Coca-Cola Суперлига 12-туридан ўрин олган «Насаф» – «Бунёдкор» ўртасидаги учрашувдан сўнг қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фикрларини билдириб ўтди.
«Бугун ғалаба қозонишимиз керак эди. Чунки, ўйинда ҳам, ҳисобда ҳам олдинда бораётган эдик. Лекин, охирги 20 дақиқада эътиборни йўқотдик. Айрим ўйинчиларимиз позицион хатоларга йўл қўйишди. Бунинг эвазига тайёр уч очкони қўлдан бой бердик. Жуда аламли дуранг. Ҳозир футболчиларимиз билан нима йўқотганимизни гаплашиб олдик, улар барчасини тушунишди деб ўйлайман.
"Бунёдкор" билан ўйинда уч очко олишимиз шарт эди. Боиси турнир жадвалидаги энг яқин ёнма-ён кетаётгандик. Икки жамоада ҳам ғалабага бўлган хоҳиш кучли бўлди. "Бунёдкор" ҳам, "Насаф" ҳам ғалаба учун етарлича вазиятлар яратди.
Эътиборни йўқотганимиз бизнинг катта хатомиз бўлди. Яна ҳам ҳужумга берилиб кетдик. «Бунёдкор» таваккал қилиб кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтди. Қайсидир вазиятда футболчиларимиз диққатни йўқотди. Балки, натижа учун ўйнашимиз керак эди. Футболчиларим яна ҳужумга ўтиб кетаверди. Орқа чизиқда кучларини йўқотиб қўйишди. Режамизда ҳисоб ушланиб турганда охирги дақиқаларни бешта ҳимоячи билан ўтказмоқчи эдик. Аммо, бундай бўлмади. 2:1 пайтида Ғолиб Ғайбуллаев жароҳат олиб қолди. Натижада яна тўртта ҳимоячи билан ўйнашга мажбур бўлдик.
Ҳисобни сақлаб қолиш, ўйин темпини тушириш борасида кўрсатма бермадик. Бу нарсани ҳеч қачон қилмаймиз ҳам. Қанчалик ўйинни чўзганингиз билан футболчи ўша вақтда темпни йўқотиб қўйиши мумкин. Бу ҳам зарарга ишлайди. Атайлаб вақт чўзишни ўйламадик. Фақат ҳисобни ушлаб қолиш учун бешта ҳимоячи билан ҳаракат қилишни режа қилгандик. Учинчи марказий ҳимоячини тушаётганда футболчи жароҳат олиб қолди. Ўйлаган режамиз амалга ошмади. Стандарт вазиятда уларни фойдаси тегарди. Биринчи бўлимдан кейин футболчиларимга рақиб ҳужумга ўтиб кетганидан фойдаланишни, орқада бўш ҳудудлар пайдо бўлишини таъкидладим. Ўша мақсадда Кенжабоевни туширдик. Афсуски, у ҳам баҳсга киришиб кета олмади.
Ўйин бошидаги тўхталиш ҳақидаги савол менга эмас. Лекин, вақтни чўзилиши футболчиларга катта таъсир қилмади. Икки жамоа ҳам бир хил ҳолатда эди. Бу баҳона бўла олмайди”, — дейди Рўзиқул Бердиев.