кўп бўлар эди. Ҳозирги Халқ таълими вазирлиги мана шу мусобақаларга яна қайтмоқда. Бир куни мактаблар ўртасида ўтказилган мусобақада ўйнаганимда Валентин Александрович Калпаков деган мураббий мени илк бор болалар спорт мактабига таклиф қилди. Кейин шу спорт мактабида ўйнаб, 10-синфга ўтганимдан кейин Сурхондарёнинг машҳур "Автомобилист" жамоасига мени таклиф қилишди. Мана шу жамоада ўйнаб мен кўп нарса ўргандим. Ўша вақтда Юрий Вазгениевич Саркисян, Таймураз Хабаев, Владимир Жуковский, Глингер Фанов, Парез Питихов, Николай Саприкин каби маҳшур футболчилар бор эди. Ўша вақтдаги СССР чемпионати жуда кучли бўлган. Россия, Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистондан кучли жамоалар келарди. Мана шу жамоалар билан бизлар ўша вақтда "буферни зона" дейиларди, шу зонада ўйнаб, тажриба тўплаганмиз. "Автомобилист" жамоасида ўйнашни ҳохловчилар жуда кўп эди. Лекин Сурхондарёда жамоа номи "Автомобилист" бўлган вақтда ҳам  жамоанинг 70-80% ўзагини маҳаллий футболчилар ташкил қилар эди.  20-30 % четдан олиб келинар эди. Лекин асосан маҳаллий ўйинчилар ўйнар эди. Ана шу тажрибали футболчилар кейинчалик мураббий бўлди. Мисол қилиб Юрий Саркисянни олсак, Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасини 26 йил бошқарди. Мен шу Юрий Вазгениевичдан кўп нарса ўргандим. Шу тариқа футболга кириб келганмиз. "Автомобилист" жамоасининг номи 1976-1977 йилларда жамоа номи ўзгарди ва "Сурхон" деб юритиладиган бўлди. "Сурхон" жамоасида Василий Юрин, Ренат Файрузув, Фарид Алюков каби таниқли футболчилар билан бирга ўйнаганман. Дўстим Фарид Алюков Европа чемпиони унвонини қўлга киритди. Ўша пайтларда СССР терма жамоасига тушиш жуда қийин масала эди. Сурхондарёдан ягона Европа чемпиони бўлган йигит бу Фарид ҳисобланади. "Сурхон"да ўйнаган пайтларимиз Тихинов мураббийимиз эди. У кўпинча бор эътиборини маҳаллий ўйинчиларга қаратар эди.

1979 йил "Сурхон" жамоасида ўйнадим. Кейин Самарқанднинг "Динамо" жамоаси менга таклиф билан чиқди. Биродар Абдураимов мени "Динамо"га таклиф қилди ва 3 йил давомида "Динамо" шарафини ҳимоя қилдим. Бизлар ўйнаган пайтдаги "Динамо" ҳаттоки сафарда дуранг ўйнаса ҳам эътибор беринг сафарда, бизлар Самарқандда Самарқанднинг кўчаларига чиқа олмас эдик. мухлислар талаби фақат ғалаба эди ва улар жамоани биринчи лигага чиқишини ҳохлар эди.

— Қачондан мураббийлик фаолиятингизни бошладингиз?
— "Динамо"да 3 йил ўйнаганимдан сўнг, "Сурхон" жамоаси бош мураббийи Таймураз Хабаев "Сурхон" билан Термизда бўлиб ўтган ўйиндан сўнг менга бўлди етар энди "Динамо"дан қайтгин, менга ёрдамчи бўлгин деди. Кейин мен у кишининг таклифига рози бўлиб ёрдамчи мураббий сифатида иш бошладим. Кейин Таймураз Хабаев Россияга кетгандан сўнг, мени Вилоят ҳокимлигига чақиришди ва мени "Сурхон" жамоасига бош мураббий этиб тайинлашди. Мен 4-5 йил давомида ҳам бош мураббий ҳам ўйновчи мураббий сифатида фаолият юритдим. Ўша пайтдаги авлод жуда кучли авлод эди. Бахтиёр, Равшан, Алишер Бозоровлар, Асад, Рустам, Равшан Дўрмоновлар, Вали Келдиев, ака-ука Ералиевлар, Ходжакулов каби таниқли футболчилар тўп сурар эди. Мустақилликга эришганимиздан сўнг, 1993 йил Биринчи лигага тушиб кетдик ва мен шу болаларни йиғиб, Олий лигага қайтшимиз керак деб тушунтирганман. Йигитлар буни тушуниб бор кучлари билан ҳаракат қилдилар ва шу йили Олий лигага қайтдик. Олий лигадаги биринчи ўйинимиз "Пахтакор" жамоаси билан бўлган эди. Ўйин Тошкентда бўлган эди. Ўша ўйинни ҳозир яхши эслайман Алишер Бозоровнинг ягона голи эвазига "Пахтакор"ни Тошкентда 0:1 ҳисобида мағлуб этганмиз. Ҳаттоки, Термиздаги баҳсда ҳам Рустам Асқаровнинг икки голи эвазига 2:0 ҳисобида ғалабага эришганмиз.

— Ботир ака сиз мураббийлик қилган даврдаги кўпгина футболчилар бугунги кунда футболда кўриниш бермаяпти. Мисол учун, ака —  ука Санжар ва Носир Эроновлар, Ислом Ҳамзаев, Отабек Садиев, Абулқосим Қурбонов, Акмал Ҳасанов, Ориф Оноров ва ҳоказолар. Айтингчи, ушбу футболчилар нима сабабдан футболда футболчи сифатида кўриниш бермасдан футболни тарк этди?
— Яхши савол бердингиз. Нега бу футболчилар бугунги кунда кўриниш бермаяпти. Нимага деганда, 2008 йилгача "Сурхон" биринчи лигада ўйнади. 2004 йил "Сурхон" жамоаси билан Олий лигада қолдик. Лекин Федерацияда "Сурхон"ни кўра олмайдиган 1-2 одамлар бор эди. Улар "Сурхон"ни Олий лигадан ноҳақ тарзда олиб ташлади. "Сурхон" жамоасининг ўрнига Самарқанднинг "Динамо" жамоасини қўйди. Кейин 2009-2010 йилларда узлиш бўлди. Сурхондарёда умуман футбол бўлмади. 2011 йили ўқувчи ёшлар ўртасида мусобақалар бўлар эди. Шу йили ҳокимимиз Туробжон Икромович Жўраев мени чақириб, "Баркамол авлод"да чемпион бўлсаларинг, мен "Сурхон"ни биринчи лигага қўяман деб ваъда берган эди. Иккаламиз келишиб олдик, менга ёрдам беришларини айтди. Кейин мана шу йигитларни йиғиб, 2011 йили 6 ой давомида "Баркамол авлод" ўйинларига жиддий тайёргарлик кўрдик. Ўша вақтда "Баркамол авлод" мусобақалари ҳудудлар бўйича саралаш ўйинлари бўлиб ўтар эди. Шу саралашдан ғолиб чиққан жамоалар Финал босқичига йўлланмани қўлга киритар эди. Биз Қашқадарё, Бухоро билан бир гуруҳда баҳс олиб бордик.  Шу вақтлари Қашқадарёда футболга катта эътибор бериларди. Марҳум Нуриддин Зайниев футболга қизиқиши жуда юқори эди.Қашқадарё таркибида "Шўртан", "Насаф", "Машъал" жамоаларида тўп сурадиган футболчилар ўйнар эди. Лекин биз шунга қарамасдан қийин гуруҳдан биринчи ўринни олиб, Финал босқичига қатнашиш имкониятини қўлга киритдик. Кейин мен йигитларга тушунтирдим.  Биз мана шундай қийин гуруҳдан чиқиб келдик. Мана энди Финал босқичида ғолиб бўлмасак бўлмайди деб тушунтирдим. Йигитлар буни яхши ҳис қилишди ва шу йили "Баркамол авлод" спорт ўйинларининг футбол спорт туридан биринчи ўринни қўлга киритдик. Кейин Туробжон Икромович ўз сўзларида туриб, "Сурхон"ни яна биринчи лигага қайтарди ва уч йил давомида биринчи лигада ўйнадик. Ушбу футболчилар Олий лига жамоаларида бемалол ўйнаб кета олар эди. Нега деганда улар уч йил давомида тинимсиз меҳнат қилишди. Лекин 2013 йилдан сўнг, 2014-2015-2016 йилларда яна Сурхондарёда футбол бўлмади. Ҳоким алмашгандан кейин футболга эътибор қаратилмади. Ҳатто биринчи лигада ҳам Сурхондарёдан жамоа иштирок этмади. 2017-2018 йилларда яна "Сурхон" биринчи лигада тўп сурди. 2019 йил эса Суперлигага йўлланмани қўлга киритди. Мен айтмоқчиманки, мана шу Эроновлар  ва бошқа футболчилар яхши ўйинчилар эди.Шунчаки буларга ўйнаш учун имконият бўлмади десам тўғри айтган бўламан. Барибир Сурхондарёда футбол бўлмагандан кейин ушбу футболчилар ҳам тирикчилигини кўриши керак. Ҳаммаси янги сунъий қопламали майдонлар очилгандан кейин мини футболга берилиб кетди. Агар Сурхондарёда футбол бўлиб турганда ушбу футболчилар бемалол бошқа жамоаларда тўп сура оларди деб бемалол айта оламан. Кучли авлод эди. Ҳар бир мураббий жамоани қабул қилиб олгач, ўзи билган ва таниган футбочиларни жамоага таклиф қилади. Мен буларга ишонар эдим. Тўғрисини айтсам, ўша вақтлари "Сурхон" жамоасида пул масаласи ҳам қийин эди. Футболчилар 5-6 ойлаб ойлик олмасдан ўйнади. Сурхондарёлик бўлгани учун ҳамма нарсага чиқаб, ўйнади.

— «Сурхон» жамоасини ўйинларини кузатиб борасизми? Мутахассис сифатида жамоа ўйинини қандай бахолайсиз?
— "Сурхон" жамоасининг ҳамма ўйинига бораман. Бу йилги мавсумда менга битта нарса ёқди. Ҳар бир жамоа қошида U-18 жамоаси ташкил этилди. Бундан ташқари, ўринбосарлар таркиби ва асосий таркиб. "Сурхон" жамоасини ўйинини доимий кузатиб бораман.

Ҳозирги "Сурхон" U-18 жамоасида мени қўлимда тарбия олаётган 10 нафар ўйинчим ўйнаяпти. Шунча йиллик тажрибамни қўллаб уларга ўргатдим, ҳар доим меҳнат қилиш керак эканлигини таъкидладим. Мен ишонч билан айта оламанки, мана шу ҳозирги ўйнаётган ёш футболчилар 1-2 йилдан сўнг, бемалол "Сурхон" жамоасиинг асосий таркибида ўйнаб кета олади. Бу ўйинчилар футбол ўйнагиси келаяпти. Оддий мисол, "Сурхон" жамоаси "Насаф"га қарши ўйинда ҳисобда ортда бораётганда тўлиқ ҳужумга ўтди ва гол урди. Голдан сўнг, жамоамиз яна гол уришга ҳаракат қилди ва гол ўтказиб юборди. Менимча ушбу вазиятда тескари тактикани қўллаганимизда яна гол уришимиз мумкин эди. Мен ҳозирги "Сурхон"да ўйнаётган кўпгина футболчиларни танимайман. Лекин 7 рақамли футболчи (Хусниддин Ғофуров)нинг ўйини менга жуда ёқди. Бунақа футболчилардан фойдаланиб қолиш керак.  "Насаф" жамоаси 2-3 йил давомида ёшларини ўйнатди. Ўша футболчилар тажриба тўплади, миллий терма жамоалардан чақирув олди. Менимча "Насаф" бу йили бемалол чемпионликга кураша олади.

"Сурхон" жамоаси ютқазса, Сурхондарёлик мухлислар хафа бўлишади. Лекин биласизми "Сурхон" жамоасининг бу йилги таркиби жуда кучли. Менимча жамоага бироз омад етишмаяпти. Таркиб кучли лекин бирдан юқори натижа кутиш ҳам бироз қийин.  

Лекин мен шу ўринда шу фурсатдан фойдаланиб, "Сурхон"ни бошқараётган Азамат исмли акамизми-укамизми билмайман, мен тўғриси у кишини танимайман ҳам, шунча имконият яратиб  бераётгани учун раҳмат айтаман. мухлисларимиз битта нарсани тушунишини истардим, ҳамма жамоалар ҳам Олий лигада ўйнай олмайди. Футбол ўз-ўзидан бўлмайди. Тилда гапириш осон. Аввало бу инсонга раҳмат айтиш керак. Лекин менинг маслаҳатим, биз "Насаф"ни йўлидан кетишимиз керак.  Суперлигада тўп сураётган  Сурхондарёлик футболчиларни қайтаришимиз керак. Балки, у инсон ёш футболчилар етишиб чиққунга қадар бошқа футболчиларни таклиф қилаётгандир мен буни билмайман. Қийин бўлса ҳам 1-2 йил ичида "Насаф" жамоаси йўлини танлашимиз керак. Яна бир илтимосим имкон қадар "Сурхон" U-18  ва U-21 жамоалари ўйинга бир кун олдин борсин. Болалар мослашсин ва шунда натижа бўлади ва болалар ўсади.

— Сиз бугунги кунда Сурхондарё болалар ва ўсмирлар футбол академиясида мураббий сифатида ишлаб келмоқдасиз. Сизни қўлингизда ёш иқтидорли футболчилар ўсиб келаяптими?
— Ҳозирги кунда футбол академиясида мураббий бўлиб ишлаб келаяпман. Академияда Ҳалқаро "С" мураббийлик лицензиясига эга бир қатор мураббийлар бор.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мен ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: болаларингизни кимлардир "Пахтакор" га олиб бораман, "Локомотив" га олиб бораман деб нималарнидир ваъда қилиб, олиб кетаётган бўлса, ишонманг! Оддий мисол қиламан. Ботир исмли мураббий 2003 йилдаги 5-6 иқтидорли болаларни академиядан олиб кетиб, Тошкент клубларига жойлаштирди. Оҳир-оқибат орадан бироз вақт ўтиб, ушбу футболчиларни футболдан кўнгли қолиб, футболдан қизиқиши қолиб кетди ва қайтиб келишди. Мен бу гапларим билан нима демоқчиман: Сурхондарёдаги футбол академияда ҳам тажрибали мураббийлар ишлашади. Энг муҳими фарзандингиз доимий эътиборда ва назоратда бўлади. Сабрли бўлинг, ўғлингизни юлдуз қилмоқчи бўлганларга ишонманг! Бугун мана шунақанги ҳолатлар жуда кўпайиб кетмоқда. Илтимос, огоҳ бўлинг! Дараҳт ҳам бир жойда ўсади. Исииқ овқат бўлса, ётоқҳона бўлса яна нима керак? Бўламан деган футболчи шу ерда ўқиб ҳам, зўр бўлиши мумкин!

— Сизни бир неча йиллик қадрли дўстингиз Панжи ака бугун нималар билан банд? У киши билан алоқаларингиз аваллгидекми?
— Панжи ака билан аввал қандай иноқ бўлган бўлсак, ҳозир ҳам шундаймиз. Ҳозир ҳам деярли ҳар куни бирга тушлик қиламиз. Панжи ака ўзимнинг қўл остимда «Сурхон» жамоасида 21 йил маъмур бўлиб ишлаган. Ҳозир Панжи ака нафақада. Қолаверса, «Сурхон»ни ўйинларини бирга кўргани стадионга борамиз. Мен ўйлайман Панжи ака билан умримнинг охиригача дўст бўлиб қоламиз деган умиддаман.

— Ўсиб келаётган ёш футболчиларга тавсияларингиз.
— Ёшларга маслаҳатим ўз устида тинимсиз ишлаш керак. Ўз устида ишласа ёки меҳнат қилса албатта бир кун келиб у яхши футболчи бўлиб етишиб чиқади. Ҳамма ҳам туғма талантли футболчи бўлиб туғилмайди. Футболнинг ҳам худоси бор. Улар тепадан қараб туради.  Худодан сўранг, тинимсиз меҳнат қилинг албатта роҳатини кўрасиз.

Суҳбатимиз сўнггида мухлисларга яна бир бора мурожаат қилмоқчи эдим: «Сурхон» жамоаси мағлубиятга учраганда уларни сўкмангизлар, урушманглар! Шу болалар «Сурхон» шарафини ҳимоя қилаяпти. Сабрли бўлишни илтимос қилардим.

«Сурхон» жамоасига, ўринбосарлар таркибидаги футболчиларга, қолаверса ёшлар жамоасидаги футболчиларга мустаҳкам соғлик тилайман. Жарохат олишмасин! Қўрқмасдан футбол ўйнанглар. Сурхондарё футболини янада юқориларга кўтаринглар!

Манба: https://t.me/FCSURXON_OFFICIAL
Киритилди: 07:54, 06.04.2020.
Ўқилди: 3887 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.