«Манчестер Сити» клуби ва Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Фил Фоден бир неча кун аввал бўлиб ўтган воқеа юзасидан узр сўради.
Аввалроқ Фоден жамоадоши Мейсон Гринвуд билан бирга Исландияга қарши ўйиндан кейин карантин қоидасини бузишган эди. Улар меҳмонхонага қизларни олиб келиб, коронавирусга қарши кураш протоколини бузишди. Натижада терма жамоа бош мураббийи Саутгейт уларни уларни Данияга қарши бўладиган учрашув олдидан термадан четлатди.
«Мен узр сўрамоқчиман. Мураббий Гарет Саутгейт, жамоадошларим, терма жамоа ходимлари, мухлислар, «Манчестер Сити», дўстларим ва оиламдан кечирим сўрайман. Терма жамоадан таклиф олганимда жуда хурсанд бўлдим. Терма жамоа футболкасини кириш мен учун шарафли иш. Терма жамоа сафида дебют қилиш мен учун ақлбовар қилмас ҳолат бўлди.
Мен ҳали кўп нарса ўрганишим керак бўлган ёш ўйинчиман. Шу билан бирга зиммамда катта масъулият ётибди. Мен нотўғри қарор қабул қилдим. Мен тўғри иш қилмадим.
Мен COVID-19 протоколини буздим. Терма жамоа билан Данияга йўл олиш имкониятидан маҳрум бўлдим. Бу аламли. Ушбу хатодан сабоқ чиқараман. Гарет Саутгейт ва жамоага ушбу ҳафтадан омад тилайман», — дея ёзди Фоден твиттер орқали.