Хабарингиз бор, 15 август куни Исроил Мадримов профессионал боксда ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Ушбу беллашув Мадримовнинг фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бўлажак жанг ғолиби WBA камарининг вақтинчалик чемпиони номига сазовор бўлади. Рақиб эса америкалик тажрибали боксчи Эрик Уолкер.
Куни кеча Уолкернинг бўлажак баҳс олдидан Исроил ҳақидаги фикрлари кенг тарқалди. Унда америкалик боксчи шундай деган эди:
“Мадримов ҳаваскор боксда яхши натижалар кўрсатган, бироқ профессионал боксда етарлича хатоларга йўл қўймоқда. Мен унга илк мағлубиятини тақдим қиламан. Пандемия даврида ҳам машғулот қилиб, спорт формамни ушлаб турибман. Бор эътибор 15 август куни бўладиган жангга қаратилган”, – дейди Уолкер.
Биз ҳамюртимиз билан боғланиб, рақибининг мазкур гапларига нисбатан фикри билан қизиқибгина қолмай, баъзи саволларни ҳам бериб кўрдик.
“Ҳа майли, хоҳлаганича гапираверсин. Ҳамма нарса рингда ҳал бўлади. Худо хоҳласа, бу рақибимни ҳам мағлуб этаман”, – дейди Мадримов.
– Рақибнинг жанглари қанчалик ўрганиб чиқилмоқда?
– Эрикнинг аввалги жангларини кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Ҳозирги машғулотларда унга қарши тактикалар устида ишлаяпмиз.
– Айнан унга қарши баҳс варианти қандай пайдо бўлди?
– “Matchroom boxing” ва “DAZN” ташкилотлари ҳозирда шу боксчи Америкадалиги ва жанг ўтказишга тайёр эканини билдиришди. Кейин биз бу таклифни қабул қилдик.
– Айрим манбалар бўлажак жанг WBA камари учун бўлади деб кўрсатмоқда. Шунга аниқлик киритиб ўтсангиз.
– Ҳа иншооллоҳ, шу камар. Янаям аниқроғи, вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун бўлади.
Маълумот учун, Эрик Уолкер 1983 йил АҚШда таваллуд топган. Профессионал боксда 22 та жанг ўтказиб, улардан 20 тасида ғалаба қозонган (9 нокаут) ва 2 бор мағлуб бўлган (очколар бўйича). Исроил Мадримов эса 5 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини нокаут эвазига мағлуб этган.
Таъкидлаш жоиз, Мадримов билан бир кечада яна бир вакилимиз Шаҳрам Ғиёсов ҳам ўз вазн тоифасида мексикалик Франциско Рохога қарши жанг қилади.