“Арсенал” “Вулвз”ни маҳв этиб, энди “Лестер”ни қабул қилади. ЕЧЛ йўлланмасидан умидини узган, бироқ ЕЛ иштирокчиси бўлиш учун курашади ҳали. Ҳар ҳолда охирги натижалар асос бера олади.
Артета йигитлари рестертдан сўнг яхши қайтишмади: “МанСити”га бой берилган ўйин (0:3) ва “Брайтон”дан енгилгач (1:2), “Саутгемптон”ни (2:0), “Норвич”ни (4:0) ва “Вулвз”ни (2:0) мағлубиятга учратди.
“Арсенал”га муаммо бўладиган нарса фақатгина “Лестер”нинг мақсадлари. Роджерс шогирдларининг орзулари улканроқ, албатта. Клуб карантиндан сўнг мухлисларини ранжитмоқда - “Уотфорд” ва “Брайтон” билан дуранг, кубокда “Челси”дан қақшатқич зарба ва “Эвертон”дан фиаско (1:2) “тулкилар”нинг учинчи ўрнини анча қимирлатиб қўйди.
Кўряпсизми, жамоаларнинг ҳолати бугунги жанг жиддий бўлишини тақозо этади.
Яна бу ўйин агар бу баҳсда жамоалар ўзларига керакли натижани қайд этишмаса, кейинги ўйинларида жиддий синовларга дуч келиши билан-да муҳим.
“Арсенал”ни “Тоттенхэм” сафари, сўнг “Ливерпуль” билан ўйин, охирида “МанСити” билан кубок яримфиналидаги учрашув кутиб турибди. Ҳозир ҳал қилиб олмаса, кейинги ўйинларига таъсир қилиши турган гап.
“Лестер” охирги турларда “Тоттенхэм” ва “МЮ” билан сафланишини ҳисобга олсак, унинг учун ҳам муҳим паллалар етиб келди.
Менимча, “Эмерейтс”даги бугунги ўйин йил баҳсига айланиб кетиши мумкин.
“Бўрилар”га ем бўлмай омонлик топган “тўпчилар” “тулкилар” айёрлиги олдида қандай усул қўллашаркан, кўрамиз.
Футбол ТВ канали орқали 00:15да “АПЛ жанги”га йўл оламиз. Биргаликда...
Хайрулла ҲАМИДОВ.