Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Чемпионликни кутаётган романтик мураббий

Баҳо:
+ | -

16 июнь. Шу куни жаҳоннинг энг яхши мураббийи – Юрген Клопп 53 баҳорини қарши олди. Унинг футболни жудааа қотириб ўйнамаганини ҳамма билади, мураббийлиги қандайлигини-да барча билади. Шу боис, немис мутахассисининг ҳаётига кириб борайлик.

Клопп ҳикоясидаги энг муҳим жиҳат - нафақат футбол, балки бошқа соҳаларда ҳам кишилар мағлубиятни ўзига хос сабоқ сифатида қадрлай олмасликлари ва мураббий учун ғалабага худди ўзи каби шубҳа қилмайдиган шогирдлар қуршовида бўлиши муҳимлиги:

Ўзидан эшитайлик, а?
(Бу таржима uff.uz сайтида С. Раҳмонов томонидан амалга оширилган)

«Ўйлашимча, футболдаги муваффақиятнинг 98 фоизини мағлубиятга бўлган ўринли муносабат, уни табассум билан қабул қилиш ва кейинги ўйиндан лаззатланиш таъминлайди. Ўз хатоларимдан сабоқ олишни фаолиятимнинг илк кунларидан бошлаганман. Ўша сабоқни ҳеч қачон унутмайман. Яшил майдондаги 10 йиллик фаолиятдан кейин «Майнц»ни мураббий сифатида қабул қилгандим. Муаммо шунда эдики, барча футболчилар яқин дўстларим эдилар. Бир «думалаб» устозга айланиб қолдим, улар эса аввалгидек «Клоппо» деб чақиришарди.

Дастлабки учрашувга таркибни эълон қилгач, ҳар қайси футболчи билан яккама-якка суҳбатлашиш керак, деган қарорга келдим. Режа ўта мураккаб эди, чунки улар икки кишилик хоналарга жойлашишганди. Энди тасаввур қилинг: биринчи эшикни очдим, икки ўйинчи икки қўшни каравотда ўтирибди. Биринчи футболчига юзландим: «Сен эртага майдонга тушасан». Кейин иккинчисига дедим: «Афсуски, сен таркибдан четдасан».

Иккинчи футболчи таажжуб билан савол берганидан кейин режам қанчалар бемаъни эканлигини англадим: «Аммо Клопп... Нима учун?»

Бундай саволга жавоб йўқ. Қаноатлантирувчи ягона ибора: «Мен фақат 11 нафар ўйинчини майдонга тушира оламан». Афсуски, бу кўнгилсиз манзарани яна 8 марта кузатишимга тўғри келди - 18 нафар шогирдларим 9та икки кишилик хонага жойлашишганди. Ҳар сафар жавоби бўлмаган нохуш саволни эшитишга мажбур бўлдим: «Аммо Клоппо... Нима учун?»

Мана буни чинакам азоб дейиш мумкин! Мураббий сифатида йўл қўйган хатоларимнинг энг буюги. Бундай вазиятда қўлимдан нима келади? Балчиққа беланган пойафзални яхшилаб тозалаш ва хатони такрорламасликка аҳд қилган ҳолда йўлга отланиш.

Агар мағлубиятларнинг муҳимлигига шубҳа қилаётган бўлсангиз, эслатиб қўяман: фаолиятимдаги энг буюк зафар улкан омадсизликдан кейин дунёга келди.

Ўтган мавсум «Барселона»дан қабул қилинган 0:3 ҳисобидаги мағлубият энг ёмон натижа эди. Жавоб учрашувига тайёргарлик жараёнида ҳаммасини очиқ-ойдин баён этдим. Ҳеч қанақа Роккиларни тилга олмадим. Асосан тактика борасида тўхталдим. Шунингдек, бор ҳақиқатни гапирдим: «Биз дунёнинг энг яхши икки ҳужумчисисиз майдонга тушамиз. Барча мухлисларнинг фикрича, ғалаба қозонишимизнинг иложи йўқ. Тан оламан, улар ҳақлар. Аммо гап сиз ҳақингизда эканини инобатга олсак, бизда имконият бор».

Бу гапларга ўзим ҳам ишонардим. Гап шогирдларимнинг техник имкониятларида эмас, уларнинг қанақа йигитлар эканликлари ва ҳаётда қандай тўсиқларни енга олганликларида эди. Шундан келиб чиққан ҳолда қўшимча қилдим: «Мабодо, мағлубиятга учрасак, чиройли ўйин билан қабул қилайлик».

Албатта, буларни гапириш жуда осон, лекин амалга ошириш-чи? Мен ён чизиқда турган ҳолда бақиришдан бошқасига ярамайман. Барча қийинчиликлар майдондаги шогирдларимга юкланган.

Ана шу бебаҳо азаматлар ва «Энфилд»даги 54000 мухлис кўмагида биз уддалаб бўлмайдиган вазифани адо этдик. Футболнинг энг ажойиб хусусияти шуки, ҳеч ким ёлғиз ўзи ҳеч нарсага эриша олмайди. Ҳеч нар-са-га! Менга ишонаверинг».
 
Трент Александер-Арнольд томонидан амалга оширилган тарихий бурчак зарбаси Юрген Клопп фаолиятида ушалмас армон бўлиб қолди.

«Афсуски, ўша лавҳа ЕЧЛ тарихидаги энг ҳайратланарли лаҳза эди... Мен уни кўра олмадим. Балки бу футбол мураббийи ҳаётидаги энг зўр метафорадир, билмайман. Нима бўлганда ҳам, Трентнинг мукаммал ижросидан лаззатланиш менга насиб этмади. Тўпнинг майдон ташқарисига чиқиб кетганини кўрдим, Трентнинг бурчакка йўл олгани ва Шакири унинг ортидан эргашганини ҳам кўрдим. Бироқ кейин майдонга тушишга тайёрланаётган ўйинчи томон ўгирилдим. Ёрдамчим билан гаплашаётган паллада... Биласизми, ўша лаҳзани эсласам, баданим жимирлашиб кетади... Бирданига кучли шовқинни эшитдим. Майдонга ўгирилгач, тўпнинг дарвозага кириб кетаётганига кўзим тушди. Яна захира ўриндиғи томон юзландим ва Бен Вудберннинг саволини эшитдим: «Ҳозир қандай воқеа юз берди?» Мен жавоб қайтардим: «Ҳеч нарсадан хабарим йўқ!»

«Энфилд» ҳайқириқлардан тўлиб-тошган, ақлдан озганди. Ёрдамчимнинг саволини аранг эшитдим: «Ўйин¬чи алмаштирамизми?» Эҳ-ҳе, унинг бақириғини ҳеч қачон унутмайман, у бир умр мен билан яшайди. Тасаввур қилинг, 18 йиллик фаолият давомида миллионлаб соатни такрорий ўйинларга сарфлаган ҳолда, яшил майдонда юз берган энг ноёб томошани ўтказиб юбордим. Ўша оқшомдан кейин Дивокнинг голини 500000 мартадан кўпроқ томоша қилгандирман. Лекин ўз кўзларим билан фақат тўпнинг дарвозага кириб кетишини кўрдим, холос.

Ўйиндан сўнг кабинетимга қайтгач, бир шиша сувни ушлаганча, сукунатга шўнғидим. Ўша лаҳзадаги кечинмаларимни таърифлашга ожизман. Уйга қайтганимда оила аъзоларим ва яқинларим улкан базм илинжида ўтиришган экан. Бироқ мен шунчалик толиққан эдимки, тўппа-тўғри ухлашга йўл олдим. Аъзои баданим жонсиздек эди.

Шу пайтгача бунчалик мириқиб ухламагандим. Энг ёқимли ҳолатга эрталаб дуч келдим: «Ҳаммаси туш эмас, ҳақиқат экан. Бу чиндан ҳам юз берган мўъжиза!» Мен учун футбол - чинакам илҳом бахш этадиган оташин нутқ! Биз чиндан ҳам Драгони маҳв этдик! Июнда нуфузли совринни Ливерпуль кўчаларидан олиб ўтганимиздан бери шу фикр мени тарк этмаяпти.

Ўша кунги шодиёнани таърифлай олмайман. Автобусда сайр қилар эканмиз, энди парад тугаса керак, деб ўйлардик. Ахир шаҳарда шунча одам тўпланишини тасаввур қила олмасдик. Бироқ намойиш давом этарди. Ўша куннинг эҳтирослари, ҳайрат ва муҳаббатини бир ерга жамлаб, дунёга тар-қатганимизда, у янада чароғон бўлиб кетарди».

Юрген Клопп ҳақида ўзига ўхшаган гапларни эсладик. Ҳар хил рақамлару маълумотлар ярашмайдиганроқ туюлди. Бўлакча мураббий, романтик мураббий, футболни бир поғона юқорига олиб чиққан мураббий "Ливерпуль" учун АПЛ тарихидаги илк чемпионликни ҳам олиб беради, яқин қолди, ундан кейинги ҳис-туйғуларини тасаввур қилишга, очиғи, қийналяпман.

Хайрулла ҲАМИДОВ.

Манба: @xayrulla_hamidov
Киритилди: 10:03, 16.06.2020.
Ўқилди: 5024 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.