12 апрель куни мураббийлик соҳасида порлаган Марчелло Липпини эслаймиз. Чунки у бугун 72 ёшини Италиянинг оғир кунларида нишонламоқда. Кеча Бобби Мурни эслагандик. Липпи ундан фарқли равишда етуклигини майдонда эмас, майдон четида намойиш этган. Италия футболининг ёрқин инқилобчиси, охирги жаҳон чемпионлигининг бунёдкори ҳисобланади.
Марчелло Липпи Италиянинг кўп клубларига мураббийлик қилган ва энг яхши мавсумлари “Ювентус” билан боғлиқ. Жамоани беш марта скудетто соҳиби қилган, бир марта ЕЧЛ ғолиби... Тарихда биринчи бўлиб ҳам жаҳон чемпионлигини, ҳам ЕЧЛни қўлга киритган мураббий ҳам қаҳрамонимиз бўлади.
Бир кетиб қайтиб келгач ҳам Турин клубини мамлакат чемпиони қила олди, ЕЧЛнинг финалига чиқди, тўғри у ерда пенальтилар сериясида “Милан”га ютқазган бўлса-да, ўйин томонлама тенгма-тенг рақобат кўрсатганди. Бу натижани ҳам Липпининг фойдасига ёзиб қўямиз. “Ювентус”ни яхши билган инсонни терма жамоага бош қилиш таклифи кимдан чиққан билмадигу, лекин жуда тўғри қарор бўлган. Сабаби, скуадро адзурра айнан “Юве” таркибидаги ўйинчиларга қуриларди. Дарвозабон, ҳимоя ва ярим ҳимоядаги креатив йигитларга.
Шу боис, жуда кўп машҳур футболчилар билан катта жанжалларга борадиган Марчелло Германияда ўтган мундиалда шоҳсупага чиқа олди. Порлаган йигитларнинг асосий қисми ҳам“Ювентус” вакиллари бўлишди. Дарвозадан тортиб, кўп голларни урган йигитларгача.
Липпи тўқсонинчи йиллар охирида Баджо билан келиша олмагани ҳақида кўп эшитганмиз. Бу воқеа 94-йилги мундиалдан сўнг, Роберто ўрнини аста-секин Дель Пьерога бериб қўяётган пайтга тўғри келади. Ҳатто баъзи манбаларнинг айтишича, Роби атайин асосий таркибдан четлатилган, Липпи ундан жамоа ичкарисидаги гапларни етказиб беришни сўраганида, рад жавобини эшитгани учун, дейишади.
“Интер”га ўтганида ҳам Баджо билан жанжали давом этган. Бу сафар Моратти қаршилик кўрсатгани ва натижалар ёмонлашиб кетгани учун Липпи истеъфога чиқарилган.
Майли, бу гаплар муҳиммас. Муҳими, Липпи Италия футболини оғир пайтда – айнан уни ишга олган Моджига боғлиқ воқеалар даврида жардан олиб чиқолгани билан эсланади. Унинг Баджо, Кассано, Ди Вайо ва яна кўпгина иқтидорларни чиқиштирмагани эса, мураббийлик иши деб баҳоланаверса керак. Скуадро адзурранинг охирги бор кубок кўтаргани лавҳасини кўрганимизда Марчелло Липпини кўрамизми, демак, ҳозирча у мамлакатида охирги магикан, охирги афсона...
Хайрулла Ҳамидов