Нигериялик футболчилар Ўзбекистонда ойдан-ойга кўпайиб бораётгани сир эмас.
Муборакнинг "Машъал" клубида тўп сураётган нигериялик Ифеани Ифеани машҳур ESPN нашри билан суҳбатлашди Бунда футболчи Ўзбекистон чемпионати ҳақида илиқ фикрлар билдирган. Жумладан, клубларнинг ҳар кун учун алоҳида белгиланган программаси бор эканига, ҳар бир позиция футболчилари учун алоҳида машғулотларга, тренажерга эътибор қаратилишига урғу берган. Нигерияда эса бундай шароитлар йўқ.
Яхши биласизки, сўнгги икки мавсумда Суперлига клублари ўзининг уй учрашувларини ўтказадиган стадионлар, улардаги майдон майсаси сезиларли яхшиланди. Ифеани Ифеани бу нарсани ҳам эътибордан четда қолдирмаган, ўйинлар табиий майдонларда ўтишини алоҳида эътироф этган.
Албатта Ўзбекистон даражасини Нигерияники билан солиштириш биз учун ғалати кўриниши мумкин. Бироқ биздан фарқли равишда, нигериялик футболчиларининг обрўси, Нигерия термаларининг жаҳонда тутган ўрни анча баланд. Нима демоқчиман, бизда ишни тўғри йўлга қўйиш, ўз дунёқарашимизни бироз ўзгартириш масалаларигина долзарб. Қолган соҳаларда шароитларимиз нолийдиган эмас.
Маълумот учун, Ифеани Ифеани Нигерия миллий терма жамоаси аъзоларидан бири ҳисобланади. Унинг "Машъал" билан 2 йиллик шартномаси мавжуд. Карантин даврида у Муборакдаги клуб базасида истиқомат қиляпти. Ифеанига Польша қуйи лигасидан молиявий томондан олиб қараганда "Машъал"дан икки марта яхшироқ таклиф билан чиққан бўлса-да, у миллий терма жамоа бош мураббийининг тавсиясидан келиб чиқиб, Польша қуйи лигасидан кўра Ўзбекистон олий дивизионини афзал билган. Яъни, баъзи ватанпарвар бразилиялик футболчилар сингари, миллий термадан жой олиш йўлида озроқ пулдан воз кечишдан ҳам қайтмаган.
Диёр Имомхўжаев