2020-йилги U19 Осиё чемпионатини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши (№365-ф, 12.08.2020) чиқарилди.
Фармойишга биноан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида ташкилий қўмита таркиби тузилди.
Шунингдек, юртимиз мезбонлик қиладиган мусобақага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметаси тасдиқланди.
Осиё чемпионати ўтказиладиган жойларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши, иштирокчиларга юқори савияда тиббий хизматлар кўрсатилиши, меҳмонхоналар ва ўйингоҳлар зарур тиббий анжомлар, дори воситалари ҳамда тез ёрдам автомашиналари навбатчилиги ташкил этилиши Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таъминланади.
Хорижий давлатлардан ташриф буюрадиган иштирокчилар ҳамда мехмонларни кузатиб бориш учун чет тилларини мукаммал биладиган кўнгилли талабалар жалб этилади.
"Uzbekistan Airports" АЖ Ўзбекистон футбол ассоциацияси буюртмасига мувофиқ тегишли халқаро аэропортларда мусобақа иштирокчилари ҳамда мехмонларини белгиланган тартибда кутиб олиниши ва кузатилишини ташкил этади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мазкур мусобақани ОАВда кенг ёритиш, мақолалар чоп этиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғига киритиш ҳамда телерадиоканалларда реклама роликларини жойлаштириш ва мавжуд техника воситалари орқали халқаро талабларга мос равишда трансляция қилиш тавсия этилади.
Маълумот ўрнида, U19 Осиё чемпионати 14-31 октябрь кунлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Наманган вилоятларида бўлиб ўтади.
Тимур Кападзе бошчилигидаги терма жамоамиз Эрон, Индонезия ва Камбоджа билан ушбу мусобақанинг "А" гуруҳидан ўрин олган.
Мазкур турнирнинг ярим финалига етиб борган жамоалар 2021-йилги U20 Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.