Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 6-туридан ўрин олган «ПСЖ» ва «Истанбул Башакшеҳир» жамоалари ўртасидаги баҳс кеча захира ҳаками томонидан ирқчиликка йўл қўйилгани учун охирига етмай қолган эди.
Баҳснинг 14-дақиқасида тўртинчи ҳакам Себастьяну Колцеску истанбулликликлар ёрдамчи мураббийи Пьера Вебони румин тилида "negru" деб ҳақорат қилди. Мутахассис ҳакамга эътироз билдиргани учун бош ҳакам Овидиу Хацеган "Истанбул" мураббийига қизил карточка кўрсатди.
Шундан сўнг муҳокамаю мунозаралар 9-10 дақиқа давом этди. Шундан сўнг учрашувнинг 23-дақиқасида аввал "Истанбул", сўнгра "ПСЖ" футболчилари майдонни тарк этишди.
Ўйин бугун давом эттирилади. Учрашувни эса бошқа ҳакамлар бошқариб боришади. Нидерландиялик Данни Маккелига қанотларда ватандоши Марио Дикс ва польшалик Марцин Бонек ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам — Бартош Франковски (Польша).
VAR тизимида италиялик Марко Ди Белло ишлайди. Унга Маурицио Мариани ассистентлик қилади.
Учрашув Тошкент вақти билан 22:55да бошланади.