Сентябрь ойининг ўрталарида «Монпелье» ҳимоячиси Виторино Илтон ўзининг шахсий рекордини янгилади. Бразилиялик футболчи, 43 ёшда майдонга тушди. Сўнгги бор Кучли бешлик доирасидаги клублар сафида 2008 йилда «Лацио» киппери Марко Баллота 44 ёшида майдонда кўриниш берган эди. «Лига 1» тарихида эса, бундай ҳолат 1956 йилда кузатилган. Ўшанда, 44 ёшли «Труа» ҳужумчиси Роже Куртуа ўзининг сўнгги учрашувида майдонга тушган ва Мутлақ рекорд ўрнатган.
Футболчи ўзининг шахсий рекордини қизил карточка билан нишонлади, аммо «Монпелье» ғалаба қозонди. Қаҳрамонимиз шу тариқа кучли бешликда ҳаракат қилаётган энг ёши катта футболчига айланди. Қаҳрамонимиз 4,5 ойга каттароқ. Илтон профессионал футболни 1996 йилда бошлаган. Бу пайтда ҳали Киллиан Мбаппе, Жейден Санчо, Тренд Aлександер Aрнолд ва Эрлинг Холанд сингари футболчилар ҳали туғилмаган эди.
Эътиборлиси шундаки, Илтон деярли барча мавсумларни кўтаринки кайфиятда ўтказиб келмоқда. Шу сабабли, «Монпелье» мавсум сўнггида шартномани яна бир мавсумга узайтиришдан бошқа чора топа олмаяпти.
Мисол учун ўтган мавсумда бразилиялик ҳимоячи 33 та ўйинда майдонга тушди. Қўшимчасига, 2 та гол ва битта ассистни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Бу унинг ёшидаги футболчилар учун шунчаки етиб бўлмас натижа! Эътиборлиси шундаки, ҳимоячи ҳали бирорта мавсумда 30 тадан кам ўйинда иштирок этмади. Бу кўрсатгич борасида ҳам унинг шахсий рекорди янгиланиши мумкин. Сабаби, «Монпелье» унга ишонишда давом этмоқда.
23 ёшида футбол ва «Марсел»дан кетиши
Қаҳрамонимиз авиаҳалокатга учраган «Шапакоенсе» жамоаси тарбияланувчиси саналади. Aфсуски, клуб Илтонга асосий жамоага кириши учун имкон бермайди. Оқибатда, Илтон 23 ёшида «Парана» билан шартнома имзолайди ва асосий таркиб футболчисига айланади. Виторино «Парана»да узоқ ушланиб қолмади. Уни Швейцариянинг «Сорветт» клуби илиб кетди. 3 йил давомида мамлакат шимолида истиқомат қилган футболчини клуб «Бастиа»га ижарага бериб юборди. Кейин, унинг трансферини «Ланс» сотиб олади. У ушбу клуб сафида 158 та ўйинда майдонга тушди ва икки бор кучли бешликка киришга муваффақ бўлди. 2008 йилда эса, Франция кубоги финалига жамоани сардор сифатида бошлаб тушди. Aфсуски, жамоа финалда ПСЖга учрашув бой берилади, бироқ Илтон ўзининг энг яхши мавсумлари «Ланс»да ўтган деб ҳисоблайди.
Aчинарлиси шундаки, «Ланс» Франция кубоги финалига етиб борганига қарамай «Лига 1»ни тарк этади. Вазиятдан биринчи бўлиб «Марсел» фойдаланиб қолади. Клуб 5 миллион евро эвазига Виторинони ўз сафига қўшиб олади. Жамоа 30 ёшли футболчи учун пул сарф этиб адашмади. Нилтон мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлади, бироқ клуб тепасига Дешам келгач вазият ўзгарди. Янги мураббий кўпроқ Ҳайнце ва Диаварага кўпроқ имкон беришни бошлади. Қаҳрамонимиз Дешам қўл остида атиги 12 бор майдонга тушганига қарамай, мамлакат чемпионлигини қўлга киритади.
Келаси мавсумда Дешам уни атиги 8 бор майдонга туширди. 2011 йилда эса унинг ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа содир бўлди. Тунда унинг уйига босқинчилар ташриф буюришади ва тўппонча билан пул талаб қилишади. Вазият бу тариқа кўриниш олгани учун Виторино клубни тарк этишга қарор қилди. «Марсел» яна бир йил шартномаси бор ҳимоячини олиб қолишни истамади.
Барчасига нуқта қўйишни ва яна Бразилияга қайтиб кетишни режалаштираётган Нилтонга «Монпелье» таклиф билан чиқади.
«Монпелье»даги саргузаштлар
«Янги жамоага келганимда, менга ҳеч ким ишонмаган. 33 ёшли ҳимоячи учун асосий таркибда жой йўқ деб ҳисоблашган бўлса, ажаб эмас. Шунга қарамай, менинг илк мавсумим фантастик кўриниш олган. Биз якунда, чемпионликни қўлга киритган эдик»,-деб хотирлайди Нилтон.
Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз «Монпелье» билан мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказади. «Лига 1»нинг 35 та ўйинида майдонга тушга футболчи жамоа билан бир мавсумга шартнома имзолаган эди. Шартномада агар клуб пастки дивизионга тушиб кетмаса, яна узайтириш тўғрисида банд мавжуд эди. Футболчи ўша банддан фойдаланишга қарор қилди ва «Монпелье»да қолди.
Франция чемпионлигини ПСЖдан тортиб олган клуб ҳимоячиси ўз ҳис-ҳаяжонини яшириб ўтиришни истамади.
“Менинг «Марсел»даги сўнгги мавсумим жуда оғир ўтган. Мураббий менга умуман ишонмас эди. Бу ерда эса, футболдан лаззат олиш учун майдонга тушяпман.”
Қаҳрамонимиз «Монпелье»да атиги бир мавсум қолишни режа қилган эди, бироқ клуб уни 10 йил ўз сафида олиб қолди. Бу орада Илтон 323 бор клуб шарафини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди ва клуб рамзига айланди.
Янги мавсумда вазият бироз ўзгарди, бироқ ҳимоячи билан шартнома яна бир мавсумга узайтирилди.
«Биз барчаси қандай якун топишидан бехабармиз. Мен улар мен билан шартномани узайтириб хато қилмаганлигини майдонда исботламоқчиман. Тўғри, энди аввалгидек бутун мавсум давомида тўп сура олмаслигим мумкин. Янги шартнома олдидан менинг клубдаги ўрним ҳақида мураббий билан келишиб олганмиз. У менинг жамоани бошқаришимни, персонал ва футболчилар ўртасида кўприк бўлишимни истамоқда. Мен жамоадаги ёш иқтидор эгалари Клеман Видал ва Николя Коззаларга ёрдам беришим қарор қилдим.»
Ўзининг спортдаги «узоқ умри» сабабни Илтон қуйидагича изоҳлайди:
«Менинг бошимга бахт қуши қўнган. Сабаби, соғлом ҳаёт тарзини ўзлаштиришга муваффақ бўлдим. Мен спиртли ичимлик истеъмол қилмайман. Тунги клубларга умуман бормайман. Суткада 8 соат уйқуни канда қилмайман. Тўғри овқатланаман. Ўйлашимча, узоқ вақт профессионал спорт билан шуғулланиш учун шунинг ўзи кифоя»