Ярим финал босқичига қадар "Ювентус" ва "Манчестер Сити" клубларини мусобақадан чиқариб юборган "Лион", ярим финалда "Бавария"га қарши жуда яхши ўйин намойиш этиб берди. Жамоа ҳаттоки ғалаба қозониши мумкин эди, аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик францияликларга панд берди.
"Лион" ўйин бошида гол уриш нақ 3та вазиятга эга бўлди. Баҳснинг 4-дақиқасида Депай дарвозабон яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, Нойерни ҳам алдади, аммо бўш қолган дарвозага аниқ зарба бера олмади.
Учрашувнинг 13-дақиқасида Горецка "Бавария"ни голдан қутқарган бўлса, орадан 4 дақиқа ўтиб Экамби 4-5 метр масофадан дарвоза устунини нишонга олди.
Баҳснинг 18-дақиқасида эса мюнхенликлар ҳисобни очишди. Серж Гнабри жарима майдони атрофида 2 ҳимоячини алдаб ўтди ва 16 метрдан чап оёқда зарба бериб, дарвозани ишғол қилди!
"Бавария" биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобдаги фарқни 2тага оширди. Аслида қанотдан етказилган узатмани Левандовски 3-4 метрдан дарвозага жойлаши керак эди. Аммо зарба кучсизроқ чиққани учун Лопеш қайтарди. Қайтган тўпни Гнабри яқин масофадан дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа футболчиси дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Перишич ва Экамбининг зарбаларини дарвозабонлар қайтариб қолишди. Ўйин тугашига 2 дақиқа қолганида эса ўнг қанотда белгиланган жаримадан етказилган узатмага Роберт Левандовски бош билан зарба бериб, дарвозани забт этди — 0:3.
Шу тариқа, "Бавария" Европа чемпионлар лигаси финалига чиқди. Мюнхенликлар финалида "ПСЖ" билан тўқнаш келишади. Финал 23 август куни бўлиб ўтади.
ЕЧЛ, ярим финал
Лион Франция – Бавария Германия 0:3 (0:2, 0:1)
Голлар: 0:1 – 18 Гнабри, 0:2 – 33 Гнабри, 0:3 – 88 Левандовски.
Лион – Антони Лопеш, Денайер, Марсело, Марсал (Шерки, 73), Дюбуа (Тете, 67), Бруно Гимараэс (Тиаго Мендес, 46), Какре, Ауар, Корне, Депай (Дембеле, 58), Токо-Экамби (Рен-Аделаид, 67).
Бавария – Нойер, Боатенг (Зюле, 46), Алаба, Киммих, Алькантара (Толиссо, 82), Дэвис, Горетцка (Павар, 82), Перишич (Коман, 63), Гнабри (Коутиньо, 75), Левандовски, Мюллер.
Огоҳлантиришлар: Марсело (35), Марсал (42), Тиаго Мендес (86).