Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бобур Фарҳодов: «Бухоро»га вақт керак, бизга ҳам»

Баҳо:
+ | -

Аввалги мавсум кучлилар сафида қолиш вазифасини бажаришига тўғри келган ва бунинг уддасидан зўрға чиққан «Бухоро» қишки трансферлар вақти таркибини имкон қадар кучайтиришга ҳаракат қилди. Асосий мақсад - рақобатбардош жамоа шакллантириш асносида юқори ўринлар учун курашиш, мухлисларни қувонтириш, албатта. Бинобарин, қадим Бухоро жамоаси ўзига яраша тарихга эга ва унга қуйи ўринларда юриш ярашмайди. Хуллас, клуб раҳбарияти мавсумлар оралиғида аввалги хатоларни такрорламаслик ва мухлисларни стадионга қайтариш илинжида сезиларли ишларни олиб борди. Хусусан, жамоанинг тараққиёт йўналиши белгилаб олинди. Лекин янги футболчилар ва легионерларни ўзаро тушуниб ўйнаб кетишлари учун маълум вақт талаб этилади. «Бухоро»нинг Суперлига-2020 стартидаги натижасини шу билан изоҳлаш мумкин. Эҳтимолки, коронавирус пандемияси ортидан вужудга келган танаффус Муҳсин Муҳаммадиев бошқарувидаги жамоага айни муддао бўлар... Жумладан, янги мавсум старти арафасида «Бунёдкор»дан «Бухоро» сафига қўшилган Бобур Фарҳодов ҳам шу фикрда. «Қалдирғочлар» устози Вадим Абрамов ёш футболчи кўпроқ амалиётга эга бўлишини хоҳлаб, «Бухоро»нинг ижара шартномасига розилик берган бўлса, ажабмас. Аслида ўтган мавсум асосан захирадан ўйинга қўшилиш билан чекланган Фарҳоднинг «Бунёдкор»да қолиши кутилган эди. У ҳаттоки, ОЧЛ саралаш босқичида «Ал-Завра»га қарши кечган баҳсда рақиб дарвозасини нишонга олди ҳам. Бироқ таркибдаги кучли рақобат туфайли охир-оқибат, Бухоро сафига йўл олди. Ажабмас, ижара кўринишидаги хизмат сафари ёш футболчи учун бурилиш нуқтасига айланса...

- Фарҳод, энди-энди кўзга ташлана бошлаган ёш иқтидорлардан бири саналасиз. Келинг, аввалига футбол билан қандай ошно тутинганингиз, илк қадамларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Хусусан, «Бунёдкор»га келишингиз қай тариқа рўй берган?

- Ёшлигимдан ҳамма қатори кўчада тўп ортидан югуриб, улғайдим. Лекин профессионал футболга нисбатан кеч қадам ташладим. Аниқроғи, 18 ёшда Тошкентнинг «Локомотив» клуби ёшлар жамоаси кўригида қатнашдим. Шу тариқа ёш «темирйўлчилар» сафида ярим йилча тўп сургач, биринчи лига жамоаси сафига қўшилдим. Умуман олганда, иккинчи даражали лигамизда 3 йил ўйнадим. 2019 йили эса «Бунёдкор»га чақиришди ва кўрикдан ўтгач, жамоанинг тўлақонли аъзосига айландим.

- Ўтган мавсумнинг ўзида кўплаб учрашувларда захирадан майдонга тушиб, жамоангиз ўйинини бироз кучайтирдингиз. Шунга яраша, секин-аста асосий таркибга кира бошладингиз. Хўш, элитадаги дебют мавсумдан қандай таассурот қолди? Катта футболга бироз кеч қолганингиз сезилмадими?

- Ҳаммасининг ўз вақти бор. «Бун­ёдкор» сафига қўшилгач, Вадим Абрамовдан кўп нарса ўргандим. Демак, дебют мавсумдан ижобий таассурот олдим. Ўйлайманки, ҳали кеч эмас, барчаси олдинда. 

- Вадим Абрамовнинг айнан қайси хусусияти маъқул тушди?

- Вадим Карленович ҳазилкаш инсон, лекин ўз ўрнида жуда қаттиққўл. Энг маъқул тушган хусусиятига келсак, сизда қандайдир савол туғилсаю, унга мурожаат қилсангиз, мулоқот учун ҳамиша очиқ. Яъни ёрдамини аямайди, айниқса, ёшлардан.

- Умуман, Суперлигадаги илк мавсумда кўрсатган ўйинингизни қандай баҳолайсиз? Ҳар ҳолда, асосий таркибга интилдингиз, голлар урдингиз, якунда бронза медали олдингиз.

- Табиийки, ҳар бир футболчи майдонда кўпроқ бўлиш, асосий таркибдан жой олишни истайди. Жумладан, мен ҳам етарли ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳлайман. Биринчи йили кўплаб учрашувларда иштирок этмадим, аммо ўзига хос мактаб бўлди, янги-янги қирраларни ўзлаштирдим. Бу йил ўз устимда янада жиддийроқ ишлаб, «Бухоро»нинг асосий таркибидан жой оламан, Худо хоҳласа. Бунга ишончим катта.

- Қизиқ, «Бухоро»га ўтишни ўзингиз истадингизми ёки кимдир шу қарорга келди?

- 2020 йил шахсан мен учун яхши бошланди. Зеро, фаолиятим давомида илк марта халқаро учрашувда қатнашдим, гол ҳам урдим. «Бухоро» таклифига эса ўз хоҳишим билан розилик билдирдим. Ҳа, Вадим Карленович ҳам бу жамоада етарли амалиёт ҳосил қилиш имкониятим баланд эканлигини таъкидлади ва бир йил ижара шартномаси асосида ўйнашимга рухсат берди.

- «Бунёдкор»нинг ОЧЛ гуруҳ бос­қичига йўлланма олишига нима етишмади?

- Менимча, озгина омад. Ҳар ҳолда, сафарда «Ал-Айн»дек рақиб билан тенгма-тенг кураш олиб бордик, фақат вазиятлардан фойдаланолмаслик...

- Янги жамоа, янги муҳит, янги мураббийлар штабига мослашишда қийналмадингизми?

- Йўқ, тўғри, бу жараён ҳали давом этади. Жамоада мени илиқ кутиб олишди. Бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиевнинг ишга профессионал даражада ёндашиши яққол сезилиб турибди. Футболчиларни яхши тайёрлайдиган, уларга етарли мотивация бера оладиган мутахассис. Чунончи, вақтида ўзи ҳам юқори савия­да тўп сурган.

- Бироқ «Бухоро» Суперлига стартида қаторасига 3та ўйинни бой берди...

- Жамоа янгитдан тузилганини эътиборга олиш керак. Янги футболчилар кўп. Уларнинг ўзаро тушуниб ўйнаб кетишларига бироз вақт керак. Умид қиламанки, мажбурий танаффусдан кейин мухлисларни чиройли ўйинлар ва ғалабалар билан қувонтиришни бошлаб юборамиз.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:30, 20.05.2020.
Ўқилди: 1928 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.