Stadion.uz сўнгги йилларда Англия премьер-лигасидаги қайд этилган энг кутилмаган натижалар ва клублар тарихидаги энг яхши учрашувларни ёдга олиб ўтади.
10. «Тоттенхэм» - «Уиган Атлетик» 9:1 (22.11.2009)
Бу учрашув “шпорлар”нинг ўз уйида қайд этган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси сифатида тарихда абадий қолади. “Тоттенхэм” «Уайт Харт Лейн»да “Уиган”ни тор-мор келтирган учрашувда клуб постида Харри Реднапп бор эди. Ўша оқшом Жермен Дефо пента-трикни амалга оширган бўлса, Аарон Леннон, Нико Кранчар, Питер Крауч ва ёш иқтидорли Девид Бентлиўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйган эди. Айни дамда Бельгия терма жамоасида фаолият олиб бораётган Роберто Мартинес шогирдлари Паул Шарнер гол киритганини инобатга олмаса, айтарли қаршилик кўрсатаолмаган эди. Ўша даврдаги “Тоттенхэм”нинг таркиби ҳозиргисидан анча кучлироқ бўлганини тан олиш лозим.
- «Манчестер Сити» - «Челси» 6:0 (10.02.2019)
Пеп Гвардиола истаган клубини тор-мор келтириши одатий ҳол, бироқ АПЛда “Челси” дарвозасига жавобсиз 6 та гол киритиш бу шунчаки “даҳшат”! Сарри бошчилигидаги “аристократлар” “Эттиҳад”да шу қадар заиф кўринишдики, ҳатто мураббийнинг истеъфоси аниқлиги шундоққина кўриниб қолди. Тўғри, Сарри ўзидан Европа Лигасидаги ғалаба ва шаклланган таркибни қолдирди, бироқ ўша аламли мағлубият узоқ муддат хотираларимизда сақланиб қолиши аниқ. Дарҳақиқат, ўша мавсумда “Манчестер Сити” ички фронтдаги барча мусобақаларда ғалаба қозониш орқали кўплаб рекордларни ўрнатган ва якунда Анлгиядаги мутлақ гегемонликни расмийлаштирган эди.
8. «Ньюкасл» - «Манчестер Юнайтед» 5:0 (20.10.1996)
Бу учрашув 1996-йилда жуда катта аҳамият касб этган эди. 1995-йилда “Ньюкасл” қўлидаги совринни сўнгги 3 та турда аламли тарзда “МЮ”га бой бериб қўйгани сабабли ўзига хос реванш илинжида “қизил иблислар” билан учрашувни интиқлик билан кутаётган эди. Эътиборлиси шундаки, вице-чемпион ва чемпион ўртасидаги учрашувда “Ньюкасл” ўтган мавсум “Манчестер Юнайтед”га омад кулиб боққанини исботлаб берди. “Манчестер Юнайтед”нинг шармандали мағлубияти билан якунланган учрашувда Дарен Пикок, Давид Жинола, Лес Фердинанд, Алан Ширер ва Филип Альбер дарвозани ишғол қилганча жамоанинг нималарга қодир эканлигини исботлаб берди. Ўша оқшом Кевин Киган шогирдлари ҳар жабҳада “қизил иблислар”дан ўч олишга интилишди ва амалда буни исботлашди.
7. «Ноттингем Форест» - «Манчестер Юнайтед» 1:8 (06.02.1999)
Бу учрашув тўлиқлигича “Манчестер Юнайтед”нинг амалдаги мураббийи – Оле Гуннар Сульшерга бағишланган десак, адашмаган бўламиз. Қаҳрамонимиз ўша оқшомда захирадан майдонга тушгач, 10 дақиқада 4 та гол киритишга муваффақ бўлади ва Дуайт Йорк ва Энди Куолдан фойдалироқ ҳаракат қилади. Ўша учрашувдан сўнг, “Ноттингем” клуби устози Рон Аткинсон учун жамоадаги сўнгги учрашувига айланади. Ҳа айтганча, Ноттингемдаги ўйин қаҳрамони Сульшер кўп ўтмай ЕЧЛ финалида ҳам захирадан майдонга тушиб “Бавария”ни кубокдан маҳрум қилади. Умуман олганда, футбол оламидаги 1999-йил тўлиқлигича “Манчестер Юнайтед” ҳисобига ёзилган десак, умид қиламизки,адашмаган бўламиз.
6. «Саутгемптон» - «Манчестер Юнайтед» 6:3 (26.10.1996)
Чинакам жангга айланиб кетган учрашув АПЛ тарихидаги энг томошабоп футбол сифатида тарихда абадий қолади. “Саутгемптон” мухлисларининг айтишича, айнан шу учрашув севимли клубларининг АПЛ тарихида ўтказган энг яхши ўйини экан. Дарҳақиқат, Сер Алекс Фергюсоннинг “даҳшатли” “Манчестер Юнайтед”ибилан ўз майдонида очиқ футбол намойиш этган “авлиёлар” якунда рақибни ҳар жабҳада доғда қолдиришни уддалашган эди. Айниқса, ўйин якунида Метт Ле Тессенинг ҳимоячиларни бирин-кетин алдаб Шмейхел устидан парашют услубида тўпни дарвозага жойлагани барчасидан ўтиб тушади. Шунингдек, ўша оқшом Девид Бекхэм жарима зарбасидан гол киритганини ҳам инобатга олсак, учрашув нақадар томошабоп бўлганини англаш қийин эмас.
5. «Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити» 1:6 (23.10.2011)
Бу кунни Манчестер шаҳри узоқ муддат унутмаслиги аниқ. Шаҳарнинг ярми қувноқ хотиралар билан ўйинни ёдга олса, қолганлар аламли мағлубиятни унутишганини такрорлашади. Дарҳақиқат, афсонавий "Олд Траффорд” аренада Манчини шогирдлари “қизил иблислар”нинг юзига тарсаки тортиб юборган эди. Марио Балотеллининг дубли билан бошланган учрашув якунида таблода 1:6 ҳисоби қайд этилиб турар, “қизил иблислар” мухлислари чуқур шок ҳолатига тушиб қолган эди. “Шаҳарликлар” ўша учрашувда ғалаба қозонибгина қолмай, КПРга қарши учрашувдаги тарихий ғалабани қўлга киритиш орқали 1968-йилдан бери амалга ошмаган орзуларини рўёбга чиқара олишган эди.
- «Мидлсбро» - «Манчестер Сити» 8:1 (11.05.2008)
Бундан қарийб 10 йил муқаддам араб шайхларининг катта пуллари билан кучга тўлган “Манчестер Сити”га ўша даврдаги АПЛнинг ўртамиёна клуби – “Мидлсбро” яхшигина сабоқ бериб қўйган эди. Тўғри, бу мағлубият амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаган, бироқ клубнинг янги эгалари “туманли альбион”ни пул билан забт этиб бўлмаслигини чуқур тушуниб етишган. Ўша даврда жамоани бошқарган Гарет Саутгейт жамоа билан 2006-йилда УEФА кубоги финалига қадар етиб борган бўлса, 2004-йилда клуб тарихидаги биринчи улкан соврин – Англия Лига кубогида зафар қучади. Умуман олганда, ўша пайтлардаёқ Гаретнинг келажаги порлоқ мураббий эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаган эди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди.
- «Манчестер Юнайтед» - «Арсенал» 8:2 (28.08.2011)
АПЛдаги Фергюссон ва Венгер ўртасидаги учрашувларнинг қандай натижа билан якунланишини олдиндан айтиб бўлмайди. Шунга қарамай, биз ёдга олаётган учрашувимизда “Арсенал” кўринмай қолгани билан бугунги рўйхатимиздан ўрин олмоқда. Айнан шу учрашувдан сўнг, Арсен Венгернинг даври ўтганини бутун дунё англаб етди. Британиялик журналистларнинг айтишича, ўша учрашувдан сўнг, “Арсенал”да емирилиш бошланган ва жамоа пастга қулашни “Олд Траффорд”да бошлаган. Қайсидир маънода, бу сўзларда мантиқ борга ўхшайди. Яна ким билади дейсиз?!
- «Саутгемптон» - «Лестер Сити» 0:9 (25.10.2019)
Яқиндагина бўлиб ўтган учрашувда “Саутгемптон” барча етакчи футболчиларини сотиб юборгани учун кескин жазоланди. Дарҳақиқат, бирин-кетин трансфер ойнасида футболчиларини сотиб юборган клуб якунда “тулкилар”дан қаҳшатқич зарбани қабул қилиб олишдан бошқа чора топа олмади. Ўша учрашувда Бренден Роджерс шогирдлари шу қадар ғалабага ўч тўп суришдики, ҳатто уларда 10-голни киритиш имкони ҳам пайдо бўлди. Соддароқ қилиб айтганда, ўша учрашувда “Лестер”ни фақат ҳакамнинг ҳуштагигина тўхтатиб қолди,холос.
- «Уотфорд» - «Ливерпуль» 3:0 (29.02.2020)
“Ливерпуль”нинг АПЛдаги сўнгги учрашувларидан бири кутилмаганда “қизиллар”нинг рекордлари барбод бўлиши билан якун топди. Барча “Арсенал” кўрсатган натижа янгиланишини кутаётган бир пайтда, “Уотфорд” Клопп шогирдларининг оёғидан тортиб қолди. Аслида биринчи бўлимда томонлар гол киритишмади. Барчаси бир темпда бораётган эди, бироқ Исмоил Сарр томонидан иккинчи бўлиб бошида урилган гол вазиятни ўзгартириб юборди. Тўғри, бу “Ливерпуль”ни чемпионликдан маҳрум қилган мағлубият бўлмади. Тўғри, бу мағлубиятдан сўнг, “Ливерпуль”нинг мухлислари бошни чангаллаб қолишмади. Шунчаки, бу мусобақанинг номи АПЛ эканлиги ва унда ҳеч қайси клуб мағлубиятдан суғурталанмагани яна бир маълум бўлди-қўйди.