Профессионал бокснинг ўрта енгил тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсов фаолиятидаги ўзининг 10-жангини ўтказди.
Ҳамюртимиз бугун Никарагуа вакили Уистон Кампосга қарши рингга кўтарилди. Ғиёсов жанг бошиданоқ рақибига босим ўтказиб, уни ҳимояланишга мажбур этди. Раунддан раундга Шаҳрамнинг зарбалари сони ва аниқлиги ошиб борди. Учинчи раунднинг сўнгги сонияларида ўзбекистонлик боксчи томонидан Кампоснинг қорин қисмига берилган зарба натижасида рақиб рингга йиқилди ва ўрнидан турмади.
Шу тариқа, Шаҳрам Ғиёсов фаолиятидаги 10-ғалабани қўлга киритди. Нокаутлари сони эса 8тага етди.