Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Диёр Имохўжаев: «Навбаҳор» ва Алексей Беленков масаласи бўйича

Баҳо:
+ | -

ФИФА россиялик мураббий Беленков масаласи бўйича иш бошлагани рост. Унинг «Навбаҳор» билан шартномаси муддатидан аввал бекор қилингани учун компенсация сифатида 484 100 доллар даъвоси киритилган.

Иш очилаётгани юзасидан «Навбаҳор» футбол клуби 21 апрель куни (ҳамма карантинда вақти) огоҳлантирилган. ФИФА томонидан йўлланган сўнгги хат 20 июль куни қабул қилиб олинган.

Давлат томонидан молиялаштириладиган клуб ҳақидаги бу каби ахборотни аслида яшириш шарт эмас. Аммо ўз ташкилотидан маош олаётган икки ходим хатларни ўзининг бевосита раҳбари рухсатисиз мамлакат футболида асосан фитна қўзитаётган шахсларга бевосита тақдим этаётган бўлса (катта эҳтимол билан, адашган бўлишимиз мумкин), демак шу ташкилотда этика нормалари лозим даражада ишламаяпти. Биз шу вақтгача легионер футболчи ва мураббийлар билан қарздорликлар масаласида ишлаб келяпмиз ва уларни очиқлаяпмиз.

Бу каби ишлардан омманинг хабардор бўлиши яхши. Ишимиз қанчалик шаффоф бўлса, биз шунчалик тийиламиз, жамият бизни тийиб туришга ҳаракат қилади. Иш тўғри йўлга қўйилганида эди, «Навбаҳор» 70 000 доллар билан шартномани бекор қилиши мумкин эди. Айни вақтда талаб қилинаётган сумма эса кичик эмас. Афсуски, биз шартномани қандай бекор қилиш ҳақида кўпроқ бош қотирамиз, аслида шу тафаккурни шартнома тузишдан олдин ишлатиш кўпроқ фойда беради. Яъни, биз қачондир бу каби ишларнинг оқибатларига қарши курашишдан тийилишни истасак, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишимиз ва тартибга солишимиз керак.

«Навбаҳор» футбол клубида вазият бўйича тушунтириш бериш учун яна икки кун вақт бор. ЎзПФЛ мазкур масала юзасидан «Навбаҳор» билан ҳамкорлик қилади ва ФИФА талаб қилган ҳужжатларни юборишга ҳаминқадар кўмаклашади. Умид қиламизки, «Навбаҳор» раҳбарияти ҳам бундан хулоса чиқаради.

Афсуски, бизнинг футболда фаолият олиб бораётган хорижликларни сўнгги 10 йилликларда майдонда кўрсатган хизматлари билан эмас, ФИФАга киритаётган даъволари билан таниб оляпмиз. Аввал ҳам айтганимдек, ЎзПФЛ профессионал клублар қошида фаолият олиб бораётган футбол мактаблари (академиялар)ни ҳам лицензиялашдан ўтказиш тизимини ишлаб чиқмоқда. Унга кўра, лозим даражада пойдеворига эга бўлмаган футбол клубларига легионер футболчилар билан шартнома имзолашга рухсат берилмайди. Сентябрга қадар ЎзПФЛ мазкур масалани ЎФА Ижроқўмига киритишни режалаштирган.       

Диёр Имомхўжаев

P.S. Championat.asia нашри Алексей Беленков можраси ҳақида ёзиб, катта шов-шув кўтарди. Бу албатта ОАВ учун хос ҳатти-ҳаракат, бунга қойил қолиш керак.

«Навбаҳор» ва Беленков масаласига ойдинлик киритилган постдан кейин сайт раҳбари алоқага чиқди ҳамда маълумотни кимдан олганига аниқлик киритди: SILA юристи Михаил Прокопец. Мазкур маълумот биз юқорида шаъма қилганимиз  кишига ҳам сайт раҳбари томонидан тақдим этилган. У эса чаққонлик билан маълумотни сайтдан бир дақиқа олдинроқ ўз каналида чоп этишга улгурган.

ЎФА халқаро бўлими масалага ойдинлик киритишда кўмаклашмоқда. Мазкур бўлимнинг собиқ ҳодимига эндиликда ФИФА хат жўнатмайди. Ҳар биримиз ўз ваколатимиз доирасида ишлашимиз муҳим. Бугун «Навбаҳор» юристи ўзида мавжуд далиллар билан билан келади ва биз вазият юзасидан ФИФАга мурожаат билан чиқамиз.  

Яна айтишни истардим, бизда футбол журналистикаси шу соҳанинг қолган йўналишларидан анча илгарилаб кетди. Бежизга футбол мутахассисларининг аксар қисми айнан журналистлардан орасидан чиқаётгани йўқ.

Манба: @diyorimamkhodjaev
Киритилди: 14:47, 22.07.2020.
Ўқилди: 5430 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.