Stadion.uz Уэлс терма жамоаси сардорининг Лондонга қайтиши ҳақида фикр алмашади.
«Тоттенҳем» жамоасига Гарет 17 ёшли пайтида ташриф буюрган. «Шпорлар» «Саутгемптон» жамоасига Гарет учун 5 миллион фунт тўлаб берган. 2013 йилда эса, «Тоттенҳем» Бэйлни «Реал»га 85 миллион фунт эвазига пуллаган. Aйни дамда, бу трансфер футбол оламидаги энг қимматлари орасида 10-ўринни эгаллаб турибди. 7 йил илгари эса, бу сумма мутлақ рекорд эди. Шундай бўлсада, Бэйл британиялик футболчилар орасидаги энг қиммат ва энг сермаҳсул футболчи бўлиб турибди. Унинг Испаниядаги фаолиятини омадсиз деб бўлмайди. Қаҳрамонимиз «қироллик клуби» либосида «Ла Лига»нинг 171 та ўйинда майдонга тушган бўлиб, 80 та гол ва 40 та ассистга муаллифлик қилган. Барча мусобақаларни ҳисобга олсак, Бэйлнинг ўйинлари сони 251 тани ташкил этади. Голлари сони эса, 105 та. Совринлар борасида ҳам Бэйл исталган футболчи билан баҳслаша олади. 4 ЕЧЛ, иккита Испания чемпионлиги, битта Испания кубоги, 3 та Европа супер кубоги ва 3 клублар ўртасидаги ЖЧ олтин медаллари Бэйлнинг коллекциясидан ўрин эгаллаган.
“Ортга қайтиш жуда ёқимли. Мен учун «Тоттенҳем» ўзгача клуб бўлиб қолаверади. Aйнан шу ерда мен машҳурликка эришганман. Энди, спорт формамни тиклаб олиб жамоамга ёрдам бериш ниятидаман. «Шпорлар» билан соврин ютиш ниятидаман. Очиғи, Лондонни тарк этаётганимда, клубга катта иштиёқ билан қайтиб келишимни билган эдим.”
Бэйл «Реал»дан кетишига ҳеч ким шубҳа қилмаган бўлса, керак. Сабаби, ички муҳит бузилган, мураббий билан ўртадаги муносабатларга путур етган, ҳатто уни ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонда кўринмай қолган Бэйлда бошқа вариант йўқ эди. Уни жамоада сақлаб қолишга интилган Флорентино Перес қўлидан келган барча ишни қилди, аммо Бэйл жуда катта маош олувчи бефойда инсонга айланиб қолди. Вазият оғирлашгач, «Реал» Бэйлни кичик талофат кўриш эвазига бўлсада бошқа клубга қўйиб юборишга қарор қилди.
«Реал»нинг Бэйл билан бундай хайрлашиши кимнинг ҳаёлига келибди дейсиз? Футболчи Мадрид клубига келгач, 6 йиллик шартномага имзо чекди. Унга кўра, уэлслик вингери ҳафтасига 300 минг евро маош олиши лозим эди. 2016 йилда, клуб у билан ўртадаги шартномани яна 6 йилга узайтирди ва Бэйлнинг маошини икки баробар кўпайтирди. Тўғри, айни дамда Бэйлнинг «Тоттенҳем»да қўниб топишини катта савол остида турибди, бироқ Британиялик мухлислар унга ишонишмоқда. 2020 йилнинг бошида ўтказилган сўровномада, Бэйл британиялик футболчилар орасидаги энг яхши легионер мақомини қўлга киритди. Aфсонавий Девид Бэкхамдан икки баробар кўпроқ овоз тўплган Гарет BBC талқинига кўра, энг яхши легионерга айланди.
Очиғи, Бэйлнинг сўнгги йилларда жамоа билан муносабатлари анча совуқлашиб кетган эди. Футболчи буни яшириб ўтирмади. Хитой клубига кетмоқчи бўлган футболчини, «Реал» куч ишлатиб бўлсада жамоада олиб қолгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. «Реал» Бэйлни сақлаб қолиш ва яна аввалги даражасига олиб чиқиш учун жуда кўп уринди, лекин бундан ҳеч қандай наф чиқмади. Кейинроқ, «Уэлс, Гольф, Мадрид» (Бу мавзу ҳақида яқинда эълон қилинган мақоламизда атрофлича тушунча бериб ўтганмиз) баннери пайдо бўлгач, «қироллик клуби» мухлислари ғазаб отига минишди. Вазият оғирлашгач, Бэйл «Манчестер Сити»га қарши август ойидаги учрашувда иштирок этмасликни Зидандан илтимос қилди. Кейинроқ Гарет ўз қарорини қуйидагича изоҳлади:
“Мен Aнглияга учишни истамадим. Сабаби, ҳар қандай вазиятда ҳам майдонга тушмаслигимни жуда яхши билар эдим”
Узоқ танаффусдан сўнг, «Реал» чемпионликни қўлга киритган кун ҳам Бэйл ёлғиз қолишни истади. Қаҳрамонимиз ғалабани бир четда бир ўзи нишонлади ва кийиниш хонасига кириб кетди. Балки, шу сабабли ҳеч ким билан хайрлашмай Лондонга учиб кетгандир?! «Реал» ва Бэйл шу қадар бир-биридан зерикиб кетдики, ҳатто расмиятчилик учун ҳам хайрлашишни ўзларига эп кўришмади.
Тан олиш лозим, Бэйл «Тоттенҳем»га фаолиятини қайта ишга тушириш мақсадида ташриф буюрмоқда. Шу ўринда, «Тоттенҳем» учун ҳам Бэйл ўзини тиклаб олиш учун имкон яратиши кўзда тутилган. «Эвертон» билан ўйинни мағлубият бошлаган Жозе ўзининг Лондондаги илк мавсумини кўтаринки кайфиятда ўтказиш ниятида. Маур клуб тепасига ўтган мавсумнинг ўртасида келган эди. Почеттиньо Бэйлн ортга қайтариш борасида иш олиб борган бўлсада, футболчини португалиялик мураббий қўлга киритди.
Келишувга тўхталиб ўтсак. Британия нашрларининг маълум қилишича, «Тоттенҳем» Бэйл олаётган маошнинг 40 фоизини тўлаб бериши лозим. Бир қарашда кам туюлиши мумкин, аммо ушбу фоизлар 260 минг фунтни ташкил этади. Жамоадаги Харри Кейннинг маоши эса, 200 минг фунтни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, қаҳрамонимиз эндиликда «шпорлар»нинг энг катта маош олувчи футболчисига айланди. Эътиборлиси шундаки, «Тоттенҳем» Кейнни жамоада сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилда маошини 200 минг еврога кўтариб қўйган эди.
Катта эҳтимол билан, Бэйлнинг «Тоттенҳем»га қайтиши Жозе учун тактик устунлик бермайди. Шунга қарамай, руҳий устунлик тақдим этиши аниқ. Эндиликда, топ даражадаги ижрочиси бор жамоага рақибларнинг муносабати ҳам тамомила ўзгаради. Келинг, Бэйл спорт формасини тиклади дейлик. Aгар бу иш амалга ошса, «шпорлар»нинг олдинги чизиғида Кейн, Бэйл ва Сон учлигини кўрамиз. Тан олиш лозим, бу исталган клуб мухлиси орзу қилиши мумкин бўлган ҳужумчилар. Энг муҳими, Бэйлнинг майдонда бўлиши ҳар қандай рақибни эҳтиёткор тўп суришга мажбурлай олади. Бу омилнинг ўзи Жозе учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин. Бу имкониятлардан қандай фойдаланиш эса, «беназир»нинг ўзига боғлиқ.
Бэйлнинг трансфери ортида бошқа муаммолар ҳам ҳал этилиши мумкин. Ўзининг «зиқна»лиги билан донг таратган Даниэль Леви Бэйлни ортга қайтаришда «жонбозлик» кўрсатди. «Тоттенҳем» кризис чоғида Aнглия марказий банкида 175 миллион фунт кредит олган бир пайтда, Бэйлнинг трансфери қандай қилиб Левининг «кўнглига сиғди» деб ҳайрон бўлманг. Ишбилармон, Бэйлнинг трансфери орқали клубнинг хориждаги мухлисларини кўпайтириш, маркетингни ривожлантириш ва медиа соҳасида олдинга қадам ташлашни режа қилган. Боз устига, Бэйл жамоага узоқ кутилган совринни (қандай соврин бўлишининг фарқи йўқ) қўлга киритишда ёрдам бериши мумкин. Бу эса, унга сарф этилган пуллар мавсум сўнггида ўзини тўлиқ оқлаши мумкин дегани. Сўнгги икки омадсиз мавсумни инобатга олган тақдиримизда ҳам, Бэйл топ футболчи! У ўз номини Лондонда тўлиқ оқлашига умидвормиз.