7 июнь куни Римнинг “Рома” жамоаси туғилган кун. 1927 йил асос солинган машҳур клубга. Уч жамоа – “Роман”, “Альба-Аудаче” ва “Фортитудо-Про Рома" клубларининг бирлашувидан сўнг “Рома” ташкил этилган.
Италия пойтахти шарафини ҳимоя қилувчи ушбу жамоанинг даражаси натижаларидан устунроқ. Мухлислари ва стадионининг салобати билан, албатта. А серияда ўтган асрнинг ўртисида бир йилгина ўйнамаган, қолган даври доимо кучлилар сериясида.
“Рома”нинг порлоқ даври шубҳаси 21-асрнинг боши. Клуб янги асрга мамлакат чемпиони бўлиб ўтган. Фабио Капелло бошчилигидаги клуб гарчи еврокубокларда ўзини кўрсата олмаган бўлса-да, А сериянинг ўша йилларини ёндирган. “Рома” уч марта А серия ғолиби ҳисобланади. Жамоанинг ҳайбатига камлик қилади-я? Аммо унинг таркибидаги садоқатли Тотти ушбу клубга бўлган мухлислик даражасини ошириб юборган.
Рим клуби аср аввалидаги натижаларини сўнгги пайтларда такрорлай олмаяпти, гоҳи-гоҳида кўрсатадиган феноминал ўйинлари эвазига барибир мухлислари сонини ушлаб турибди. Еврокубокларни енголмаса ҳамки баъзи лидерларга шундай бошоғриқ бўлиб берадики, асти қўяверинг. Шу боис, асримиз бошидаги “Рома”нинг даври қайтиб қолса ҳам ажабланмаймиз.
###
Еттинчи июнь "Рома" клубида фаолиятининг энг узоқ даврини ўтказган бразилиялик ажойиб ҳимоячи Кафу учун ҳам қадрли сана. У бу йил эллик баҳорни қарши олди. Сан Паулуда туғилган юлдуз нафақат клубларидаги ўйини билан, балки жаҳон чемпионатларида терма жамоасидаги ўйини билан-да ўз услубига эга футболчи. Бразилия деганда барчанинг кўз ўнгидан ҳужумчилар плеядаси ўтса, Кафу сиймоси ҳимоя қўрғонида ҳам ўша даражадаги йигитлар борлигини эслатиб туради. 2002 ва 2006 йилги мундиалларда Кафу пентакампеонлар сардори бўлган. Кафу футбол учун бир рекордни қайд этганки, бу натижа билан Бразилия термаси билан уч бор жаҳон чемпиони бўлган футбол қироли Пеле ҳам фахрлана олмайди – учта финал ўйинида майдонга тушганлиги билан. Ҳа, Кафу 1994, 1998 ва 2002 йиллари қаторасига финал баҳсида ўйнаган. Фифанинг 100та кучли футболчилари рўйхатидан жой олган.
"Рома"нинг ўша 2001 йилги чемпионлигида Кафу катта ишни бажарганини эслайлик. Ўша чемпионлик унга шу қадар илҳом улашганки, бир йилдан сўнг Осиёдаги мундиалда терма жамоаси билан шу натижани такрорлаган. 1998 йилги алам унинг ич этини еб келарди.
Жаҳон чемпиони бўлгач "Милан"га ўтди. ЕЧЛ ғолиби бўлган "Милан" 2005 йилги финални узоқ вақт эслайди. "Ливерпуль" билан кечган ўйинда Кафу 120 дақиқа майдонда эди.
2006 йилги жаҳон чемпионати Бразилия учун омадсиз якун топгач, янги мураббий Дунга Кафу ва бошқа қария футболчиларни чақирмай бошлади. Табиийки, қаҳрамонимизнинг сўнгги кунлари етиб келаётган эди. Аммо чемпион бўлиб яшаган Кафу охири ЕЧЛни ҳам забт этиб, кейин фаолиятига якун ясади. Натижада у борган жойида чемпион бўлиш билан бирга, ўйнаган барча турнирларида ғолиб бўлиб кетди. Енгилмас Кафу фаолияти исталган эртак китобларидан жой олиши мумкин – ёш авлодга ўрнак ўлароқ...
Хайрулла Ҳамидов.