УЕФА 2024 йилдан бошлаб Чемпионлар лигаси форматига ўзгартириш киритмоқчи. Режага кўра, мусобақанинг гуруҳ босқичидаги иштирокчилар сони 36та жамоага етказилади.
УЕФА янги форматни Европа клублар ассоциацияси билан биргаликда ишлаб чиқмоқда. Бунда биринчи навбатда Европанинг топ-клублари манфаатлари инобатга олинмоқда. Бу орқали ташкилот юзага келиши мумкин бўлган Европа суперлигаси мусобақасининг олдини олмоқчи.
"The Sun" тарқатган хабарга кўра, Англия, Германия, Испания ва Италиянинг 4тадан клублари тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида иштирок этади. Рейтингда қуйи ўринларни эгаллаган мамлакатларга эса 2-3тадан ўрин ажратилади. Шунингдек, саралаш босқичи орқали гуруҳ босқичи учун йўлланмалар ўйналади.
Шунингдек, гуруҳ босқичи учун 2та «wild card» йўлланмаси ажратилади. Ушбу йўлланма ўз миллий чемпионати орқали ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлмаган, аммо УЕФА рейтингида юқори поғоналарни эгаллаб турган топ-клубларга берилади.
Манбага кўра, ушбу янги қоида Англия клубларининг ЕЧЛдаги иштирокчилари сонини 6тагача оширишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, жорий мавсумда ушбу 2та ўринга "Арсенал" ва "Рома" эга чиққан бўларди.