Қатарнинг 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун тайёргарлиги 90 фоизга баҳоланди. Бу ҳақда ташкилий қўмита эълон қилган пресс-релизда маълум қилди.
Мундиал учун мўлжалланган 3та стадион аллақачон ишга тушириб юборилган. Булар —«Халифа», «Ал-Жануб» ва «Эдьюкейшн Сити». Мазкур учта стадионда 2020 йил давомида юздан ортиқ ўйинлар ўтказилди.
«Ат-Тумама», «Ал-Байт» ва «Ар-Райян» ўйингоҳларининг қурилиши тугалланиш арафасида. 2021 йилда эса «Рас Абу Абуд» ва «Лусаил» стадионларида аксарият ишлар якунланади.
Бундан ташқари, Қатарда янги йўллар қурилди, Ҳамад халқаро аэропортини кенгайтириш бўйича ишлар олиб бориляпти. 2022 йилга келиб ушбу аэропорт бир йилда 50 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади.
«Сўнгги 10 йилда амалга оширган ишларимиз билан фахрланамиз. Мусобақа инфратузилмаси ва бутун мамлакат бўйлаб иншоотлар қурилиши жадаллик билан кетмоқда. Мусобақа бошланишига яқин барча ишлар режадагидек якунланади. Бизнинг лойиҳалар инсонлар ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади».
Бу Қатар учун, минтақа учун ва бутун жаҳон учун ақлбовар қилмас даражада муҳим чемпионат. Турнир жаҳон бўйлаб миллиардлаб инсонларга Яқин Шарқ ва Араб ўлкаси билан яқиндан танишиш учун имкон беради. 2022 йилда бутун дунёни кутиб олишдан мамнун бўламиз», — дейилади ташкилий қўмита бош котиби Ҳасан Ат-Тавадий тарқатган баёнотда.
Маълумот ўрнида. ЖЧнинг очилиш ўйини 2022 йилнинг 21 ноябрь куни 60000 минг томошабин сиғадиган «Ал-Байт» стадионида, финал баҳси эса 18 декабрь куни 80 минг мухлисни ўз бағрига оладиган «Лусайл» ўйингоҳида ўтказилади.