Деннис Бергкамп. 1969 йилнинг 10 майида туғилган Деннис ҳақиқий туғма истеъдод дейишимга асосларим бор. Унда Бекхэмнинг узатмалари, Роналдиньонинг ўйинни кўра билиш қобилияти, Зидан техникаси жамулжам эди. Бергкампнинг “Олтин тўп”лар ололмагани асло унинг истеъдодига соя сололмайди. Чунки унга футболчи орзу қиладиган энг катта мукофот бериб бўлинганди: тўп билан муомала қилиш санъати!
Бергкамп олисдан келаётган тўпни тўхтатиб олиш борасида юқорида номлари зикр қилинган юлдузларга дарс берарди. Бир пайтлари машҳур Нванкво Кану “Арсенал” машғулоти ҳақида гапирар экан, шундай деганди: “Бергкампнинг оёғи қўлга ўхшайди. Дарвозабон тўпни қўлда қандай илиб олса, у оёғида шундай тўхтатади!”
Учар голландларнинг учмас вакили техникаси ўта етук ўйинчи бўлганини бизнинг авлод яхши билади. Бергкамп “тотал футбол” руҳида улғайган “Аякс” мактабида тарбия топган, табиийки, у пайтда академия ёшлари 4-3-3 схемаси бўйича ўйнашар, бу услуб ҳимоячиларнинг ҳам вақтинча ҳужумчига айланиб туришларини тақозо қиларди. Деннис дарвозабондан бошқа барча нуқтада ўйнаб кўрган. Ўша ўйин услубини у фаолияти давомида сақлаб қола олди.
Бергкамп Голландия терма жамоаси улғайган ва натижалар қайд этишни бошлаган авлоди билан бирга ўсди ва барча мусобақаларда жамоасининг руҳи бўлиб яшади. Анри у ҳақда шундай деган эди: “Деннис – ҳужумчиларнинг орзусидир!” Круифф ҳам ватандоши ҳақида қисқача таъриф берган: “Бергкампнинг ўйини томоша қилинадиган мусиқага ўхшайди – кўриб роҳатланасиз!”
Ҳа, бунга ёрқин мисол 1998 йилги Жаҳон чемпионати. Деннис Голландия ҳамда Аргентина терма жамоалари ўртасидаги баҳсда тўпни қандай тўхтатиб, у билан қандай муомала қилиш мумкин бўлган жамики китобий қўлланмани намойиш этиб берганди. Аргентиналик ҳимоячилар ва дарвозабон голландиялик афсунгарнинг ҳаракатларини тушуна олмай гаранг бўлиб қолган эдилар. Ўша йили Оуэннинг рейди йил голи деб топилган бўлса-да, аслан дид ва савия борасида Деннис томонидан киритилган тўп чиройлироқ эди. Чунки Оуэннинг рейдини такрорлаш мумкин, бироқ буникини...
Бергкамнинг жиддий камчилиги бор. У ўйин натижаси учун кўп ҳам қайғурмайди. У майдонда роҳатланиб ўйнайди, холос. Шу боис бўлса керак, голланд кўп ҳам катта совринлар учун курашмаган. Голландия терма жамоаси лидери бўлган пайтлари ҳам айнан шу “ўйиндан завқланиш касаллиги” туфайли Круиф томонидан танқид қилинган эди. У Марко ван Бастен ва Гуллитлар сингари термаси учун тер тўкмаса-да, майдондаги жозибадорликка масъул эди. Буни ҳис қиларди. Уни шу сифатлари учун ҳам телбаларча суяр эдилар.
Бергкампни охиригача ўзгартириб бўлмади. Самолётда учмаслиги, феълидаги қайсарлиги ва айниқса, майдонда фақат чиройли ўйнашга иштиёқмандлиги туфайли баъзилар танқид қилардилар. Бироқ, “Арсенал” бош мураббийи Арсен Венгер унга чиройли таъриф бериб бўлганди: “Бергкампнинг ўйини кундан кунга ривожланиб борган. Бунақасини бошқа ҳеч кимда кўрмадим!”
“Ньюкасл”га урган “балерина голи” эса шедеврлар туркумидан жой олиши керак. Деннис шу голни урганидан кейин Англия матбуоти додлаб юборган: “Бергкамп энди футбол ўйнамаса ҳам бўлади. У футбол учун энг катта ишни амалга ошириб бўлди!”
Бергкамп фақат жозибадор ўйинга маҳлиё эди. У ўз қобилияти даражасида кўп соврин юта олмаганидан ранжимайди ва бу ҳолатни оддий изоҳлайди: “Мен ўзим шу йўлни танлаганман”, дейди ва тўғри қилади. Чунки, мен учун ҳам футболда энг муҳими ГЎЗАЛЛИКдир. Натижа, деб тортишмоқчимисиз? Шошманг. Дунёни қутқаришга хизмат қиладиган гўзаллик футболнинг ҳам халоскори!
Мен ҳали-ҳануз яшил майдонда ўша сеҳргарни излайман. Ҳозирча топганим йўқ. Узр!
1998 йилги мундиал. Аргентина дарвозасига сўнгги дақиқада Нидерландиянинг афсонавий голини йўллаётган Бергкамп бир дақиқа олдин мураббийдан ўзини алмаштиришни сўраган. Алмаштирилганда борми, шундай гол тарих саҳифаларида бўлмасди. Даҳшат!
Хайрулла Ҳамидов