Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Реал»нинг «бош оғриғи» — Гарет Бэйл ҳақида

Баҳо:
+ | -

Бир неча йил олдин «Реал»нинг етакчиси бўлиши кутилган Гарет Бэйл ҳозирга келиб клуб учун ҳақиқий «бош оғриғи»га айланган.

Мадрид клуби бир вақтлар 100 миллион евро эвазига харид қилинган ва кутилган ўйинни намойиш этиб бера олмаган уэльслик футболчининг хизматларига эҳтиёж сезмаяпти. Одатда бундай ҳолларда «қироллик клуби» футболчиларни тезда сотиб юборарди ёки бошқа бир клубга ижарага берарди. Бироқ Бэйл

масаласида ҳаммаси ҳам унчалик оддий эмас. Унинг «Реал»даги йиллик 17 миллион еврони ташкил қилади. Шунинг учун Бэйл Мадридни тарк этишга унчалик ҳам ошиқмаяпти. Бунинг устига пандемиядан кейинги инқироз даврида барча клубларда ҳам унинг молиявий эҳтиёжларини қондириш имконияти бўлмайди.

Жорий мавсумда Бэйл Ла Лигада 14 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва худди шунча голга ҳаммуаллифлик қилди. Бэйл ўтган мавсум билан таққослаганда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлаётганига қарамай, клубни тарк этиш учун асосий номзодлардан бири бўлиб қолмоқда. Уэльслик футболчи камдан кам ҳолатларда асосий таркибдан ўрин олади. Шунингдек, Бэйл анчадан бери самарали ҳаракатлари билан ҳам мақтана олмаяпти.

Шу пайтгача «Реал»нинг Бэйлни сотиш борасида қилган ҳаракатлари бесамар кетмоқда. Ўтган ёзда «галактикос» унинг трансфер қийматини 70 миллион евро этиб белгилаганди. Ўшанда унинг маошини ҳисобга олиб, ҳеч қайси бир клуб аниқ таклиф билан чиқмаганди. Январь ойида Бэйлнинг жамоадан кетмоқчилиги тўғрисида яна гап-сўзлар яна пайдо бўлди, аммо у миш-мишдан нарига ўтмади. Испан нашрларининг хабарига кўра, «Реал» раҳбарияти радикал қадам ташлаб, мавсум сўнгида Бэйлни текинга бошқа клубга қўйиб юбормоқчи. Тўғри, бу ҳолатда «Реал» ҳеч қандай фойда кўрмайди, бироқ 2 йил давомида футболчига тўланиши керак бўлган 34 миллион евро тежаб қолинади. Агар «Реал» ҳақиқатдан ҳам Бэйлни ҳеч қандай тўловларсиз қўйиб юборадиган бўлса, унинг клубни тарк этиш эҳтимоли янада ошади. Аввалроқ футболчининг агенти Жонатан Баррет мижозининг Мадриддаги ҳаётдан мамнун эканини маълум қилганди. Бэйл Испания пойтахтида қарийб 7 йилдан бери оиласи билан биргаликда истиқомат қилади, шу сабаб унинг бошқа шаҳарга кўчиб ўтиш масаласи бироз мушкулроқ кечиши мумкин. Аммо қаерда бўлишдан қатъи назар Бэйл фаолиятни давом эттириши зарур. Қуйида келажакда у бориши мумкин бўлган бир неча вариантлар тақдим этилади.

АПЛ

Бир вақтлар Бэйлга «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» томонидан қизиқиш бўлганди. Иккала жамоага ҳам ёш таркиб яхши қоришиб кета оладиган тажрибали ҳужумчи керак эди. Бироқ мавсум ўрталарига келиб, «Челси» ҳам «Манчестер Юнайтед» ҳам эътиборини бошқа футболчиларга қаратди ва Бэйлнинг

трансферидан воз кечди. Ҳозирда Англия Премьер Лигасида фақатгина «Тоттенҳэм» Гарет учун даъвогарлик қилмоқда. У «Реал»га ўтгунига қадар «шпорлар» таркибида 146 та ўйин ўтказиб, 42 та голга муаллифлик қилган. Sky Sports нашри Бэйлнинг Лондон клубига қайтиш эҳтимолини юқори баҳоламоқда.

Агар Ҳарри Кейн «Тоттенҳэм»дан кетадиган бўлса, Бэйлнинг трансфери амалга ошиш эҳтимоли янада ошади. Ҳозирда ОАВда Кейннинг мавсум сўнгида клубни тарк этиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларнинг кети узилмаяпти. Таъкидланишича, Кейн фақатгина тўртинчи ўрин учун курашишдан чарчаган ва совринлар ютиш ниятида. Гарет ва Кейнни ушлаб қолиш варианти эса уэльслик футболчининг юқори маоши туфайли клуб учун қийинчилик туғдириши мумкин.

А Серия

Сўнгги пайтларда Италия чемпионатида таниқли футболчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Бэйлда ҳам улардан бири бўлиш имконияти бор. Обрўли нашрлардан бири El Chiringuito’нинг хабарига кўра, Антонио Конте вингернинг  хизматларига жиддий қизиқиш билдирган. Ўтган ёздаёқ «Интер» устози клуб раҳбариятига Бэйлнинг трансферини таклиф этганди. Ўшанда «Интер» «Реал»га Бэйл учун зарур бўлган 70 миллион еврони беришга қодир эмасди. Аммо энди вазият ўзгариши мумкин, агар Мадрид клуби чиндан ҳам вингерни ҳеч қандай тўловларсиз «озод» қилса, «нерадзурри» унинг номзодига қайта тўхталиши мумкин. Бироқ футболчининг юқори маоши коронавирус пандемияси келтириб чиқарадиган инқироз даврида жиддий муаммолигича қолаверади.

MLS

Америка қитъаси вакиллари мунтазам равишда омади юришмаётган таниқли европалик футболчиларни жалб этишда давом этмоқда. Бэйл ҳам бундан мустасно эмас. 2019 йилнинг сентябр ойида унга MLS’нинг «Интер Майами» клуби қизиқиш билдираётгани маълум бўлганди. Бэйлнинг хизматларига шахсан Флорида клубининг хўжайини собиқ футболчи Девид Бекҳем қизиқиб қолганди. Жорий йилнинг январь ойида «Интер Майами» Бэйлга бўлган қизиқишларини янада оширди, бироқ иш трансфергача етиб бормади. Эҳтимол, ёзда Бекҳем Бэйлни яна ўз жамоасига қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўрар. Шундай бўладиган бўлса, «Интер Майами» футболчи учун курашда MLS’нинг бошқа бир клуби «Лос-Анжелес Гелакси» билан рақобатда енгиб чиқиши керак. Ҳар иккала клубда ҳам Гаретнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш учун ресурслар етарлича, шу боис вингерни бир неча ойлардан сўнг АҚШда кўрсак, ажаб эмас.

Хитой Суперлигаси

Бэйлга бўлган қизиқиш ва таклифларни кўриб чиқилар экан, Хитой Суперлигасига тўхталмаслик, Чин юрти клубларига нисбатан адолатсизлик бўларди. Гарет ўтган ёздаёқ Хитой чемпионатига ўтиши мумкин эди. Даставвал номи ошкор этилмаган Суперлига клуби Бэйлнинг маошини тўлиқ қоплаб берган ҳолда, футболчини текинга қўлга киритмоқчи бўлди. Бироқ Мадрид клуби бу таклифга розилик бермади. Кейинроқ эса «Жиангсу Сунинг» вакиллари «Реал» раҳбариятига мурожаат қилгани маълум бўлди. Улар футболчига 20-25 миллион евро миқдоридаги суммани таклиф этади, бироқ «қироллик клуби» президенти Флорентино Перес бу таклифни ҳам жиддий қабул қилмайди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўша вақтда Бэйлга жуда катта маош таклиф қилинган. Уэльслик футболчи у ерда «Реал»дагидан ҳам кўпроқ пул ишлаб топпиш имкониятига эга бўларди. Футболчининг ўзини ҳам Хитой Суперлигаси қизиқтириб қўйган бир пайтда Перес унинг Осиёга кетишига розилик бермайди. Агар хитойликлар ёзда яна Бэйлни сотиб олиш истагини билдирса, уни қўлга киритиш бирмунча осонлашиши мумкин. Бэйл Хитой клубларидан бирига ўтадиган бўлса, бу – шубҳасиз у учун пасайиш бўлади, боиси порлоқ дея эътироф этилган Бэйл июлда атиги 31 ёшга тўлади.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 22:23, 22.04.2020.
Ўқилди: 4061 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.