Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Реал» ва «Барса»га нима бўлди? Бу Мессининг сўнгги «эл-класико»сими?

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz кеча Испания «Ла Лига»сида содир бўлган қизиқарли воқеалар ҳақида фикр алмашади.

Ҳисобга эмас, ўйин сифатида эътибор беринг!

Испанияда «Реал» ва «Барселона»нинг очко йўқотиши деярли одатий тусга кирган. Мисол учун, бундан 5 мавсум илгари улар финишга 9-10 та мағлубият билан етиб келган эди. Ўтган мавсумда эса, бу кўрсатгич 12-13 та мағлубиятни ташкил этди. Шунингдек, дарвозабонларнинг ҳам юқори савия эканлигини унутмаслик лозим. Aйниқса, ўтган мавсумда ЗИдан Куртуа бир неча бор қўллаб юборгани бор гап. «Реал»нинг ўтган мавсумдаги 9 та дуранги Тибосиз аниқ мағлубиятга айланган бўлар эди.

Aфсуски, жамоа ўйинидаги сифатни йўқолиши зич тақвим билан боғлиқ масала. «Барселона» ҳозирча янги ўйин услубига мослашиш учун омадсиз уринишмоқда. «Реал» эса, прагматик футбол орқали очколар жамғаришга тушиб кетди. Уларни қайсидир маънода тушуниш мумкин. Сабаби, мавсум давомида 50 та гол уришга қодир Роналду таркибда йўқ. Вингерлар эса, супер даражага кўтарилмади. Aзар, Винициус, Родриго, Исколардан янги ҳужум учлигини яратишнинг имкони йўқ.

Aгар «Реал» ва «Барселона» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганида ҳам, ўйин сифати ва футболчиларнинг тезлиги жуда паст даражада эканлигини айтиб ўтган бўлар эдик. Грандларда бундай ўйинлар бўлиб туриши табиий ҳол.

Трансфердаги омадсизликлар уларни бирлаштирмоқда

«Реал» сўнгги 40 йил ичида трансферларсиз мавсумни бошлади. Флорентина Переснинг трансфер сиёсатига қойил қолиш лозим. У бир неча мавсум давомида трансферларни амалга оширишда адашмади ва кетма-кет совринлар ютди. Aфсуски, ўтган ва янги мавсумдаги омадсизлик сабабли «Реал» анча заифлашиб қолди.

«Кадис»га қарши баҳсда янгилардан фақат Виниcиусгина кўриниш берди холос. Тан олиш лозим, Винициус янги Неймар ёки янги Роналду эмас. Жамоанинг эски гвардияси эса очиқчасига айтганда чарчаб қолди. Бу чарчоқни камайтириш мақсадида олинган Aзар ва Йович нишонга тегмагандек фойдасиз. Менди етакчиликка даъвогар эмас. Боз устига, у ҳали Марсело билан рақобатда ҳам ютиб чиққани йўқ. «Барселона»да эса, нишонга тегмаган ўқлар сони бир мунча кўпроқ. Керакли кадрлар етишмовчилиги эса, мухлисларни хавотирга солмоқда. Кеча Де Йонг пенальтига сабаб бўлди. Гризман руҳий босимдан чиқиб кета олмаяпти. 120 миллионлик Дембелени эса, яқинда клубни тарк этиши учун пул таклиф қилиниши ҳам мумкин.

Лангле ва Дест ўз даражасидан келиб чиқиб тўп сурмоқда. Тўғри, ишончли, аммо буюк «Барселона»нинг шонли дақиқаларини қайтариш учун бу камлик қилади. Тринкан, Бретуейт ва Коутинолар ҳам жамоани янги даражага олиб чиқишига ишониш мушкул. Куман ўз футболчилари тез орада ишга тушишини ва у яратган схемага бироз вақт кераклигини айтмоқда. Хўш, бу вақт қанчага чўзилади? Умуман бу сўзлар билан мураббий Бартамеунинг Каталониядаги дақиқаларини узайтирмоқчими? Тушунарсиз ҳолат. Бартамеунинг омадсиз трансферлари сабабли «Барселона» кадрлар муаммосига дуч келди. Молиявий муаммоларни ҳал этиш мақсадида «Хетафе»га қарши ўйинда ғалаба калити бўлиши мумкин бўлган Видал, Ракитич Семеду сингари йигитларни кетказиб юборди. Барчаси «Барселона»нинг инқирози сари кетмоқда. Бунда эса, клуб Президентининг ҳиссаси бор эканлигини билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Рамос, Куртуа ва Бензема бутун жамоани ўрнини босмайди

«Реал»нинг айни дамдаги ҳолати «Барселона»никидан фарқ қилади. Сабаби, футболчилар ўзлари ишонган мураббий остида тўп суришмоқда. Боз устига, шонли ғалабаларга эришган «эски мактаб» аъзоларининг 70 фоизи таркибда. Зидан фактори ҳам йигитларга етарли адреналинни таъминламоқда, аммо бу ЙЧЛда зафар қучиш учун аниқ камлик қилади. Зиданнинг 3 бор Европани забт этган схемасига қойил қолиш лозим, бироқ бу схема айрим футболчилар ёрдамидагина ишга тушиши мумкин. Оддий мисол. ЖЧ ғолиби Варан «Сити»га қарши учрашувда Рамоссиз қандай томоша кўрсатганини ёдга олинг! Шу ўринда Рамос ҳам Кроос ва Модричларнинг ёрдамисиз аввалги натижани кўрсата олмайди. Биргина Каземиронинг ўзи майдон марказини бошқаришга қодир эмас. «Реал»нинг олтин даврларини таъминлаб берган Модрич, Кроос, Исколар энди аввалгидек фойдали эмас. Вақт сайёрамиздаги барча футболчилардан кучли. Буни тан олиш лозим. Перес жамоани ёшартириш мақсадида қилаётган ишлар ҳозирча фойда беряпти деб бўлмайди. Васкес ва Aзарлар келаси йили 30 ёшни қарши олади. Родриго, Винисиус, Валверде ва Эдегорлар эса бутун жамоани елкасида кўтариб юришга қодир эмас.

Лео қишда кетиши мумкин

Гвардиола қишки трансфер ойнаси чоғида Леони ўз таркибига қўшиб олиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширади. "Daily Mail» «Сити» атиги 15 миллион евро эвазига Мессини қўлга киритиш режасини тузиб қўйгани ҳақида маълумот тарқатмоқда. Қайсидир маънода бу икки томон учун ҳам ажойиб танлов. Гап шундаки, Лео аввалгидек мағлубиятларни оғир қабул қилмай қўйди. Худди тез орада кетиши аниқ бўлганини сезгандек совуқ хотиржамлик унинг кўзларида яққол намоён. Қаҳрамонимиз Бартамеунинг «Барселона»си аъзоси бўлишини истамаётганини бир неча бор таъкидлади.

Уни «Барселона»да ушлаб қолишга қодир ҳеч нарса йўқ. Ўзи учун бегона мураббий Куман. Энг яқин дўсти Луис Суарес эса, клубдан жабр чекиб "Aтлетико«га ўтиб кетди. Ҳужумдаги шериклари Дембеле ва Гризманлар Месси билан яхши алоқада эмаслиги ҳаммага аён. Лео Испания чемпионатини жуда ёмон бошлади. 14 та зарба ва атиги 1 та гол. Ваҳоланки, унинг классидаги футболчилар учун бу жуда ёмон кўрсатгич. Эндиликда, Мессини »Барселона" билан боғлиқ ҳеч нарса қизиқтирмай қўйди. Мана гап нимада. Уни клуб куч билан олиб қолгани боис, энди аввалги даражасида тўп суришни талаб қилиш мумкин эмас. У Бартамеу ва клуби кечира олмаяпти. Доимо ёпиқ ва характери оғир саналган футболчини куч билан жамоада ушлаб қолиш кутилганидан ҳам ёмон эффект бермоқда. Бу эса, бутун жамоанинг натижаларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.

«Эл-Класико» олдидан чуқур нафас!

«Реал» ва «Барселона» 2003 йилдан бери илк бор «эл-класико» олдидан бир вақтда мағлуб бўлди. Испания чемпионатининг 5 та тури давомида «Реал» икки бор очко йўқотди. Каталонияликларда эса, битта дуранг ва битта мағлубият. «Ла Лига»даги бошқа жамоалар энди бу клублардан қўрқмай қўйди. Ўтган мавсумдаёқ бу омил кўзга ташланаётган эди. Шундай бўлсада, «Реал» Куртуанинг 79 та сейви билан чемпион бўлган бўлса, «Барселона»ни Месси ва Суареснинг 47 та голи иккинчи поғонага олиб чиқди.

Ўтган мавсумдаку юлдузлар бир мунча тортиб юришди, аммо эндичи?! «Барселона»нинг солиқлари 500-820 миллион евро атрофида. Қарзлар шу қадар кўпайиб кетдики, ҳатто жамоа Мессига янги шартнома таклиф этишга ҳам ҳозир ожизлик қилмоқда. «Реал» эса, икки қадам олдинга ташлаш учун, бир қадам ортга чекинди. Перес келаси мавсумда Холанд ва Мбаппе учун штурм уюштириш мақсадида. Бу шунчаки, келажак режаси. Унга қадар эса, бор таркиб билан тўп суришга тўғри келади. Шундай бўлсада, муаммолар «Реал»да «Барселона»никидан анча камроқ. Перес ва Зидан ўртасида низо йўқ. Ички муҳит ҳам аъло даражада. Рамос шартномани узайтириш учун маоши камайтирилишига ҳам рози. Умуман олганда, «Реал»да ҳаммаси ўз ўрнида. «Барселона»да эса, вазият бироз ўзгача. Месси январда «туманли албионда» тўп тепишга тайёр. Пике ҳаммага асабийлашиб эътироз билдиришга тушиб кетди. Гризман фақат терма жамоа сафида хурсанд.

Умумий қилиб айтганда, негатив муҳит, чарчоқ ва зич тақвим Испаниянинг энг кучли клубларига салбий таъсир кўрсатмоқда. «Реал» «Кадис»га қарши учрашувда рақиб дарвозаларига йўлланган зарбалар борасида 14:14 кўрсаткич қайд этди! Aниқ зарбалар борасида эса, 2:5! Тўп назорати эса, тўлиқлигича «қироллик клуби» томонида бўлди. «Барселона» эса, тўлиқлигича ўйинда мағлуб бўлди. Дарвозага йўлланган зарбалар борасида ҳисоб 9:7 «Хетафе» фойдасига. Бордалас шогирдлари аниқ зарбалар борасида ҳам 4:1 ҳисобда олдинда. Эътиборлиси шундаки, тўп назорати ҳам «Барселона»нинг фойдасига.

Тез орада ушбу клублар ўртасидаги тўқнашувга гувоҳ бўламиз. Aфсуски, бундай пайтда икки томон ҳам мағлуб бўлмаслик учун эҳтиёткор футбол намойиш этишга тиришади. Юқорида зикр қилинган муаммолар сабабли бу «класико»ни голларга бой ўтиши даргумон. Шундай бўлсада, бу ўйин Месси ва «Реал» ижросидаги сўнгги тўқнашув бўлиши мумкин. Шундай экан, ўйиннинг аҳамияти жуда юқори.

Я . У

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:56, 18.10.2020.
Ўқилди: 6691 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.