Аввалроқ, Туриннинг «Ювентус» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду коронавирусга чалинганлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди.
Португалиялик ҳужумчи УЕФА протоколига асосан 28 октябрь куни ЕЧЛ доирасида "Барселона" клубига қарши ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Роналдунинг учрашув бошланишига етти кун қолганида COVID-19 учун топширадиган тест натижаси салбий чиқиши керак, акс ҳолда ўйиндан четда қолади.
Шу билан бирга, коронавирус юқтириб олган футболчининг ўйинда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун унинг соғлиги ва тест натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар УЕФАнинг протоколига риоя қилиш бўйича махсус гуруҳига юборилиши шарт.
«Ювентус»нинг «Барселона»га қарши учрашуви 15 кундан кейин бўлиб ўтади. Роналду ушбу ўйинда иштирок этиш учун 21 октябрь куни топширадиган тести салбий бўлиши керак.
Ушбу жамоаларнинг жавоб учрашуви 8 декабрь куни бўлиб ўтади. Унгача эса португалиялик юлдуз «Кротоне», «Динамо» (Киев) ва «Верона» клубларига қарши бўлиб ўтадиган ўйинларда аниқ майдонга тушмайди.