Барча соғинган Жаҳон чемпионати мусобақаси бошланишига ҳам оз фурсатлар қолмоқда. Унинг учун бўладиган саралаш босқичининг кўҳна қитъа доирасидаги мусобақалари келаси йилнинг март ойидан бошлаб старт олиши режалаштирилган. Биз эса нуфузли турнир олдидан ушбу мавзуга алоқадор энг қизиқ ва эътиборга молик факт ва рақамларга диққатингизни қаратамиз. Зеро, бу ерда сиз билмаган маълумотлар ҳам учраб қолиши мумкин.
Юқори сермаҳсуллик
Йилдан йилга барча клуб ва терма жамоаларнинг савияси ва кўрсатаётган ўйинида етарлича ўсиш кузатилмоқда. Жамоалар ўртасидаги тафовутлар борган сари бир-бирига яқинлашиб бораётгани сабабли муросасиз баҳслар сони ҳам шунга яраша тобора ошиб бораверади. Эътиборли жиҳати, ҳар бир саралаш босқичида бир бирини такрорламайдиган натижалар қайд этиб келинмоқда. Россия-2018 мундиалига саралаш роундларининг қитъа миқёсида жами 278 учрашув ўтказилган бўлиб, уларда умумий 807 та гол киритилган. Бу эса ҳар бир ўйинга ўртача 2.9 гол нисбатига тўғри келади. Ушбу кўрсаткич ўз навбатида энг юқори деб ҳисобланган Бразилия мундиали саралашидан (2.7) ҳам баландроқ ҳисобланади. Шунингдек, келаси ЖЧ учун Европага яна битта йўлланма ажратилганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Энди кучли 13 ликка қўшилиш учун 54 та эмас, 55 та жамоа кураш олиб боради.
Энг семаҳсул терма жамоа
Ушбу турнирнинг ҳар томонлама энг сермаҳсул терма жамоаси Нидерландия ҳисобланади. «Учар голландлар» мусобақа давомида жами 296 бор рақибларини дарвозасини ишғол этганлар. Шунингдек, ушбу юрт вакиллари саралаш роундлари давомида энг кўп ғалабани қўлга киритганликлари билан ҳам эсланади - 125 баҳсда 82 ғалаба. Ушбу сермаҳсул натижалар билан Нидерландияга ҳар томонлама ҳавас қилса арзийди. Лекин жамоанинг ундан кейинги ҳал қилувчи мундиал баҳсларида негадир омади юришмаган.
Уй баҳслари қироли
Италия терма жамоаси ушбу мусобақа доирасида ўзининг уй ўйнларида мутлақ доминатор ҳисобланади. «Скуадра адзурра» вакиллари Аппенин оролида бўлиб ўтган жами 55 та ўйинда 46 та ғалаба, 9 та дурангга имзо чекишган. Ўзи умуман «мовий гвардия» турнирнинг барча 109 учрашувидан атиги 9 тасини бой беришган холос. 4 карра Жаҳон чемпионлари Қатарда ҳам ўз сўзларини айтишлари учун уларда оптимал таркиб мавжуд.
Мусобақа голеадори
Ушбу саралаш баҳсларидаги энг сермаҳсул футболчи - бу шубҳасиз, Криштиану Роналду. Португалиялик мегаюлдуз ўзи ўйнаган 28 та учрашувда рақиблари дарвозасини нақ 30 марта аниқ нишонга олган. Бу борада унинг энг яқин таъқибчиси Андрей Шевченко ҳисобланади - 24 гол. Шунингдек Роналду Россия мундиали учун саралашда 15 та гол уришга эришган. Бу борадаги мутлақ тўпурар эса 16 аниқ зарба билан Роберт Левандовски бўлган. Маълумот учун, ўша мусобақадаги энг сермаҳсул терма жамоа Гермнаия ва Бельгия ҳисобланган (10 учрашув, 43 гол).
Мунтазам иштирокчилар
Ушбу мусобақадаги энг кўп иштирок этган терма жамоалар рўйхатида Люксембург, Португалия ва Исландия юқори ўринлардан жой олишган. Қатар йўлидаги беллашувлар ҳар уччала жамао учун ҳам умумий ҳисобдаги 21-си ҳисобланади. Бу ҳолатни албатта, бошқа гранд жамоаларнинг баъзи бир учралган дисквалификацияси билан баҳолаш ҳам мумкин. Буларнинг ичидан фақатгина Португалия ҳал қилувчи роундларда нисбатан қониқарлироқ натижаларга эришган бўлса, қолган икки жамоанинг кейинги иштирокларига ҳавас қилиб бўлмайди: деярли гуруҳда қолиб кетишади.
Енгилмас «армада»
Ушбу таъриф 15 асрларда Испаниянинг кучли денгиз флотига нисбатан ишлатилган. Ҳозирга келиб эса бу таърифни бемалол мамлакатнинг бугунги кундаги футбол терма жамоаси олдидан ҳам қўлласак бўлаверади. Дарҳақиқат. «қизил фурия» сўнгги декада давомида фантастик ўйин намойиш этмоқда. Битта Жаҳон ва иккита Европа чемпионлиги алоҳида таҳлилталаб мавзу. Испания катта мундиаллар саралашидан бошлаб қониқарли натижалар қайд этиб келадики, уларнинг келгуси юришлари ҳам кейинчалик ўз-ўзидан бир маромда давом этавеарди. Зеро, саралаш роундларини тўлақонли ушбу жамоага бағишланган десак ҳам бўлаверади. Испания сўнгги 6 турнирдан буён умуман мағлубият нималигини билмай келади. бу эса умумий 63 та ишончли баҳс дегани. Супер! Улар охирги марта 1993 йили Данияга мағлуб бўлишган. Шунингдек, жамоа Россия мундиали учун саралаш баҳсларининг 10 та ўйинида ўз дарвозасидан атиги 3 та тўп олиб чиққан холос. Бу ҳам қайсидир маънода турнир рекорди ҳисобланади.
Шунингдек, турнирга оид баъзи блиц маълумотлар
- Халқаро футбол ассосиацияси ФИФАга асос солингач, унга ўша йилнинг ўзидаёқ 7 та мамлакат аъзо бўган. Бельгия, Дания, Германия, Нидерландия, Испания, Швеция ҳамда Швецария давлатларидан сўнг Италия ва Англия бир йил ўтиб, ушбу рўйхатга қабул қилинишган. Амалдаги Жаҳон чемпиони Франция эса 4 йил ўтиб, 1908 йилда ФИФА томонидан азолик хатига эга бўлган.
- УЕФАнинг турли хил 55 жамоаси ҳали бирор марта финал роундларигача етиб бора олмаган.
- Гибралтар ҳамда Косово жамоалари ўтган йилги мундиал саралашининг дебютантлари ҳисобланишган. Буни қарангки, бу сафарги роундларда бирорта дебютант жамоа қатнашмаяпти.
- Саралашнинг барча учрашувларида ғалаба қозониш шу пайтгача фақат Германияга насиб этган - 10 ўйин, 10 ғалаба. Немислар ушбу натижани бундан бир босқич аввал қайд этишган.
- Мусобақадаги энг йирик ҳисоб Венгрия томонидан қайд этилган. Венгерлар 1938 йил Грецияни 11:1 ҳисобида тор-мор келтиришган.
- Монтенегро турнирдаги ўз иштироки давомидаги ўзига хос чиройли рақамларни вужудга келтиришди. Улар жами 30 та ўйиннинг 10 тасида ғалаба қозонишган бўлса, 10 тасида мағлубият аламини татиб кўришган. Яна шунча баҳс эса дуранг билан якун топган.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади